Ўзбекистон | 16:55 / 16.01.2024
30708
2 дақиқада ўқилади

Россияда ўзбекистонликлар яна ЙТҲ қурбони бўлди

Россиянинг Самара областида Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилоятига оид давлат рақами тақилган Lada Largus ва «Газел» юк машинаси ўртасида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди. ЙТҲ оқибатида Largus йўловчилари бўлган уч киши ҳалок бўлиб, яна тўрт нафари шифохонага ётқизилган.

Фото: Видеодан кадр

16 январ куни Россиянинг Самара области Ставропол районида инсонлар ўлимига сабаб бўлган йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди, деб хабар берган регион прокуратураси.

М-5 «Урал» трассасида Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилояти давлат рақами белгиси бўлган Lada Largus ва «Газел» юк машинаси ўзаро тўқнашган.

Largus автомобилида жами етти киши бўлган. «Самара онлайн» портали ўз манбасига таяниб ёзишича, уларнинг барчаси — Ўзбекистон фуқароларидир. ЙТҲ оқибатида уч киши ҳалок бўлиб, тўрт йўловчи шифохонага ётқизилган. Россия ҳуқуқ-тартибот органлари ҳозирча ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар Ўзбекистон фуқаролари экани ҳақида расман маълумот бермади.

Дастлабки маълумотларга кўра, Largus ҳайдовчси бошқарувни йўқотган ва қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиб, «Газел» билан тўқнашган. Прокуратура трассанинг мазкур участкасидаги йўл қопламаси ҳолатини ҳам ўрганмоқда.

  • Эслатиб ўтамиз, 11 январ куни ҳам Россиянинг Пенза областида ичида Ўзбекистон фуқаролари бўлган JAC минивэни қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиб, Volvo русумли юк машинасига урилганди. ЙТҲ оқибатида минивэндаги етти киши, жумладан ҳайдовчи воқеа ҳалок бўлган, шифохонада яна бир кишининг жони узилганди. Жароҳатланган яна бир киши шифохонада қолмоқда. Қурбонларнинг жасадлари ўтган ҳафтанинг шанба куни Ўзбекистон мудофаа вазирлиги ҳарбий-транспорт самолёти орқали ватанга қайтарилганди.

Мавзуга оид