Чилонзорда ўқувчини урган ўқитувчи бошқа мактабда ҳамкасбига ҳужум қилди. У 7 суткага қамалди
Тошкентдаги 188-мактабда ўқувчини урган ўқитувчи кейинги куни ўз қизи ўқийдиган 204-мактабда жанжал кўтарди. У Миллий гвардия ва ИИО ходимлари талабларига ҳам бўйсунмаган.
Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги 188-мактабда ўқувчини урган ўқитувчига бошқа мактабдаги ҳуқуқбузарлиги учун жазо чораси кўрилди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.
2024 йилнинг 24 сентябр куни 44 ёшли ўқитувчи аёл Яшнобод туманидаги, ўзининг 14 ёшли қизи ўқийдиган 204-умумий ўрта таълим мактабига бориб, мактаб раҳбарияти билан тортишиб қолган. Тортишув давомида мактаб директорининг ММИБ бўйича ўринбосарига нисбатан жисмоний куч ишлатган.
Аёлдан жамоат жойида тартибга риоя қилиши сўралганида, мактаб ҳудудида Миллий гвардия ва ИИО ходимларига нисбатан ғайриижтимоий муносабатда бўлиб, уларининг қонуний талабларини бажармасдан кескин қаршилик кўрсатган. Ушбу ноқонуний ҳаракатларини аёл кўплаб мактаб ўқувчилари кўз ўнгида содир этган.
25 сентябр куни жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида мазкур иш кўриб чиқилди. Аёл суд томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик), 194-моддасининг 1-қисми (Миллий гвардияси ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) қонуний талабларини бажармаслик) ва 197−5-моддаси (Таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш) билан айбдор деб топилиб, унга 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси, БҲМнинг 3 баравари (1 020 000 сўм) ва БҲМнинг 7 баравари (2 380 000) сўм жарима жазоси тайинланди.
Омбудсман хабарида айтилишича, аёлнинг Чилонзор туманидаги 188-сонли умумтаълим мактабда 6-синф ўқувчисига нисбатан содир этган ҳаракати ҳозирда терговга қадар текширувда.
«️Педагог ва тарбиячилар тегишли вазифа ёки лавозимга тайинланишидан аввал махсус психологик кўрикдан ўтказилиши керак. Номуносиб хулқли, бола соғлиғи учун хавфли шахслар таълим-тарбия муассасаларида фаолият юритишига йўл қўйиш мумкин эмас», дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 25 сентябр куни ижтимоий тармоқларда ўқитувчи ўқувчини калтаклагани акс этган видео тарқалди. Тошкент шаҳри мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълумотига кўра, бу ҳолат 23 сентябр куни Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги 188-мактабдаги рус тили дарсида рўй берган.
Боланинг ота-онаси можарога ўқувчи дарс ўзбек тилида олиб борилганига эътироз билдиргани сабаб бўлгани ҳақида айтган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳолат юзасидан суриштирув ишларини бошлаган.
Мавзуга оид
16:44 / 11.11.2024
Саудия тараққиёт жамғармаси Қирғизистонда 38 та мактаб қуриб беради
16:00 / 11.11.2024
Хавотир билан бошланган хайрли иш – Фарғонадаги мактаб олма боғидан яхшигина даромад оляпти
12:41 / 10.11.2024
Тошкентда лицей ўқитувчиси ўқувчини дўппослади
20:43 / 09.11.2024