Kun.uz таҳририятига Россиядаги қамоқхонадан мажбурий урушга юборилган ўзбекистонликнинг мурожаати келиб тушди. 26 ёшли Шоҳрух Отахонов Хоразм вилоятида туғилган, 2017 йилдан Россияга қатнаб, қурилиш соҳасида ишлаган ва ҳайдовчилик билан шуғулланиб келган.
У охирги марта 2022 йил августида ишлаш учун Москвага борган. Ўзининг айтишича, 2022 йил ноябр ойида тожикистонлик йигитни таксида аэропортга олиб кетаётганида Россия кучишлатар тузилмалари ходимлари томонидан тўхтатилган, йўловчининг ёнидан 70 грамм миқдоридаги гиёҳвандлик моддаси топилган. Ушбу ҳодиса ортидан Отахонов ҳам айбдор деб топилган ҳамда 2023 йил май ойида суд ҳукми билан 9 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. У жазони Уляновская областидаги Димитровград шаҳрида, қаттиқ тартибли колонияда ўтаган.
«Мен ўтирган колонияда 200 дан ортиқ ўзбек, 200 дан кўпроқ қирғиз ва тожиклар бор эди. Биз келганимиздан кейин уч ой ўтиб, урушга юборишга тарғибот бошланди. Дастлаб қўрқитишди, ёлғиз қамаб қўйишди, қамоқхона ходимига ҳужум қилдинг деб «срок»ни кўпайтирамиз, дейишди. Ҳақиқатан ҳам урушга бормайман деганларга яна бир неча йил муддат қўшиб беришди. Менгача жами 28 нафар ўзбекистонлик маҳбус урушга кетганди.
Мен колонияда 1,5 йилдан кўпроқ ётдим, 2024 йил охирида қандайдир ҳужжатга қўл қўйдиришди. Эртаси куни мудофаа вазирлиги ходимлари келиб бизга Россия паспортини кўрсатишди, лекин қўлимизга бермади. Шу бўйи Ўзбекистон паспортини ҳам, руслар берган ҳужжатни ҳам кўрмадик».

Шундан сўнг уни дастлаб самолётда, кейин поездда Украинанинг Россия томонидан қисман босиб олинган Луҳанск областига олиб боришган. Димитровграддан Луҳанскка қадар қарийб 1,5 минг километр масофа бор.
«Декабр ойида бу ерга бошқа қамоқхоналардан ҳам ўзбеклар келди. Бизга ҳарбий кийимлар беришди, уч кунда кейин Донецкдаги ҳарбий қисмга олиб боришди. У ерда 1,5 ой «тренировка» қилдик. 2025 йил 1 февралдан биз жанговар вазифаларни олиб, урушга чиқишни бошладик», дейди Шоҳрух.
«Ҳақиқий урушга чиққанимизда ҳеч нарса очиқ айтилмаган. Пиёда штурм қилдик, рациядан айтиб туришарди қайси бинога боришни. Лекин ҳеч ким билмайди у ерда душман борми ёки пистирмами, таваккал борамиз.
4 феврал куни Донецк областидаги Запорижжя қишлоғи яқинида тепамиздан дрон ҳужум қилиб, бомба ташлади. Осколкалар менга ҳам тегди, ўша жойда 18 февралгача қолиб кетдим. Украин аскарларидан қолган егуликлар ва қудуқдаги ифлос сувдан ичиб кун ўтказдик. Об-ҳаво туманли бўлиб, дронлар учмай қўйганидан кейин 4 киши бўлиб ҳарбий қисмга қайтиб келдик. У ерда осколка теккан оёғимга зелёнка ва маз суришди, қотгандан кейин яна жангга чиқариб юборишди: 20 кун битта бинони қўриқладик. Жангдан қайтиб, бормайман деганларнинг ўзларини отиб ташлашди.

















