Шаҳарларимиз кўчалари бўйлаб пиёдалар йўлагида ҳаракатланаркансиз, кутилмаганда пешонангиз йўлтўсар деворларга бориб урилади. Тротуарлар унга алоқаси бўлмаган ёндош ҳудуддаги қурилиш компаниялари томонидан ҳеч қандай изоҳсиз, узр-маъзурсиз, бехижолат эгаллаб олинади. Ҳокимиятга арз қилсангизгина йўлни очиб беришлари мумкин. Махсус белгиланган стандартлар эса фақат қоғозда. Kun.uz шундай ўзбошимчалик ҳолатларини ўрганиб, суриштирув ўтказди.

Қуршаб олинган тротуарлар сабаб пиёдалар ўз йўллари қолиб, иложсизликдан йўлнинг автомобиллар билан тўла қатнов қисмига чиқиб юришга мажбур бўлмоқда.

Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Чилонзор кўчасидаги қуршаб олинган тротуар
Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Содиқ Азимов кўчасидаги қурилиш сабаб чангга ботган аҳоли пункти

Улар орасида кексалар, ёш болали оналар ҳам бор. Бу йўлларда имконияти чекланган ва ногиронлар қандай ҳаракатланишини эса ўзингиз тасаввур қилаверинг. Шу ўринда мана шундай ўзбошимча қурилиш компаниялари раҳбарларига бир савол: Сиз ўз яқинларингизни тротуарлари эгалланган шундай ҳудудларда жонларини хатарга қўйиб ҳаракатланишларига рози бўлармидингиз?

Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Чилонзор кўчасининг автомобил қатнов қисмида ҳаракатланаётган пиёдалар
Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Чилонзор кўчасининг автомобил қатнов қисмида ҳаракатланаётган пиёдалар

Давом этамиз. Чилонзор туманининг биргина Чилонзор кўчаси. 1 км ҳам чиқмайдиган оралиқда 10га яқин қурилишлар сабаб пиёдалар ўз йўлакларидан маҳрум қилинган, ҳатто кўчада йўлнинг икки тарафидаги тротуарлар ҳам бирваракайига тўсиб олинган ҳолат ҳам бор эди.

 Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Чилонзор кўчасидаги бекатда автобус кутаётган йўловчилар