2017 йилдан кейин инновацион ривожланиш вазири ўринбосари, сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари ва қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган Азимжон Назаров жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳукми билан танишди.

Суд ҳужжатида келтирилишича, Азимжон Назаровнинг жинояти у 2008 йилда ташкил қилиб, 2017 йилгача ягона таъсисчи ва директор сифатида бошқарган “Nazar Business and Technology” МЧЖ билан боғлиқ. Назаров 2017 йил 28 декабр куни инновацион ривожланиш вазири ўринбосари лавозимига тайинлангач, “Nazar Business and Technology” МЧЖ раҳбарлигини гўёки бошқа одамга топшириб, ўзида ягона таъсисчиликни сақлаб қолган.

2015 йил 24 мартдаги президент қарорига асосан, “Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш” лойиҳасини амалга ошириш юзасидан Сув хўжалиги вазирлиги ва Жаҳон банки ўртасида умумий қиймати 376,71 млн АҚШ доллари бўлган қарз битими имзоланган. Сув хўжалиги вазирлиги лойиҳани амалга ошириш, кредит, қарз маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланишга масъул этиб белгиланган.

2016 йил 5 август куни Сув хўжалиги вазирлигининг Жаҳон банки лойиҳаларини амалга ошириш гуруҳи ва Азимжон Назаров таъсисчилигидаги “Nazar Business and Technology” МЧЖ ўртасида “Мониторинг ва баҳолаш” ҳамда “Ижтимоий ҳимоя чоралари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тадбирларини амалга ошириш тўғрисидаги ҳужжатни яратиш” бўйича 2016-2021 йилларда консалтинг хизматларни кўрсатиш юзасидан умумий қиймати 950 320 АҚШ долларига тенг бўлган шартнома имзоланган.

Азимжон Назаров МЧЖдаги ўринбосари ва бош ҳисобчи билан давлат ташқи қарзи ҳисобидан мазкур лойиҳага жалб қилинган маблағларни қонунга хилоф равишда ўзлаштириш юзасидан жиноий режа тузган. Унга асосан, лойиҳага жалб қилинган мутахассислар томонидан ҳақиқатда бажарилмаган иш турларини гўёки бажарилгани ҳақида ёлғон маълумотлар киритилган табел ва ҳисоб-фактуралар тайёрлаш орқали маблағларни ўзлаштиришни йўлга қўйган.

Давлат молиявий назорати инспекцияси ходими томонидан тузилган 2024 йил 7 мартдаги умумий далолатномага кўра, Назаров ва шериклари лойиҳа доирасида шартнома шартларига зид равишда ҳақиқатда бажарилмаган консалтинг хизматларини гўёки бажарилган деб кўрсатиш орқали “Nazar Business and Technology” МЧЖга 17 та ҳолатда жами 562 428 АҚШ доллари пул маблағи ортиқча тўланишига эришган.

Бундан ташқари, ҳукмда келтирилишича, Азимжон Назаров сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган даврида мансабга совуққонлик билан қараши оқибатида насос станцияларини модернизациялашга алоқадор йирик лойиҳанинг қиймати 95,4 млн АҚШ долларига кўпайтирилган, шунингдек, бюджетдан 3,7 млрд сўм пул маблағлар асоссиз сарфланган.