Ёзги трансферлар давом этмоқда, яна бир қатор футболчилар ўзларига янги клуб топишди, яна бир қанча трансферлар ҳал бўлиши кутилмоқда. Қуйида сўнгги куннинг энг қизиқарли трансфер хабарлари дайжести.

Сўнгги кунларда амалга оширилган трансферлар

Маҳрез «Ал-Аҳли»га ўтди

«Манчестер Сити» жазоирлик ҳавбек Риёз Маҳрез Саудия Арабистонининг «Ал-Аҳли» клубига ўтганини эълон қилди.

Айни вақтда 32 ёшда бўлган футболчи 2018 йилда «Лестер»дан трансфер қилинган ва сўнгги олти йилни «Манчестер Сити»да ўтказганди.

«Шаҳарликлар» футболчи трансфери учун 35 миллион евро олган, шунингдек бонуслар ваъда қилинган. Маҳрезнинг ўзи «Ал-Аҳли» билан 2027 йилга қадар амал қилувчи шартномага имзо чеккан. Ушбу клуб бунгача дарвозабон Эдуард Менди («Челси») ва ҳужумчи Роберто Фирминони («Ливерпул») ўз сафига қўшиб олганди. 

«ПСЖ» Икардини «Галатасарой»га сотди

Аргентиналик форвард Мауро Икарди «Галатасарой» клубининг тўлақонли аъзосига айланди. «ПСЖ» 30 ёшли ҳужумчиси учун 10 миллион евро ишлаб олган.

Икардининг ўзи турклар клуби билан уч йиллик шартнома тузди. 2020 йилда «ПСЖ» Икардини «Интер»дан 58 миллион евро эвазига трансфер қилганди.

Футболчи сўнгги бир мавсумни «Галатасарой»да ўтказган ва жамоага Суперлигада ғолиб чиқишда ёрдам берганди. Туркиянинг амалдаги чемпиони кучли таркиб йиғмоқда, Икардидан ташқари, Анхелиньо, Торрейра, Мертенс, Мата, Заҳа, Бакамбу ҳам жамоада.

Кавани «Бока Хуниорс»га ўтди

Уругвайлик ҳужумчи Эдинсон Кавани «Валенсия»ни тарк этди. У испан клуби билан шартномани бекор қилишга эришган (шартнома тугашига яна бир йил бор эди).

Энг яхши йилларини «Наполи» ва «ПСЖ»да ўтказган 36 ёшли футболчи энди «Бока Хуниорс» учун тўп суради.

Уругвайлик футболчи Аргентина клуби билан 2024 йилга қадар амал қилувчи шартномани имзолаган.

«Аякс» юлдузи АПЛнинг ўртамиёна клубида