Украинадаги урушнинг 496-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • Украина президенти Володимир Зеленский  Запорижжя АЭС энергоблокларида «портловчи қурилмага ўхшаш предметлар» пайдо бўлганини айтди.
  • ЕХҲТ парламент ассамблеяси «Вагнер» ХҲКни моҳиятан террорчилик ташкилоти деб тан олди.
  • Макийивкада кучли портлаш рўй берди. Украина қуролли кучлари россияликларнинг қурол-яроғ омборига зарба берилганини маълум қилди. Сўнгги маълумотларга кўра, Макийивкага зарба оқибатида 41 киши жабрланган, бир киши ҳалок бўлган. Аннексия қилинган «ДХР» расмийлари украин ҳарбийлари турар жойлар ва тиббиёт муассасаларига зарба берганини айтмоқда, лекин ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда ўқ-дори омборида портлаш рўй бергани акс этган.
  • Белгород области губернатори Шебекино шаҳри ўққа тутилишидан етказилган зарар миқдорини 20 миллиард рублга баҳолади.
  • Россия қўшини Харкив областидаги Первомайский шаҳрини ўққа тутди, натижада 43 киши жабрланган, ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот йўқ.
  • Москва биржасида доллар курси охирги бир йилдан ортиқ вақт ичида илк бор 90 рублдан ошди.

Украинларнинг Бахмут атрофидаги юриши: эгалланган позициялар россияликларнинг жасадлари билан тўлган

Бахмут атрофида Украина қуролли кучларининг қарши ҳужуми давом этмоқда. Украин бўлинмалари Бахмутдан жанубдаги Клешчиевка қишлоғи чеккаларига кирган. Россиядаги манбалар «ДХР» бўлинмалари бу қишлоқни ташлаб чиққанини айтмоқда. Бундан ташқари, Украина қуролли кучлари шаҳарни шимолдан айланиб ўтишга қаратилган ҳаракатларини давом эттирмоқда.

Украиналик фотографлар Константин ва Влада Либеровилар Бахмут яқинидаги фронт чизиғида бўлишди. Ўз инстаграмида улар бу жойда кўрганларини «биз мактабда ўқиган уруш ҳақидаги китоблар учун иллюстрациялар» деб таърифлашди. Либеровилар украин жангчилари яқинда эгаллаган позицияларда россиялик ҳарбийларнинг жасадлари қолганини айтиб беришган:

«Йигитлар уларни олиб чиқа олмайди, жасадлар миналанган. Позицияни қолдириб бўлмайди, россияликлар шу атрофда ва дарҳол ортга қайтишади. Бу блиндаж — бир неча юз метрлик ҳудуддаги ягона бошпана. Шунинг учун улар бу жасадлар устида ўтиришади ва ухлашади.

Иссиқ 35 даража. Нафас олиш қийин. Аммуниция эзади. Улар [жасадлар] қўрқинчли даражада. Фақат бу блиндаждагина эмас. Ҳужумга учраган бутун посадка [майдон] парчаланган жасадлар ва инсон танаси қисмлари билан тўла. Ҳаммаёқда — чивинлар. Жуда кўп чивин».