Ўзбекистон | 20:33 / 09.07.2023
31422
17 дақиқада ўқилади

Диққат марказидаги миллиардерлар, рад этилган Лепс ва қабулдаги ўзгаришлар — ҳафта дайжести

334 млн евролик хаос: офшордаги компаниялар салкам триллион сўм зарар тўплаган ТМЗни тарк этди, завод миллионлаб евролик қарзлари билан давлатнинг қўлида қолди. Урушни қўллаётган Григорий Лепс: Марказий Осиё унга йўқ деди. Қўшиб ёзаётган ҳокимлар: Ғаниев уларни инсофга чақириб, яна сўз бойлигини намойиш қилди. Ортда қолаётган ҳафта мавзулари – Kun.uz дайжестида.

МХХнинг тарихий қароргоҳи бузиб ташланмоқда

Тошкент шаҳри ва умуман бутун Ўзбекистон учун катта рамзий аҳамиятга эга объектлардан бири – собиқ Миллий хавфсизлик хизматининг қароргоҳи бузиляпти. 1950 йилларда қурилиб, ўнлаб йиллар давомида Ўзбекистон ССР Давлат хавфсизлик қўмитаси, кейин Миллий хавфсизлик хизматининг марказий аппарати жойлашган, катта қудрат ва қўрқувни ифодалаган генераллар макони яқин кунлар ичида тарих қаърига сингиб кетади.

2018 йилда Миллий хавфсизлик хизмати Давлат хавфсизлик хизматига айлантирилгач, бошқа жойга кўчирилган эди. 2021 йил апрелида бино хусусийлаштириш учун сотувга қўйилди, икки ой ўтиб сотилгани эълон қилинди. Тошкентнинг қоқ марказидаги 2,2 гектар майдонда жойлашган объект учун 210 млрд сўм таклиф қилган Metropol Group тендер ғолиби деб топилди. Бу компаниянинг ягона эгаси – ўша пайтда ҳам, ҳозир ҳам собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли Дониёр Комилов ҳисобланади.

Эътиборлиси, бино сотилгани ҳақида 2021 йил 17 июнда эълон қилинган бўлса, худди шу кундан эътиборан бино ҳукумат қарори билан маданий мерос объектлари рўйхатидан ўчирилган. Эндиликда бу ерда 22 қаватли меҳмонхона қурилади. Бу борада Metropol Group ва Radisson меҳмонхоналар тармоғи ўртасида келишув имзоланган. Ҳашаматли отел 2026 йилда фойдаланишга топширилиши маълум қилинган.

Собиқ МХХ биносининг бузилиши сабаб Дониёр Комиловнинг исми ОАВда яна бир марта кўзга ташланган ҳафтада, у ҳақда айрим янги маълумотлар ҳам пайдо бўлди. Forbes нашрининг ёзишича, 51 ёшли миллионер Россиядаги энг йирик саноат корхоналаридан бири бўлмиш Урал кон-металлургия компаниясининг ҳам эгасига айланган. Компания 2022 йил бўйича эълон қилган ҳисоботида уни бенефициар мулкдор сифатида кўрсатган. Бунгача Дониёр Комиловнинг Москвада қимматли қоғозлар, молиявий хизматлар, кўчмас мулк ва ускуналар савдоси билан шуғулланувчи бир нечта компаниялари борлиги маълум эди. Шунингдек, унинг Ўзбекистонда очган компанияларидан бири шу йил бошида Қўқон биокимё заводини 277 млрд сўмга сотиб олганди.

Банкротлик хавфи билан юзлашган Тошкент металлургия заводи

Ҳафта давомида Россиядаги асли ўзбекистонлик яна бир миллионер Алишер Усмонов ҳам жамоатчилик диққат марказига тушди. Маълум бўлишича, Тошкент металлургия заводи катта зарарга кириб кетиши ортидан Усмоновга алоқадор компаниялар лойиҳадан чиқиб кетган, молиявий танг аҳволдаги завод миллионлаб евролик қарзлари билан давлатнинг ихтиёрида қолган.

Тошкент металлургия заводи 2020 йилда ишга тушган эди. Лойиҳанинг умумий қиймати аввалига 278 млн еврога баҳоланиб, кейин 334 млн еврогача оширилган. Бу маблағнинг ярмини Ўзбекистон томони киритган бўлса, қолган ярмини қоплаш учун Россия банкидан кредит олинган. 2022 йил ҳолатига, Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг улуши 49,9 фоиз, Алишер Усмоновга тааллуқли офшордаги иккита компаниянинг улуши эса 50,1 фоиз бўлган.

