Туркиянинг Esan Eczacibasi компанияси Ўзбекистондаги Учқулоч қўрғошин-рух конини ўзлаштиради.

Лойиҳа Жиззах вилоятининг Фориш туманида қўрғошинли маҳсулотларни қайта ишлаш заводини қуриш орқали рангли металлар (рух, қўрғошин, кадмий, висмут, кумуш) ишлаб чиқаришни ташкил этишни назарда тутади.

Қайд қилинишича, Esan Eczacibasi конларга ишлов бериш ва улардан фойдаланишга ихтисослашган. Компания 40 дан ортиқ карьерларни бошқаради, хомашёни қайта ишловчи 8 та заводга эга. Дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатларида фаолият юритади, 2,5 мингга яқин ходим ишлайди.

Хабарда турк компаниясининг қанча сармоя киритиши ҳақида маълумот берилмаган.

Учқулоч қўрғошин-рух конини эксплуатация қилиш 1981 йилда бошланган. Аммо рух ва қўрғошин нархининг пасайиши туфайли конни ўзлаштириш самарасиз бўлиб чиқди. 1998 йилда руда қазиб олиш тўхтатилди, 2006 йилда кон консервация қилинди.