Жаҳон | 08:45 / 03.08.2023
7639
1 дақиқада ўқилади

Путин ва Эрдўған яқин вақт ичида ўзаро учрашув ўтказиш ҳақида келишиб олди

Владимир Путин ва Ражаб Тоййиб Эрдўған яқин вақт ичида ўзаро учрашувнинг аниқ жойи ва санасини белгилашга келишиб олди, деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков. 

Фото: AFP

Унинг сўзларига кўра, бу жой Туркия давлати ҳудуди бўлмаслиги ҳам мумкин.

Песков режалаштирилган учрашувнинг кун тартибида Украина ва «ғалла битими» бўлишини қайд этди. 

Кремл вакили, шунингдек, 2 август куни бўлиб ўтган телефон суҳбатида Путин ва Эрдўған «Азовстал» ҳимоячиларини Украинага қайтариш масаласини муҳокама қилмаганини ҳам айтди. 

Аввалроқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Украина президенти Володимир Зеленский телефон орқали Қора денгиз дон йўлаги бўйича келишувни узайтириш масаласини батафсил муҳокама қилган.

Украина президентининг хабар беришича, суҳбатдошлар «Қора денгиз ғалла ташаббуси фаолиятини қайта тиклаш бўйича саъй-ҳаракатлар бўйича келишиб олган» ва «тинчлик формуласи»ни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилган. 

Бундан ташқари, Зеленский Туркия президентидан украиналик маҳбуслар, хусусан, қрим-татарларнинг ватанга қайтишига кўмаклашишни сўраган.

Мавзуга оид