Ўзбекистон Олий судининг Lex.uz сайтида эълон қилинган қароридан маълум бўлишича, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси заводнинг қолган иккита таъсисчисини компаниядан четлаштиришни сўраб мурожаат қилган. Даъвога кўра, Тошкент металлургия заводи охирги йилларда жами (!) 917 млрд сўмга яқин зарар кўрган. Жамғарма аҳволни ўнглаш учун муддати ўтиб кетган кредитларни қайтариш муддатларини узайтириш, Россиядан яна салкам 17 млн доллар янги кредит олиш ва бошқа чораларни амалга оширмоқчи бўлган, лекин бу пайтда компаниянинг қолган иккита таъсисчиси лойиҳада шунчаки иштирок этмай қўйган. Натижада, муҳим қарорларни қабул қилиш учун таъсисчилар кворумига эга бўлмаган компания банкротлик хавфи остида қолган. Суд жамғарманинг даъвосини қаноатлантириб, Кипрда рўйхатдан ўтган иккита фирмани МЧЖ иштирокчилари таркибидан чиқарган.

Давлатнинг миллиардлаб сўм маблағи йўналтирилган бундай йирик лойиҳада бунақанги даражадаги корпоратив хаос юзага келганига ақл бовар қилмайди. Чунки гап қандайдир кичик цех ҳақида эмас, 334 миллион евролик мега-лойиҳа ҳақида кетяпти. Шу ўринда эслатиб ўтамиз, лойиҳани амалга оширишда нафақат Алишер Усмоновга бориб тақаладиган компаниялар, балки миллионер Қобил Шодиевга тегишли экани айтиладиган SFI гуруҳи ҳам иштирок этган. Бу гуруҳ завод қурилишининг барча босқичларини назорат қилган, маълум муддат таъсисчилар қаторида ҳам бўлган.

Тошкент металлургия заводи ҳолат юзасидан берган баёнотида заводнинг қарзлари юридик жиҳатдан давлатнинг зиммасида эмаслигига урғу берди. Баёнотда айтилишича, компания 2026 йилдан даромадга киришни режалаштирмоқда. 900 млрд сўмлик зарар қаердан келганига эса аниқлик киритилмади.

Давлат иштирокидаги корхоналар мавзусини Жиззах аккумулятор заводи билан боғлиқ нохуш хабар билан якунлаймиз. Завод ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни Россияга “KUCH” бренди остида экспорт қилгани жуда қимматга тушмоқда. Россияда бу савдо белгисини Артем Палийчук исмли қримлик тадбиркор рўйхатдан ўтказган. У Жиззах аккумулятор заводини ўзига тегишли бренддан ноқонуний фойдаланишда айблаб судга берган ва биринчи инстанция судида ютиб чиққан эди. Маълум бўлишича, апелляция суди биринчи суд қарорини ўзгаришсиз қолдирган.

Қарорга кўра, Ўзбекистон компанияси россиялик тадбиркор фойдасига 257,3 млн рубл тўлаши керак. Бу тақрибан 2,8 млн долларга тенг. Таққослаш учун, Жиззах аккумулятор заводининг 2022 йилдаги соф фойдаси 8 млрд сўм бўлган. Бу – Россиядаги суд белгилаган товон пулидан 4 баробарга кам. Бошқача айтганда, агар суд қарори ўз кучида қолса, завод белгиланган товонни тўлаши учун 4 йиллик соф фойдасидан воз кечиши керак бўлади.

Қўшиб ёзиш: Ғаниев ҳокимларни инсофга чақирди

Интернетда аудиоси тарқалиши билан маълум ва машҳур бўлган Шуҳрат Ғаниевнинг бу сафар видеоси тарқалди. Президент маслаҳатчиси ўринбосари ўзи ўтказган видеоселекторда ҳокимларни буғдойдан бўшаган ерларга такрорий экин экиш бўйича ёлғон ҳисобот берганликда айблайди.

“Катта холангнинг чорвоғими бу, Мухтор? Бу нима қилганинг? 6200 гектар босворибсан. Гапир, Мухтор. Ҳозир бориб ўлчайми?” – дея Қашқадарёнинг Нишон тумани ҳокими Мухтор Ҳайитмуродовга юзланган Шуҳрат Ғаниев.

