Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўзбекистонлик амалдорларга таҳдид қилиб, улар «чечен анъаналарига кўра жавоб бериши»ни айтди. Ўзбекистон Бош прокуратураси шундан сўнг Комил Алламжоновга суиқасд ишида гумонланиб, икки нафар Россия фуқаросини халқаро қидирувга берилганини тасдиқлади. Ўзбекистонлик фаоллар Қодировнинг бу гапидан кейин ҳар бир чечен фуқаросининг Ўзбекистонга киришини қатъий текшириш вақти келганини айтди. Депутат Одилжон Тожиев эса Рамзан Қодиров ушбу муносабати учун Ўзбекистон халқидан узр сўраши кераклигини билдирди.

26 декабр куни Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўзбекистонлик икки амалдорга суиқасдда «чечен қўли» борлигини яна бир марта инкор қилиб, Комил Алламжонов ва Дмитрий Лига таҳдид қилди. Унинг айтишича, ғарбпараст ОАВлар президент оиласи ҳақида миш-мишлар тарқатмоқда.

«Агар мен бу суиқасдни тайёрлаганимда, ўша куниёқ ишни тугатган бўлардим. Мен ҳақимда бундай фикрда бўлмаслигингиз керак. Бу воқеани чуқур ўрганиш билан бирга, унинг устида ишлаётган терговчиларга нисбатан ҳам ички тергов зарур. Қандай бўлмасин, мен барча манфаатдор томонларга «чечен изи»ни ҳар хил фитналарга жалб қилмасликни қатъий маслаҳат бераман…

…Комил Алламжонов ва Дмитрий Лига қурбонлар ролини ўйнашга берилиб кетмасликни тавсия қиламан. Нимани режалаштираётган бўлсангиз, ўз вақтида тўхтатганингиз маъқул, акс ҳолда сиз барча интрига ва туҳматлар учун жавоб беришингиз керак бўлади. Бизнинг анъаналаримизга кўра жавоб ҳақида гапиряпман», деган Рамзан Қодиров.

У ноябр ойида ҳам Ўзбекистондаги суиқасд ишида «чечен изи» борлиги ҳақида тарқатилган хабарларни сиёсий ўйин ҳамда ўзбеклар ва чеченлар ўртасида низо келтириб чиқаришга қаратилган ҳаракат, деб баҳолаган эди.

Қодиров баёнотига Ўзбекистон томони Бислан Расаев ва Шамил Темирханов исмли Россия фуқароларини Интерпол орқали халқаро қидирувга бергани ҳақидаги хабарлар сабаб бўлди дейиш мумкин.

Дастлаб Lenta.ru сайти бу икки чеченистонлик шахслар – Ўзбекистон президенти администрациясининг собиқ мулозими Комил Алламжонов ва Истиқболли лойиҳалар агентлиги директори Дмитрий Ли ҳаётига ҳам суиқасд қилиш урингани, бу икки қотиллик учун буюртмачи уларга 1,5 млн доллар мукофот ваъда қилгани ҳақида ёзиб чиқди. Бу хабар асл манбадан ўчириб юборилган бўлса-да, бошқа сайтларда