Оҳангаронда боғча боласи ўлими юзасидан жиноят иши очилди

Тошкент вилояти, Оҳангарон шаҳридаги боғчада содир бўлган ҳодиса юзасидан жиноят иши очилди.

Аниқланишича, 28 август куни давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси, 3 ёшли ўғил бола ошхонада турган ҳашаротларга қарши дори воситасини истеъмол қилиб, заҳарланган. Шаҳар тиббиёт бирлашмасида кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан бола орадан 2 кун ўтиб, 30 августда вафот этган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши доирасида 1 нафар шахс гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган.

Тошкентда жамоат транспортида электрон тўлов нархи ошади

1 октябрдан Тошкент шаҳрида автобус ва метрода бир марталик қатнов учун электрон тўлов нархи ошади. Бу ҳақда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга кўра, автобус ва метрополитенда бир йўловчининг бир марталик қатнови учун нақд тўловда 3000 сўмлигича қолади, электрон тўлов тизими орқали тўланганда эса рағбатлантирувчи чегирма билан 2500 сўм ундирилади. Бир йўловчининг багажини ташиш хизмати 4000 сўм этиб белгиланган.

Транспорт картасидан фойдаланиб, бир соат ичида бир автобусдан бошқасига ўтилганда биринчи автобус учун 2500 сўм, иккинчиси учун 1500 сўм тўланади. Учинчи ва кейинги автобусларда қатнов бепул бўлади.

Газлашмаган ҳудудлар учун электр энергиясига имтиёзли тарифлар ишлаб чиқилади

«Ёқилғи-энергетика тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари» тўғрисидаги президент фармони қабул қилинди. Фармонда газлашмаган ҳудудлар учун электр энергиясига имтиёзли тарифларни жорий қилиш вазифаси қўйилган. Жумладан, ҳужжатда 2027 йил февралгача: — электрлаштириладиган истеъмолчилар, шунингдек, табиий газ таъминоти мавжуд бўлмаган ва иситиш мақсадида электр энергиясидан фойдаланиб келаётган истеъмолчилар учун электр энергиясининг имтиёзли тарифларини белгилаш; — электрлаштириш натижасида алмаштириладиган энергия самарадорлиги юқори бўлган маиший техникаларни сотиб олишда қўллаб-қувватлаш механизмларини жорий этишдан иборат электрлаштириш концепцияси ишлаб чиқилиши кераклиги белгиланган.

Лойиҳа 2027 йил апрелгача ҳукуматга киритилиши кўзда тутилган.

Жиззахда ЙҲХБ инспектори содир этган «авария»да бир киши ҳалок бўлди

Жиззах вилояти, Зомин туманида 26 сентябрдан 27 сентябрга ўтар кечаси инсон ўлими билан боғлиқ ЙТҲ содир бўлди.

Kun.uz манбаси хабарига кўра, 34 ёшли Д.А. Lacetti машинасини бошқариб кетаётиб, ўзидан олдинда чапга бурилишни амалга ошираётган юк машинаси ортига бориб тўхтаган. Шунда бир йўналишда келаётган, Жиззах вилояти ЙҲХБ инспектори 27 ёшли Ж.А. бошқарувида бўлган иккинчи Lacetti ортдан келиб урилган. Оқибатда олдиндаги Lacetti юк машинаси билан тўқнашган. Унда йўловчи сифатида кетаётган 35 ёшли Ф.Р. оғир тан жароҳати олиб, шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган. 3 фарзанднинг отаси бўлган эркак кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, шифохонада вафот этган.

Инспектор машинани маст ҳолда бошқаргани айтилмоқда. Ҳозир ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Хивада «ақлли шаҳар» барпо этиш лойиҳаси бошланди

Покистоннинг Habib Rafiq Engineering компанияси Хива шаҳрида «ақлли шаҳар» барпо этиш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга оширишга киришди.

Лойиҳа Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси, Хоразм вилояти ҳокимлиги ва компания ўртасида олиб борилган музокаралар натижасида йўлга қўйилган.

Унинг доирасида Хиванинг янги қисмини замонавий шаҳарсозлик тамойиллари асосида барпо этиш режалаштирилган. Ҳудудда турар жой мажмуалари, ижтимоий ва тижорат объектлари, транспорт ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқлари, коммунал хизмат кўрсатиш объектлари босқичма-босқич қурилиши кўзда тутилган. Хабарда инвестиция миқдори, лойиҳа майдони ва уни якунлаш муддатлари очиқланмаган.