Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина ғалласининг экспорти НАТО-Украина кенгашида муҳокама қилинади
Украина ва НАТО 26 июль куни элчилар даражасида Россиянинг «ғалла битими»дан чиқиши оқибатларини муҳокама қилади.
Украина-НАТО кенгашининг йиғилиши 26 июль куни бўлиб ўтади ва унинг мавзуси «ғалла битими» тугаганидан кейин Украина донини экспорт қилиш бўлади. Бу ҳақда Бельгиянинг RTBF телеканали 23 июль, якшанба куни НАТО вакилига таяниб хабар бермоқда.
Кенгаш Украина томонининг илтимосига биноан чақирилади. Учрашув элчилар даражасида бўлиб ўтади. Мақсад «сўнгги воқеалар бўйича маслаҳатлашиш ва Украина ғалласини Қора денгиз орқали ташишни муҳокама қилиш», деди блок матбуот котиби Оана Лунгеску.
Шу ҳафта бошида НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Украина президенти Володимир Зеленский билан Россиянинг ғалла битимидан чиқиши ҳақида телефон орқали суҳбатлашди. «Биз Москванинг озиқ-овқатдан ҳарбий қурол сифатида фойдаланишга уринишини кескин қоралаймиз. Иттифоқчилар қанча вақт керак бўлса, шунча Украина билан бирга бўлади», - деб ёзди Столтенберг музокаралардан сўнг.
Зеленский суҳбатни изоҳлар экан, Столтенберг билан НАТО Вилнюсдаги саммити чоғида эришилган келишувларнинг амалга оширилишини муҳокама қилганини айтди. «Биз Қора денгиздаги мавжуд вазият ва унинг глобал озиқ-овқат хавфсизлиги учун юзага келадиган хавф-хатарлари ҳақида ўз фикрларимиз билан ўртоқлашдик. Қора денгиз дон йўлаги блокадасини очиш ва барқарор ишлаши учун зарур бўлган устувор ва келажакдаги қадамлар белгилаб олинди», - деди Зеленский.