«Бугун тунда украин дронлари ҳужуми амалга оширилди. Ситидаги офис минораларнинг иккитасининг фасади шикастланган. Қурбонлар ва жабрланганлар йўқ», — дейилган Москва мэри Сергей Собяниннинг телеграм-каналида якшанба куни соат беш яримларда берилган хабарда.

Ҳужум оқибатида Россиянинг учта вазирлиги офислари ҳамда турар жой апартаментлари жойлашгани тахмин қилинаётган 50 қаватли «IQ-квартал» биносининг бешинчи ва олтинчи қаватлари ҳудудларида шикастланиш қайд этилган.

«Осторожно, новости» телеграм-каналида портлаш оқибатида Рақамли тараққиёт вазирлиги ҳужжатлари сочилиб кетгани акс этган видео намойиш этилган.

«Око-2» минорасида биринчи қаватдан тўртинчи қаватгача ойналар синган.

«Око-2»нинг шикастланган биноси атрофидаги фавқулодда хизматлар ходимлари
Фото: Alexander Nemenov / AFP / Scanpix / LETA

Айрим маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида икки киши жароҳатланган, аммо бу маълумот расмий тасдиқланмаган.

Mash телеграм-канали маълумотига кўра, Москвага ҳужум қилган дронлардан биринчиси соат 3:20 да қулаган. Худди шу вақтда Москва областининг Одинцово районида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишга тушгани ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлаганди.

Тахминан соат 4:10 атрофида иккинчи портлаш ҳақида хабар берилди — бу «Око-2» минорасида.

Россия мудофаа вазирлиги баёнотига кўра, украинларнинг дронларидан биттаси Москва области ҳудудида ҳавода йўқ қилинган, «яна икки дрон радиоэлектрон кураш воситалари томонидан нишондан оғдирилган ва бошқарувни йўқотиб, „Москва-Сити“ комплексидаги бинолар ҳудудида қулаган».

Ҳужум оқибатида шикастланган «IQ-квартал» минораси. Фото: Getty Images

Украина ҳужум учун жавобгарликни зиммасига олмади.

ТАСС маълумотига кўра, бу ҳужумдан кейин пойтахтдаги Внуково аэропортининг учиш ва қўниш йўлаклари маълум вақтга ёпилган, Москва шаҳри ва шаҳар атрофида ҳаво кенгликларида парвозлар тўхтатилган.