Жаҳон | 00:09 / 04.03.2025
3149
2 дақиқада ўқилади

Эрон Европа билан ядровий масалалар бўйича музокараларни тиклайди

Эрон ТИВ вакилига кўра, Буюк Британия, Германия ва Франция ядровий музокараларни давом эттириш керак деб ҳисобламоқда.

Фото: ТАСС

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Исмоил Бекайи Буюк Британия, Германия ва Франция ядровий музокараларни давом эттириш бўйича келишувга эришганини маълум қилди.

ТИВда ҳар ҳафта ўтказиладиган матбуот анжуманида у журналистларнинг ўз мамлакатини ташқи сиёсат бўйича дастури ва минтақавий жараёнлар тўғрисидаги саволларига жавоб қайтарган.

АҚШ ва Россия вакиллари ўртасидаги музокаларда Эрон ядровий муаммоси муҳокама қилиндими, деган саволга у қуйидагича жавоб берди: «Табиийки, АҚШ ва Россия ўртасида ушбу масала бўйича музокаралар ўтказилмоқда, аммо муҳими, Эрон ядровий муаммоси бўйича қилинадиган ҳар қандай иш Эроннинг фикрисиз амалга ошмайди ва россиялик дўстларимиз, албатта, биз билан масалаҳатлашади». 

Шунингдек, Бекайи БАА Эрон ва АҚШ ўртасида воситачилик қилишига ҳам изоҳ берди. «Ушбу масалаларнинг муҳимлиги инобатга олинган ҳолда кўплаб томонлар уни ҳал этишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди. Шу боис мамлакатлар воситачиликни таклиф қилиши табиий», дейди ТИВ вакили.

Матбуот котибнинг таъкидлашича, Эронга нисбатан АҚШ санкцияларининг давом этиши душманлик белгиси сифатида кўрилади.

Шу билан бирга, Исмоил Бекайи Буюк Британия, Германия ва Франция иштирокида ядровий битим бўйича музокаралар жараёни қай ҳолатда эканига ҳам ойдинлик киритди. «Мазкур музокаралар давом эттирилади. Айни вақтда биз музокараларнинг янги раунди бўйича маслаҳатлашувлар олиб бормоқдамиз. Биз ва Европанинг учта давлати музокараларни керак деб ҳисоблаймиз», — дейди ТИВ матбуот котиби.

Аввалроқ сўнгги ойларда Хоманаийга қаттиққўл сиёсат тарафдорлари томонидан босим кучайгани тўғрисида хабар берилганди. 2024 йилда ўнлаб Эрон парламентарийлари Миллий хавфсизлик олий кенгашини Ислом Республикасининг ядро сиёсатини қайта кўриб чиқишга чақирган эди.

Мавзуга оид