Россиянинг «Яндекс» компанияси yandex.kz маҳаллий доменининг серверларини Қозоғистон ҳудудига ўтказиш ишларини якунлади. Бу ҳақда Қозоғистон Рақамли ривожланиш вазирлиги хабар берди.

«Яндекс» қозоғистонликлар учун ўз хизматларини маҳаллийлаштириш бўйича тизимли иш олиб бормоқда. Серверларни мамлакатга ўтказиш муҳим қадамдир. Бу бизнинг фойдаланувчиларимиз маълумотлари Қозоғистонда қайта ишланишини англатади. Вазирлик фуқароларнинг шахсий маълумотлар хавфсизлигига катта эътибор қаратади», дея таъкидлаган Қозоғистон рақамли ривожланиш вазири Багдат Мусин.

Маълумотларга кўра, Қозоғистонда «Яндекс» хизматларининг ойлик аудиторияси 10 миллионга яқин фойдаланувчини ташкил қилади.

Нимага Қозоғистон ҳукумати «Яндекс»га бундай талаб қўйганди?

«Яндекс» компаниясининг бир нечта онлайн сервислари қаторида такси хизмати кўрсатувчи илова-агрегатор ҳам бор. «Yandex Go» ва «Yango» номлари остидаги агрегатор Россиядан ташқари Ўзбекистон, Қозоғистон, Грузия, Арманистон, Беларус, Исроил, Норвегия, Финландия каби (жами 20 дан ортиқ) мамлакатларда ишлайди.

2023 йил 1 сентябрдан бошлаб Россия махсус хизматларига такси буюртмалари хизмати маълумотлар базаларига кириш ваколати берилган эди.

РФда бу борада қонун қабул қилинганидан кейин Қозоғистонда Yandex.kz домени ўчириб қўйилганди. Қозоғистон Рақамли тараққиёт вазирлиги Россия компаниясидан «ҳуқуқ-тартибот органлар ва махсус хизматлар билан алоқалари» ҳақида тушунтириш беришни сўраганди. Шунингдек, Грузия шахсий маълумотлар хавфсизлиги хизмати «Яндекс Gо» сервисининг фойдаланувчилар маълумотларини қайта ишлаш жараёни қонунга мувофиқлигини текшириш учун ўрганиш ишларини бошлаганди. Финландия ва Норвегиянинг ваколатлари органлари «Яндекс»дан фойдаланувчиларнинг маълумотларини Россияга узатишни тўхтатишни талаб қилганди