Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан умумтаълим муассасаларида 2023-2024-ўқув йилини якунлаш ва «Сўнгги қўнғироқ» тадбирини ўтказиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

Унга кўра, «Сўнгги қўнғироқ» тадбири 25 май куни соат 8:00 дан 9:00 га қадар ташкил этилади. Тадбирга мактаб ўқувчилари сонидан келиб чиққан ҳолда фақат 1-, 4-, 9-, 11-синф ўқувчилари жалб этилади.

Тадбир маҳалла фаоллари, ота-оналар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари билан ҳамкорликда ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилинган ҳолда ташкил этилади. Унга фахрий ўқитувчилар, ота-оналар, маҳалла фаоллари, мактабнинг собиқ битирувчилари таклиф этилади.

Шу билан бирга, тадбирда йил давомида аъло баҳоларга ўқиб, энг юқори рейтинг кўрсаткичларига эришган иқтидорли битирувчилар рағбатлантирилиши мумкин.

2023-2024-ўқув йилини якунлаш ва «Сўнгги қўнғироқ» тадбирини ўтказишда қуйидагилар тақиқланади:

- турли ресторан ва кафелар, хонадонларда «Битирув оқшоми»ни ўтказиш, имтиҳон ва якуний давлат аттестасиясини ўтказишда, таълим муассасасини янги ўқув йилига тайёрлаш баҳонасида ўқувчилардан пул йиғиш;

- ўқувчилардан қимматбаҳо совғалар учун пул йиғиш, битирув кечаларига атаб қиммат кийимлар олиш, енгил автомашиналарда сайр ташкил этиш;

- ўқувчиларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб хиёбонлар, истироҳат боғлари, чўмилиш ҳавзаларига бориши.