Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташкил этилаётган йўлбўйи автотураргоҳлар учун максимал тарифни соатига 30 минг сўм деб белгилади. Бу ҳақда “Тошкент инвест” вакили маълум қилди.

Пойтахт ҳокимининг ўтган йили 16 октябрдаги қарорига асосан, пулли тўхтаб туриш жойларидан фойдаланиш тўлови тариф зонасига қараб (шаҳар марказида энг қиммат) 5 минг сўмдан 12 минг сўмгача деб тасдиқланган эди. Шу билан бирга, “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги қонуннинг 25-моддасида, пулли тўхтаб туриш жойларидаги тўлов миқдорини жой эгалари мустақил белгилаши кўрсатилган; бунда, ушбу нарх ҳудудий ҳокимликлар томонидан (Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишган ҳолда) белгиланадиган максимал тарифдан юқори бўлмаслиги керак.

Spot'нинг хабар беришича, 12 март куни шаҳар ҳокимлигида бўлиб ўтган учрашувда ушбу максимал тариф миқдори очиқланган.

“Тошкент Инвест Компанияси” АЖ раисининг биринчи ўринбосари Александр Гурконинг сўзларига кўра, ҳозирда Тошкентда ташкил этилаётган пулли автотураргоҳлар тўртта тариф зонасига ажратилган: соатига 5, 8, 10 ва 12 минг сўмдан. Бунда, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишган ҳолда, максимал тариф 30 минг сўм деб белгиланган.

Александр Гуркога кўра, пойтахт бўйлаб 200 мингдан ортиқ автомобилга мўлжалланган пулли тўхташ жойларини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Биринчи босқичда шаҳарнинг 86 та нуқтасида 13-14 мингта ўринга эга йўлбўйи автотураргоҳлар фойдаланишга топширилади. Уларнинг дастлабкилари жорий март ойи охиригача тест режимида, эҳтимол Миробод ва Яккасарой туманларидаги бир нечта кўчада ишга туширилади. Июл ойидан бошлаб эса пулли паркингни шаҳар бўйлаб кенг кўламда жорий этиш кўзда тутилган.

“Тошкент Инвест” расмийсининг айтишича, Тошкент шаҳрида пулли автотураргоҳлар ташкил этиш ва улар учун ягона ахборот тизимини яратиш бўйича тендерларда ғолиб деб топилган Streetpark Systems компанияси айни пайтда мобил илова ишлаб чиқиш устида ишламоқда. Бу илова орқали ҳайдовчилар пойтахтдаги автотураргоҳлар учун тўлов қилишлари мумкин бўлади.

Расмийлар пулли автотураргоҳларни ташкил этиш натижасида тирбандликлар камайиши ва ҳаракат тезлиги ошишини кутмоқда. Масалан, Саид Барака кўчасида 250 та ўринга эга паркинг очилиши тирбандликни 18 фоизга камайтириши, ўртача ҳаракатланиш тезлигини эса 14 фоизга (соатига 37 дан 42 км/соатгача) ошириши прогноз қилиняпти.

Автотураргоҳ учун тўлов қилиниши видеокузатув камералари орқали назорат қилинади. Тўлов қилинмагани учун маъмурий жавобгарлик 2026 йилдан бошлаб жорий этилиши мумкин.