Ўзбекистон | 18:00 / 25.12.2023
28023
3 дақиқада ўқилади

Танзила Норбоева: “Ўзбекистон ҳеч кимга мустамлака бўлмайди”

“Мана кўряпсизлар, интернетда “Ўзбекистонни у қиламиз, бу қиламиз” деган қандайдир чиқишлар бўлиб кетди. Ўзбекистон ҳеч қачон ҳеч кимга мустамлака бўлмайди бундан кейин, бўлиб бўлди”, – дея россиялик ҳарбий сиёсатчи Захар Прилепиннинг гапларига муносабат билдирди Ўзбекистон Сенати раиси.

Фото: Kun.uz

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева россиялик сиёсатчи Захар Прилепиннинг Ўзбекистонни Россия таркибига қўшиб олиш ҳақидаги баёнотига муносабат билдирди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

“Мана кўряпсизлар, интернетда “Ўзбекистонни у қиламиз, бу қиламиз”, деган қандайдир чиқишлар бўлиб кетди, тўғрими? Ўзбекистон ҳеч қачон ҳеч кимга мустамлака бўлмайди бундан кейин, бўлиб бўлди. Сизлар буни биласизлар, бу нарсани сизларга тарғибот қилишим керак эмас. Ҳаммангизнинг юрагингизда шу бор”, – деди Норбоева 25 декабр куни Сенат биносида ёшлар билан бўлиб ўтган учрашувда.

“Нима учун президент жадидчилик ҳаракатини олдинга суриб, ҳаракат қиляптилар, шуни билишсин. Ҳар биримиз билишимиз керак. Чунки жадид ота-оналаримиз (уларнинг ичида аёлларимиз ҳам бўлган, шундан хурсанд бўлдим) ўй-хаёлимиз ҳам, ишимиз ҳам бир хил бўлсин дейишган. Шуларнинг ҳаммаси бир хил бўлиши керак, ҳар хил нарсалардан [сақланиб] ўзимиз ёруғликка чиқишимиз, замонавий илм-фан, касб-ҳунарларни эгаллашга даъват қилган”, – деди Танзила Норбоева.

Аввалроқ “Справедливая Россия” партияси ҳамраиси Захар Прилепин Москвадаги матбуот анжуманида Ўзбекистоннинг қарийб икки миллион фуқароси Россияда ишлаётгани гўёки РФга Ўзбекистонни ўз таркибига қўшиб олиш имконини беришини айтиб чиққан эди.

Бунга жавобан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Тошкентдаги элчиси чақиртириб, бунақа баёнотлар икки давлат муносабатларига салбий таъсир қилишини билдирган. Ҳолатга Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова ҳам изоҳ бериб, Ўзбекистон ва Россия муносабатлари суверенитетни ҳурмат қилиш асосига қурилгани, Прилепиннинг гаплари унинг шахсий фикри эканини билдирди. Аммо Россия томони бу чиқишни қораламади.

Ўзбекистонликлар бундай чиқишларга дадилроқ ва кескинроқ жавоб қайтариш, Прилепинга нисбатан Ўзбекистоннинг конституциявий тузумига тажовуз қилишга очиқдан очиқ даъват этиш моддаси билан жиноят иши қўзғатиш ва бошқа чораларни кўришга чақирмоқда.

Мавзуга оид