“Сен жипириқ, рақамларни кўрмайсанми? Демак, такрорий экин бўйича ишламаяпсан экан-да, жипириқ?”, “Виждонсиз… Номард, шунчалик ҳам алдайсанми?”, “Жинни бу. Жинни бўлсанг, сал бир қонунийроқ, фаҳм-фаросати ишлайдиган жинни бўл”, каби сўзлар билан бошқа ҳокимларга дашном берган у.

Шуҳрат Ғаниев фақат ўзи бошқараётган қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳокимлар қўшиб ёзишни ҳаддан ташқари кўпайтириб юборганидан нолияпти, лекин маҳаллий ҳокимликлар фақат экинларнигина қўшиб ёзаётгани йўқ. Советлардан қолган урф-одат бошқа кўп соҳаларда ҳам давом этяпти. Масалан, бу ҳафта дарахт экиш бўйича қўшиб ёзишлар ҳақидаги расмий маълумотлар эълон қилинди.

Экология вазири Азиз Абдуҳакимовнинг парламентдаги чиқишида айтишича, “Яшил макон” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон бўйлаб 2 миллиондан ортиқ кўчат экилди деб ҳисоботга қўшиб ёзилган. 7,3 млн туп кўчат суғориш тизими йўқ жойларга экилган. 1,8 млн туп кўчатни парваришлаш учун ҳеч қанақа масъул белгиланмаган.

Бундан ташқари, дарахт ва буталарни экишда уларнинг тупроқ-иқлим шароитларига мос келиш-келмаслигига эътибор берилмаётгани тан олинди. Вазирнинг сўзларига кўра, жуда кўп ҳолатларда жанубий ҳудудларда ўсувчи буталар шимолий ҳудудларга, шимолий ҳудудларда ўсувчи дарахтлар эса жанубий ҳудудларга экилган. Тегишли талабларни бажармаган 753 нафар ҳуқуқбузарга нисбатан жами 1 миллиард 156 миллион сўм маъмурий жарималар қўлланган.

Азиз Абдуҳакимов тизимни эпақага келтириш учун қилинадиган ишлар ҳақида ҳам гапирди. Унинг айтишича, бундан буён “Яшил макон” лойиҳаси доирасида дарахтларни пудратчи ташкилотлар экадиган бўлади. Дарахт экувчи компаниялар, худди қурилиш компанияларига ўхшаб, конкурс орқали танлаб олинади ва уларга эккан дарахтларини 3 йил давомида парваришлаш мажбурияти юклатилади. Қаерда, қанақа кўчат экишни эса “Яшиллойиҳа” лойиҳалаш институти белгилаб беради.

ОТМга қабулдаги ўзгаришлар

Олийгоҳларга қабул бошланганидан 2 ҳафта ўтиб, контракт асосидаги ва тиллар кесимидаги қабул квоталари ниҳоят тасдиқланди. Унга кўра, бу йил давлат ОТМларининг бакалавриатига жами 190 мингдан ортиқ талаба қабул қилинади. Улардан 20 фоизга яқини давлат гранти асосида ўқийди. Бундан ташқари, қорақалпоғистонлик ёшлар учун грант асосида қўшимча 3 мингта ўрин ажратиляпти.

Ҳафта қабул борасида квоталардан бошқа янгиликларга ҳам бой бўлди. Абитуриентнинг билимига баҳо беришда мактабдаги баҳоларини ҳам инобатга олиш бу йилдан бошланмайдиган бўлди, буни жорий этиш 2 йилга кечиктирилди. Бу йил, шунингдек, лицейларга қабулда ёзма имтиҳон бекор қилинди. Яъни лицейга кирадиганлар 2 йил аввал бўлгани каби фақат тест топширади. Бундан ташқари, педагогик йўналишларнинг айримларида сиртқи таълимга қабул тўхтатилди, айримларида эса 5 йиллик стаж сўраладиган бўлди.

Бундан ҳам жиддийроқ ўзгаришлар эса кейинги йилги қабулда рўй беради. Душанба куни имзоланган президент қарорига асосан, кейинги йилдан бошлаб абитуриентлар аввал тест топшириб, кейин тўплаган баллига қараб йўналиш танлайдиган бўлади. Абитуриентлар ўзлари танлаган 3 та асосий ва 2 та қўшимча фан бўйича тест топширади.

