Тошкентдаги Ашхобод сайилгоҳи ҳудудидан очиқ осмонга 20 мингта пуфаклар учирилиши режа қилинмоқда. Бу ҳақда 8 апрелда боғнинг Instagramʼдаги саҳифасига юкланган постда инстаблогер Жаҳонгир Хўжаев маълум қилган.
Унга кўра, байрам муносабати билан 10 апрель санасида сайилгоҳдаги чархпалакнинг энг баланд нуқтасидан “шарлар ёмғири” уюштирилади. Қайд этилишича, илгари бундай сондаги пуфаклар осмонга учирилмаган, навбатдагиси рекорд даражада бўлиши кутилмоқда.
Экофаоллар бу тадбирнинг атроф-муҳитга катта зарар етказишини айтишмоқда. Дастлаб ҳолатга муносабатини билдирган Ekolog.uz телеграм каналига кўра, “латекс шар”лар биологик парчаланадиган бўлиши мумкин, лекин бу жараён жуда секин кечади. Оқибатда эса атроф-муҳитда йиллар давомида сақланиб қолиши мумкин. Бу ҳайвонларга таҳдид солиши қайд этилади.
“Шарлар ёввойи табиатга ташланганда, уларни ҳайвонлар озиқ-овқат деб адашиб ейиши ёки улар билан боғланиб қолиши мумкин, натижада ўлим [юзага келиши] ёки соғлиққа зарар етиши мумкин. Сувда яшовчи ҳайвонлар шарларни ютиб юбориши ёки шар тасмаларига ўралиб қолиб, жисмоний шикастланиши мумкин.
Шарлар ишлаб чиқариш ва ташиш жараёнлари иссиқхона газларини ва бошқа атмосфера ифлослантирувчи моддаларни чиқаришига сабаб бўлади. Шундай экан биз тегишли ташкилотлардан ушбу шоуни бекор қилишларини сўраймиз. Шундоғам бошқа тадбир ва маросимларда керагидан ортиқ мушаклар отиб, ўз изимиздан чиқиндиларни қолдириб табиатга зарар етказяпмиз”, – дейилади хабарда.
Экожурналист Наргиз Қосимова шоунинг ёпиқ эмас, очиқ ҳудудда қилинаётганига эътибор қаратган.
“Ёпиқ бино бўлса ҳам майли, очиқ жой. Шарлар бирпасда учиб кетиб, юзлаб кмни ифлослантиради. Буларга табиатингга зарар етадими, шарлардан ҳайвон-у, қушлар ўлиб кетадими, фарқи йўқ, пул бўлса бўлди”, – дейди у.
Экология вазирининг маслаҳатчиси Расул Кушербаевнинг Kun.uz'га маълум қилишича, пластик чиқиндилардан байрам тадбирини ўтказишни чеклаш лозим.






