Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги статистикасига кўра, 2023-2024-ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига онлайн рўйхатдан ўтган ва таълим йўналишларини танлаган абитуриентлар сони 1 018 007 нафарни ташкил этди.

Абитуриентларнинг ярмидан кўпи кундузги таълим шаклини танлаган бўлса, катта қисми сиртқи таълим шаклини танлаган.

  • Кундузги таълим шакли — 577 096 нафар;
  • Кечки таълим шакли — 24 802 нафар;
  • Сиртқи таълим шакли — 407 945 нафар;
  • Масофавий таълим шакли — 8 164 нафар.

Энг кўп абитуриент рўйхатдан ўтган ОТМлар (биринчи таълим йўналишига нисбатан):

  • Ўзбекистон миллий университети — 36 782 нафар;
  • Тошкент давлат транспорт университети — 30 421 нафар;
  • Фарғона давлат университети — 29 941 нафар;
  • Тошкент давлат педагогика университети — 28 827 нафар;
  • Қарши давлат университети — 28 417 нафар.

Доимий яшаш ҳудуди бўйича эса энг кўп ҳужжат топширганлар Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари абитуриентлари бўлди.

Ҳужжатлар қабули тугаган бўлса-да, абитуриентларга тўлов қилиш учун яна бир кун берилди. Абитуриентларда 21 июл соат 23:59 гача тўлов қилиш имкони бор.