Жаҳон | 13:35 / 27.09.2023
8678
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон Россия учун Бойқўнғир ижара нархини оширмасликка қарор қилди

Россия учун Бойқўнғирдан фойдаланиш ижара ҳақи аввалгидек қолади, дея маълум қилди Қозоғистон Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги Ахборот хавфсизлиги қўмитаси раиси.

Фото: gov.kz

Қозоғистон Бойқўнғир космодромидан фойдаланганлик учун Россиядан оладиган ижара ҳақини индексация қилишни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги Аэрокосмик қўмитасининг Ахборот хавфсизлиги қўмитаси раиси Руслан Абдикаликов маълум қилди.

Абдикаликовнинг сўзларига кўра, Россия учун Бойқўнғирдан фойдаланиш ижара ҳақи аввалгидек қолади.

«Биринчидан, уни бирор нарса билан солиштириш жуда қийин. Бир давлат бошқасидан космодромни ижарага олганида, бу ноёб прецедент ҳисобланади. Нарх қанчалик адолатли эканлигини айтиш учун уни солиштиришга ҳеч нарса йўқ. Иккинчидан, шартномада нарх долларда кўрсатилган, шунинг учун тўловлар миллий валютада амалга оширилса, у ҳолда жорий курсга тенг бўлади. Бу ҳам ўзига хос индексациядир», — дея Абдикаликовнинг сўзларидан иқтибос келтирган Zakon.kz.

Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги Аэрокосмик қўмитаси вакилининг таъкидлашича, келишув 1994 йилда, доллар курси бутунлай бошқача бўлган пайтда тузилган. Ҳозирда гап бошқа пул миқдори ҳақида кетяпти ва бу маълум даражада индексация заруратини қоплайди. Шунинг учун, дея хулоса қилди Руслан Абдикаликов, Қозоғистон Бойқўнғир учун ижара миқдорини қайта кўриб чиқишни режалаштирмаяпти. 

Аввалроқ Бойқўнғир космодромидаги «Байтерек» космик ракета мажмуасининг парвоз синовлари бошланиши 2025 йилга кўчирилиши маълум бўлган эди.

Мавзуга оид