Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Сайтимиз орқали республиканинг бир неча кўчаларида қурилиш объектлари пиёдалар йўлакларини ҳам ўзбошимчалик билан эгаллаб олаётган ҳолатлар акс этган мақолани эълон қилган эдик. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалик вазирлиги томонидан билдирилган муносабатда ҳақиқатан ҳам мақолада кўрсатилган ҳолатлар ўринли эканлиги маълум қилинган. Вазирликка кўра, Тошкент шаҳар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси томонидан мазкур ҳолатлар манзилларга чиққан ҳолда ўрганилиб, масъулларга мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилган. 

Хусусан, мақолада кўрсатиб ўтилган объектлар атрофи жойида тозаланиб, тартибга келтирилаётганини вазирлик тақдим этган тасвирлардан кўриш мумкин. 

Фото: Қурилиш ва уй-жой коммунал вазирлиги
Фото: Қурилиш ва уй-жой коммунал вазирлиги

Миробод тумани Содиқ Азимов кўчасидаги қурилиш объектида яқинида ҳам ҳавога чанг кўтарилмаслик чоралари кўрилиб, асфальт йўлга зарар етказилган жойлар тўғриланган ва тротуарлар пиёдалар ўтиши учун қулай ҳолатга келтирилган. Шунингдек, назорат ишлари ҳудудлар бўйлаб давом этиши ҳам маълум қилинган. 

Фото: Қурилиш ва уй-жой коммунал вазирлиги

Эндиги босқичда очилган тротуарларни шу ҳолича қолдирмасдан, жисмоний имконияти чекланган йўловчиларга ҳам қулайлик яратилади. Бу ишлар ҳам тез орада бажарилишига умид қиламиз.

Аммо Қушбеги ва Шота Руставели кўчалари чорраҳасида бир неча йиллардан бери ўраб олинган ҳудуд ҳамон пиёдалар учун очилмади. Ҳолатнинг кечикаётгани сабабини сўраб Тошкент шаҳар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекциясига мурожаат қилдик. Инспекция матбуот хизмати томонидан мазкур қурилиш объекти раҳбарияти айни пайтда хорижда эканлиги, улар Ўзбекистонга қайтиши билан яқин кунларда муаммо бартараф қилиниши билдирилди.