NYT: генерал Суровикин Пригожиннинг режасидан бохабар бўлган
Пригожин бошқа юқори мартабали ҳарбийлар уни қўллашига ишонган ҳолда исён бошлаган бўлиши мумкин.
Америка махсус хизматларининг ҳисоблашича, генерал Сергей Суровикин «Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожин исёнга тайёрланаётгани тўғрисида олдиндан билган. Бу ҳақда The New York Times нашри разведка маълумотлари билан таниш бўлган бир неча манбаларига таянган ҳолда хабар берди.
Эндиликда, NYT манбаси сўзларига кўра, АҚШ расмийлари Суровикин бу режани ишлаб чиқишда иштирок этган ёки йўқлигини аниқлашга уринмоқда.
Нашр суҳбатдошларига кўра, Пригожин томонидан амалга оширилган РФ мудофаа вазирлиги раҳбариятини куч билан ўзгартиришга қаратилган уринишни бошқа генераллар ҳам қўллаб-қувватлаган бўлиши мумкин. Нашр манбалари фикрича, агар юқори мартабали мулозимлар орасида тарафдорлари борлигига амин бўлмаганида, Пригожин исён кўтармаган бўларди.
Юқори мартабали америкалик мулозимларнинг фикрича, генерал Суровикин ва Пригожин ўртасидаги иттифоқ «Вагнер» ХҲК асосчиси Россиянинг йирик ҳарбий марказини куч билан эгаллаб, Москва томон қуролли юришга буйруқ берганига қарамай нега ҳамон тирик қолаётганини изоҳлаши мумкин.
NYT суҳбатдошлари фикрича, энди РФ президенти Владимир Путин Суровикин Пригожинни қўллаганига ишонадими ва бунга қандай муносабатда бўлиши кераклигини ҳал қилиши керак.
Нашр манбалари Путин бўлган ишлар учун барча айбни Пригожиннинг зиммасига юклашга қарор қилиши мумкинлигини истисно этишмайди. Аммо, агар Суровикиннинг бу исёнга жалб этилганига оид аниқ далиллар келтирилса, Путинда ушбу генерални қўмондонликдан четлаштиришдан ўзга чора қолмайди, деб ҳисобламоқда улар.
Ғарбда Россия қўмондонлигининг бошқа вакилларидан кўра кўпроқ лаёқатли ва бешафқат ҳарбий бошлиқ сифатида баҳоланадиган Суровикиннинг четлатилиши, шубҳасиз, қарши ҳужумга ўтган Украинанинг фойдасига хизмат қилади.
NYT суҳбатдошлари қайд этишича, АҚШ ва унинг иттифоқчилари ҳозирча рўй берган ҳодиса ҳақида фақат дастлабки маълумотларга эгалигини таъкидламоқда, расмийлар Россия пропагандаси исённи Ғарб уюштиргани ҳақида жар солишга ортиқча асослар қолдирмаслик учун бу мавзу бўйича баёнотлар беришдан тийилмоқда.
- Евгений Пригожин бир неча бор Сергей Суровикинни очиқчасига мақтаганди. Пригожин исён бошлангани ҳақида эълон қилганидан кўп вақт ўтмай Сергей Суровикиннинг мурожаати тарқалди, унда генерал «Вагнер» ХҲКни «тўхташ»га ва «барча масалани тинч йўл билан ҳал этиш»га чақиради. Шунингдек, «Вагнер» жангчиларига Россия бош штаби бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, генерал-лейтенант Владимир Алексеев ҳам мурожаат йўллаган. Икки видео ҳам битта хонада ёзиб олинган.
Мавзуга оид
23:44 / 22.11.2024
Путин «Орешник» ракеталари қуролланишга қабул қилиниши ва серияли ишлаб чиқарилишини эълон қилди
21:54 / 22.11.2024
«Крепкий орешник»: Путин тутиб қолиш имконсиз эканини айтган янги ракета ҳақида нималар маълум?
23:01 / 21.11.2024
Путин Днепрга «Орешник» номли ўрта масофага учувчи баллистик ракета билан зарба берилганини маълум қилди
20:56 / 21.11.2024