Асакада 13 ёшли қизга шилқимлик қилган эр-хотин иши ОАВ эътиборига тушгач прокуратура суд қарори қонунийлигини ўрганди ва протест киритди. Аммо сўнгги 3 ойда ҳудудларда вояга етмаган қизларга шаҳвоний шилқимлик қилиш билан боғлиқ ўнга яқин ҳолат кузатилган. Уларнинг барчасида шилқим эркаклар маъмурий жазо билан қутулган. Олий суд пленумининг тегишли қарорида эса 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан содир этилган шаҳвоний шилқимлик Жиноят кодексининг 129-моддаси билан квалификация қилиниши белгиланган.

Асака воқеаси очиб берган туйнук

Асака туманида 13 ёшли қўшни қизга пул эвазига жинсий алоқада бўлиш таклифини берган эр-хотин иши судда тафтиш тартибида қайта кўриладиган бўлди. Ҳолат ОАВ эътиборига тушганидан сўнг Бош прокуратура маъмурий иш бўйича чиқарилган суд қарорлари қонунийлигини ўрганди.

Ўрганиш натижасига кўра, Бош прокуратура томонидан Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига жиноят ишлари бўйича Асака туман судининг 2024 йил 10 декабрдаги ҳамда Андижон вилоят суди апелляция инстанциясининг 2024 йил 23 декабрдаги қарорларига нисбатан тафтиш тартибида протест келтирилган.

Минг афсуски, Асакадаги ҳолат ҳозирча ягона эмас. Жамоатчилик хабар топмагани ортидан судда ими-жимида “маъмурий” бўлиб кетган жиноятлар талайгина. Биргина сўнгги 3 ойда республиканинг турли ҳудудларида вояга етмаганларга нисбатан шаҳвоний шилқимлик қилиш билан боғлиқ ўнга яқин ҳолат кузатилган. Уларнинг айримларини келтириб ўтамиз.

1-ҳолат: Музработ тумани

Сурхондарё вилоятининг Музработ тумани Деҳқонобод маҳалласида яшовчи 35 ёшли З.Э. вояга етмаган қўшни қизга шаҳвоний шилқимлик қилган. Ҳолат 2025 йилнинг 31 январ куни содир бўлган.

Суд қарорида келтирилишича, З.Э. ўша куни соат 12:00 ларда вояга етмаган қўшни қизни уйига чақириб олган ҳамда унга нисбатан шаҳвоний шилқимлик қилган. Судда З.Э. айбига иқрорлик билдирган ҳамда ўз яшаш уйида вояга етмаган Н.Х.нинг юзидан ўпганини, қилмишидан пушаймонлигини айтган.