Ижтимоий карта аҳолининг муайян тоифаларига бепул тарқатилиб, давлат томонидан бериладиган ижтимоий маблағлар (нафақалар, ёрдам пуллари, пенсиялар) шу картага туширилади. Карта талабалик, ногиронлик ва пенсия гувоҳномаси каби ҳужжатларнинг ўрнини босади; автобус ва метрода бепул юриш, электр, газ ва ўқиш харажатига компенсация олишда қўл келади.

Ижтимоий карта нима?

Бундан кейин ижтимоий хизматлардан фойдаланиш ва ёрдам олиш учун туғилганлик, ногиронлик тўғрисида, пенсия, талабалик гувоҳномаси, банк картаси каби 10 дан ортиқ ҳужжатларни кўтариб юриш шарт эмас.

Уларнинг ўрнини босадиган битта – ижтимоий карта жорий этилиб, тажриба сифатида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида одамларга берила бошлади.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг маълум қилишича, айни пайтда қуйидаги 9 турдаги тўловлар ушбу карта орқали бериляпти:

  • кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси;
  • кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам;
  • ёшга доир нафақа;
  • ногиронлик нафақаси;
  • ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳар ойлик моддий ёрдам;
  • ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларга ногиронлик нафақалари;
  • ногиронлиги бўлган болаларни парваришлаётган оналар учун нафақа;
  • протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари хариди учун ваучер;
  • боқувчисини йўқотганлик нафақаси.

2025 йилнинг 1 апрелидан булар қаторига яна 2 турдаги ижтимоий тўловлар — ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси, шунингдек, “Саховат ва кўмак”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жамғармалари ҳисобидан тўланадиган бир марталик моддий ёрдамлар қўшилади.

Ижтимоий карта функциялари босқичма-босқич кенгайтириб борилади. Кейинчалик карта билан автобус ва метрода бепул юриш, электр, газ ва ўқиш харажатига компенсация олиш ҳам мумкин бўлади.

Нега ижтимоий карта жорий этиляпти?

Ижтимоий карта нафақат ижтимоий ёрдам олиш ва имтиёзлардан фойдаланишни осонлаштиради, балки давлат учун ҳам харажатлар арзонлашади, бюрократия камаяди.