Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги пахта нархи маъмурий йўл билан арзонлаштирилаётгани билан боғлиқ вазиятни “тўғри талқин қилиш”ни сўраб баёнот берди.
Вазирлик Сурхондарё вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Раҳматулло Ғаффоровнинг ҳаракатларини оқлаган.
Kun.uz аввалроқ хабар берганидек, Ғаффоров туманлардан бирининг ҳокимига 100 фоиз фермер хўжаликларини йиғиб, уларга Тошкентдан келган бланкага имзо ва муҳр қўйдиришни сўраган. Шу тариқа, йил бошида фермерлар ва кластерлар ўртасида тузилган, тоннасига 8-9 млн сўмдан пахта етказиб беришга оид шартномалар фермерларнинг ихтиёрий-мажбурий тарзда розилиги олинган ҳолда ўзгартирилиб, нарх пасайтирилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг изоҳлашича, амалдорнинг бундай топшириқ беришида “англашилмовчилик юзага келган”.
Вазирлик ўз изоҳида 16 сентябр кунги ҳукумат қарорида келтирилган важларни такрорлаган. Унда жаҳон бозорида пахта нархлари тушиб кетгани, натижада Ўзбекистонда йил бошида тузилган фючерс шартномасидаги нархлар “бугунги кун реал нархларига тўғри келмаётгани”, шу сабабли кластерлар ўз маҳсулотларини жаҳон бозорида сотишда “жуда катта зарарга дуч келаётгани” айтилади.
Таъкидланишича, ҳозирда жаҳон бозоридаги пахта толасининг шаклланган котировкалари бўйича бошланғич фючерс нархлари тоннасига 6,8 млн сўм атрофида шаклланмоқда. Шундан келиб чиқиб, “паст нарх белгиланадиган бўлса, фермерлар жабр кўриши мумкин”, деган вазирлик. Нархни нега бозор эмас, давлат белгилаши кераклигига изоҳ берилмаган.
ҚХВга кўра, 16 сентябр кунги ҳукумат қарори “пахта етиштирувчи фермерлар ва уни қайта ишловчи кластерларнинг манфаатларини бирдек кўзлаган ҳолда” қабул қилинган.
Бу қарорга кўра, пахта етиштирувчилар томонидан биржа савдолари орқали реализация қилинган (электрон ҳисоб-фактура асосида) бир тонна пахта хомашёси (пахта-тўқимачилик корхоналари томонидан етиштирилган пахта хомашёси ҳамда уруғлик пахта бундан мустасно) учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1 миллион сўм миқдорида субсидия ажратиш кўзда тутилган.
















