Жаҳон | 00:27 / 25.11.2023
11006
3 дақиқада ўқилади

Россия собиқ бош вазири Михаил Касянов «чет эл агенти» деб эълон қилинди

У 2000 йил майидан 2004 йил февралигача Россия ҳукумати раиси лавозимида ишлаган. Россиянинг Украинага бостириб киришига қарши чиққан ва «Россия урушга қарши қўмитаси» аъзоси ҳисобланади.

Фото: ТАСС

Россия Адлия вазирлиги «чет эл агентлари» рўйхатига сиёсатчи ва мамлакатнинг собиқ бош вазири Михаил Касяновни киритди.

Адлия вазирлиги баёнотида айтилишича, Касянов «чет эл агентлари» материалларини яратиш ва тарқатишда иштирок этган, Россия ҳукумати қарорлари ҳақида «нотўғри маълумот» тарқатган, шунингдек, Россиянинг Украинага бостириб киришига қарши чиққан ва «хорижий тузилмалар томонидан тақдим этилган ахборот платформаларида респондент сифатида иштирок этган».

«Чет эл агентлари рўйхатига киритилган шахслар билан бир қаторда у Россия Федерациясининг ташқи ва ички сиёсатини обрўсизлантиришга қаратилган «Россия урушга қарши қўмитаси» аъзоси. Россия Федерациясидан ташқарида яшайди», дейилади Адлия вазирлиги хабарида.

Михаил Касянов 2000 йил майидан 2004 йил февралигача Россия ҳукумати раиси лавозимида ишлаган.

Россия қонунчилигига кўра, «чет эл агенти» деб эътироф этилган фуқаролар ва ташкилотлар ўз фаолияти ва харажатлари тўғрисида Адлия вазирлигига мунтазам равишда ҳисобот тақдим этиши, барча мақолаларида, жумладан, ижтимоий тармоқларда ҳам «чет эл агенти» эканини белгилаб қўйиши шарт.

2022 йилдан бошлаб, уларга дарс бериш, ахборот маҳсулотлари яратиш, оммавий тадбирлар ташкил этиш, сайлов комиссияси аъзоси бўлиш тақиқланди. 2022 йил охиридан бошлаб Адлия вазирлиги чет эл агентларининг ягона реестрини юритиб келмоқда.

2023 йилда Владимир Путин чет эл агентлари ҳақидаги қонунни кучайтирувчи яна бир қонунни имзолади. Унга кўра, Адлия вазирлиги чет эл агентлари билан мулоқотда бўлган шахсларга қонунбузарликка йўл қўймаслиги тўғрисида огоҳлантириш бериши мумкин. Бу шахсларга нисбатан Адлия вазирлиги томонидан режадан ташқари текширув ўтказилиши ҳам мумкин. Адлия вазирлигининг қонунбузарликларни бартараф этиш талабларига риоя қилмагани учун фуқаролар 50 минг рублгача, мансабдор шахслар 100 минг рублгача ва юридик шахслар 300 минг рублгача жаримага тортилади.

Мавзуга оид