Шавкат Мирзиёев ҳам сайловолди кампаниясининг охирги ҳафтасида қабул бўйича қатор янгиликларни эълон қилди. Унга кўра, келаси йилдан бошлаб педагогика йўналишларига талабалар тўлиқ давлат гранти асосида қабул қилинади. Педагогика йўналишидаги магистратура таълими ҳам тўлиқ давлат грантига ўтказилиб, квоталар 2 баробарга оширилади. Олийгоҳларнинг профессор-ўқитувчилари ўқув юкламаси 25 фоизга қисқартирилади, лекин иш ҳақи камайтирилмайди.

Марказий Осиё Григорий Лепсга йўқ деди

Россиялик хонанда Григорий Лепс Тошкентда концерт беролмайдиган бўлди. Унинг 23 октябр куни “Халқлар дўстлиги” саройида ўтиши белгиланган концерти бекор қилинди. Маданият вазирлиги концерт дастури “айрим техник сабабларга кўра қолдирилгани”ни маълум қилган бўлса ҳам, сабаблар техник эмас, ижтимоий характерга эгалиги шубҳасиз. Концертнинг бекор қилиниши ўзбекистонликлар унга қарши ижтимоий тармоқларда оммавий бойкот акциясини уюштиргани билан боғлиқ.

Григорий Лепс – Россиянинг Украинага қарши урушини энг фаол қўллаб-қувватлаётган Z-артистлардан. У ҳатто Украина танкларини йўқ қилган ҳар бир рус аскарига 1 млн рублдан мукофот ҳам эълон қилган. Душанба куни биринчи мукофот пулини Украинада Leopard танкини йўқ қилган жангчига бергани маълум қилди. Бу дегани, унинг концертига пул тўлаб тушиш билвосита бўлса-да Россиянинг Украинага босқинини молиявий қўллаб-қувватлашни англатади.

Ўзбекистонликларнинг концертга бойкотига энг катта сабаб ҳам шу эди. Лекин маълум бўлишича, ҳукуматдаги, аниқроғи Маданият вазирлигидаги ҳамма мансабдорлар ҳам қонхўрликни тарғиб қилиш билан эзгу санъат этикасини фарқлай олмайди. Вазир ўринбосари Баҳодир Аҳмедов Григорий Лепснинг урушга ҳомийлик қилаётгани фактини инкор қилиб, буни “фисқ-у фасод гап” дейиши билан, ижтимоий тармоқларда танқид ва кулгига қолди.

“Бир нарсани очиқ айтиш керак, бунақа ғийбат, фисқ-у фасод гаплардан йироқ бўлишимиз керак. Биз, Худога шукр, тинч жойда яшаяпмиз. Мана, санъатга бўлган эътибор. Нима кераги бор, концертга тушаркан, уни пулини урушга ишлатаркан, деган гапларнинг? Урушнинг куни шу концертнинг кунига қолибдими? Қўйсин, тинчлик билан қўйсин, тинчлик билан юрсин. Қачонгача ғийбат, фисқ-у фасод гаплар? Ҳа деса, рухсат берадиган бўлса, урушга тақайди. Тақаш керак эмас. Фақат яхши, олий ниятлар билан ҳаракат қилиш керак. Ҳамма нарсани ёмон тарафини ўйлаш керак эмас. Яхши тарафини ўйлаш керак. Шу санъаткор шу ерга ўз санъатини намойиш қилиш учун келибди, деган кўз билан қараш керак”, – деди Баҳодир Аҳмедов Kun.uz мухбири саволига жавобан.

Вазир ўринбосарининг бу гапларига Украинанинг Тошкентдаги элчихонаси ҳам муносабат билдирди. Расмий баёнотда урушни қўллаб-қувватловчи россияликлар санъаткорларнинг Ўзбекистонда чиқишлар қилиши Ўзбекистоннинг халқаро обрўсига путур етказиши, концертлардан тушган пуллар уруш, терроризм ва Украина халқининг геноцидини молиялаштириш учун ишлатилиши мумкинлиги айтилган.

Украин дипломатлари бу масалада Ўзбекистоннинг ваколатли органларига тегишли мурожаат юборилганини таъкидлаб, Z-артистларнинг концертларига қарши чиқаётган ўзбек жамоатчилигига миннатдорчилик билдирди.

