Таҳририятимизга Тошкентнинг Яккасарой тумани Кичик ҳалқа йўли кўчаси 22-автотураргоҳ ўрнида қурилаётган кўп қаватли уйдан квартира олиш учун шартнома қилган бир гуруҳ фуқаролар мурожаат қилишди.

Маълум бўлишича, улар “Avtomotohavaskor Orlanda” МЧЖ билан 2020 йилда шартнома қилишган. Шартномада қурилиш ишлари 2021 йилнинг 31 декабригача тугалланиб, уй фойдаланишга топширилиши кераклиги қайд этилган бўлса-да, мурожаатчилар пудратчи шартнома шартларини бажармаётгани, ҳар сафар турли баҳоналар билан қурилиш ишларини охирига етказмай келаётганини айтишмоқда.

Яккасарой тумани Кичик ҳалқа йўли кўчаси 22-автотураргоҳ ўрнида қурилаётган кўп қаватли уй (фуқаролар юборган расм)

“Avtomotohavaskor Orlanda” МЧЖ билан ҳали қурилмаган квартирани сотиб олиш учун биринчилардан бўлиб шартнома тузганман. Олди-сотди шартномасининг 1-бандига мувофиқ уй нархининг бир қисмини бошланғич тўлов сифатида тўлаб, қолган қисмини 24 ой давомида уздим. Бир йил аввал квартира пулини тўлиқ тўлаб бўлганман.

Шартнома бўйича уй 2021 йил 31 декабрга топширилиши керак эди, лекин орадан 1 йил 6 ой ўтди ҳамки квартирани топширмади. Шу йил майда қурилиш фирмаси раҳбари августгача уйларимиз фойдаланишга топширилишига ваъда берган, аммо бу ҳам бажарилмади. Ўзим оилам билан ижарада яшаяпмиз. Уй айтилган муддатда фойдаланишга топширилмагани учун икки карра харажатга тушяпман, дейди мурожаатчилардан бири.

Яккасарой тумани Кичик ҳалқа йўли кўчаси 22-автотураргоҳ ўрнида қурилаётган кўп қаватли уй

“Объект паспортида бу ерда 208 та хонадонли 9 қаватли турар жой мажмуаси қурилиши қайд этилган. Умумий қурилиш майдони 2576,4 метр квадрат. Қурилишга 2019 йилнинг 5 июнь куни рухсат олинган. Квартиралар сотуви 2020 йилнинг бошида бошланган.

Ҳамма билан турли вақтда шартнома қилингани учун ҳужжатларда уйларни фойдаланишга топшириш муддати ҳар хил. Бу уй қийматининг катта қисми 24 ой давомида фоизсиз бўлиб тўлангани билан боғлиқ бўлиши керак. Шундай бўлса-да, энг охирги шартномага қаралганда ҳам пудратчи қурилишни топширишга кечикаётганини кўриш мумкин. Аҳвол шу зайлда давом этса йил охиригача ҳам уйларимизни олишимизга кўзим етмаяпти. Икки юздан ортиқ одам уйи битса, кўчиб кириш учун кун санаяпти. Қаерга бош уриб боришни билмаяпмиз”,