Шаҳарларни барпо қилишдаги энг асосий приоритет инсон бўлиши лозим. Унинг автомобиллар учун барпо қилиниши одамларнинг саломатлиги, хавфсизлигидан ташқари, социализациясига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Шаҳарсоз Ҳусан Муқимов бу жараёнда биргина инфратузилмани яхшилаш билан мақсадга эришиб бўлмайди деб ҳисоблайди.

Тошкент автомобиллар шаҳрига айланмоқда. Буни рақамларда ҳам кўриш мумкин. Ўзбекистон бўйича жисмоний шахсларга тегишли автомобиллар сони 3 млндан ошган, пойтахтда эса ярим миллиондан кўпроқ. Урбанизация ҳисобига бошкент кўчаларида кунлик ҳаракатланувчи машиналар 800-900 мингтани ташкил қилади. Бу йўлларда тирбандлик юзага келиши учун етадиган рақамдир.

Шаҳарларда нима учун автомобиллар жозибадорлигини камайтириш, асосий устуворлик жамоат транспорти, пиёдаларга берилиши керак? Жамият учун автомобилсизлаштириш жараёни қанчалик аҳамиятли? Бу борада пулли “парковка”лар ечим бўла оладими? Kun.uz мухбири мавзуни таҳлил қилиш учун ҳозирда магистратурани Германияда тамомлаётган ўзбекистонлик шаҳарсоз Ҳусан Муқимов билан суҳбатлашди.

Шаҳарларда автомобилларни камайтириш муҳим, чунки...

Энг катта принцип, қонун-қоида бу – шаҳарларнинг автомобиллар учун эмас, одамлар учун бўлишидир. Шаҳар одамларнинг фаолияти, умуман аҳоли учун хизмат қилиши керак. Бу жамоат жойи, ҳар хил кўнгилочар жой бўладими, транспорт инфратузилмаси бўладими – ҳаммаси аҳоли учун хизмат қилиши лозим. Автомобилсизлаштиришнинг жамият учун асосий фойдаси биринчи навбатда соғлиққа бўлади. Шаҳар шароитида ҳаво ифлосланишининг энг катта улуши автомобиллардан чиқаётган заҳарли газлар ҳиссасига тўғри келади.

Шунингдек, қурилиш майдонларидан чиқадиган чангларнинг автомобиллар ғилдираклари сабаб кўчаларга чиқиши ҳам бунга мисол бўла олади. Ўзбекистоннинг чанглари бошқа мамлакатлардаги чанглардан фарқли равишда кўринадиган даражада ҳақиқий чанг дейиш мумкин-да. Шунинг учун чангнинг кўчага чиққанидан сўнг, автомобиллар сабаб ҳавога кўтарилиши яна бир ифлосланишга сабаб бўлади. Бу биринчидан.

Иккинчидан, жамиятга соғлом турмуш-тарзини тарғиб қилишда асосий факторлардан биттаси бу – автомобилсизлаштириш, велосипедда, пиёда юриш ҳисобланади. Жамоат транспортига чиқиб, тушгандан сўнг ҳам 5-10 дақиқа юришга ҳам тўғри келади.