Маълумот учун, Григорий Лепснинг июл-август ойларига Қозоғистон ва Қирғизистонда белгиланган концертлари ҳам бизга қўшни халқлар норозилиги сабаб бекор қилинди. Аввалроқ ўзбекистонлик ва қозоғистон фаоллар Z-артистларнинг “Жара” номли фестивали ҳам ўтказилмаслигига эришган эди.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Тошкентда янги хонадон учун тўлов қилган одамлар яна чув тушди. Aziya Invest Favorit номли компания Яшнобод тумани Иззат кўчасида кўп қаватли уйлар қуриш ваъдаси билан мингдан ортиқ одамга жами 300 млрд сўмдан ортиқ зарар етказгани айтиляпти. Жабрланувчилар сони шунчалик кўплигидан, ҳолат юзасидан ҳукумат комиссияси ҳам тузилди. Бунга ўхшаш ҳолатлар кўп учраётгани сабаб, улуш қўшиш асосида қурилаётган уй-жойларда инвесторлар манфаатлари ҳимоясини кучайтириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиладиган бўлди.

UzAuto Motors Асакадаги заводида ишлаб чиқаришни вақтинча тўхтатди. Бу вақтда ўтказиладиган модернизация ишлари Cobalt ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш имконини бериши айтилди. Бу пайтда асосий моделларга шартнома бериш ёпилганининг саккизинчи ойи давом этяпти. Айни пайтда, рус матбуотида пайдо бўлган хабарларга кўра, Россия бозорида 2023 йилда ишлаб чиқарилган Damas автомобиллари пайдо бўлган. Улар санкциялар шароитида Россияга параллел импорт орқали кириб келаётган бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда АҚШ долларининг курси 11 600 сўмлик психологик нуқтадан ўтди. Доллар курси ўтган йили март ойида кузатилган тарихий максимумга яқинлашмоқда. Айни пайтда, миллий валюта барқарорлигини сақлаш воситаларидан бири бўлган олтин-валюта захиралари ҳажми кетма-кет учинчи ой қисқарди. Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг захира активлари қиймати охирги 3 ойда 1,7 млрд долларга камайиб, 33,7 млрд долларни ташкил қилган.

Автомобил ювиш шохобчасида ишловчи ишчилар мижозларнинг машиналарини ҳайдаб, “авария”лар содир қиляпти. Самарқандда автоювиш шохобчаси ишчиси мижознинг Hyundai автомобилини пачақ қилди. Тошкентда эса ҳуқуқбузар ювишга берилган Gentra'ни ҳайдаб, ЙПХ ходимларидан қочди ва бошқа бир Gentra'га бориб урилди. Бу воқеада ходимлар уни тўхтатиш учун қуролдан ўқ узган. Яна бир ҳолат Оҳангаронда рўй берган бўлиб, у ерда “мойка” ишчиси мижознинг Tracker'ини ағдариб юбориб, кейинроқ ўзи қочиб кетган. Ҳуқуқбузар бир ойдан бери топилмаётгани айтилмоқда.

Урганч шаҳрининг собиқ ҳокими 3 йилга қамалди. 2018-2020 йилларда Хоразм вилояти марказини бошқарган Шуҳрат Абдуллаев ер ажратиш тартибини бузиш ва мансаб сохтакорлиги жиноятларида айбдор деб топилди. Бу ҳукм жамоатчилик билан бироз кутилмаган бўлди, чунки собиқ ҳоким ҳибсга олингани ҳақида хабар берилмаганди.

Humo ва Uzcard банкоматлари интеграцияси деярли якунланди. 3 июл ҳолатига Ўзбекистонда мавжуд 12 мингдан ортиқ банкоматдан 92 фоизи ҳам Humo, ҳам Uzcard карталарига хизмат кўрсата бошлаган. Энди йил охиригача тўлов терминалларини интеграция қилиш ишлари тугатилиши керак.

Бугун – Ўзбекистон президентлигига умумхалқ сайлови куни. Парламент сайловлари ва референдумни ҳам қўшганда, охирги 10 йил ичида ўзбекистонликлар 7-марта овоз беришга чиқмоқда. Бирламчи натижалар эртага, 10 июл куни эълон қилинади.

Комрон Чегабоев
Муаллиф Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид