Қишлоқ хўжалиги соҳасига ёпишган яна бир дард бор: ОАВда чиққан материалларга нисбатан ҳокимият ва бошқа идоралар томонидан кўр-кўрона муносабатлар эълон қилиб, муаммони ёпишга уриниш. Ана шундай ҳолатлардан бири бўкалик деҳқонлар дарди ва Тошкент вилоят ҳокимлиги уни қандай “ёпгани” мисолида таҳлил қилинди.
Жорий йил 16 апрел куни Kun.uz сайтида касаначи оилаларнинг ерлари тортиб олинаётгани, кўплаб оилалар ҳақ-ҳуқуқи учун курашиши самара бермаётгани ҳақида материал эълон қилинганди.
Унда Тошкент вилоятининг Бўка туманида касаначи аёлларга 5 йил аввал 25 гектар ер бўлиб берилгани, оилалар у ерда 100 мингдан ошиқ тут кўчатлари ўтқазишгани, энди эса тутзор улардан олиб қўйилиб, аукционда сотилаётгани айтилганди.
Касаначи оилаларнинг 5 йиллик меҳнатини тортиб олишмоқчи. Оилалар ҳақ-ҳуқуқи учун курашмоқда
Жорий йил 18 апрел куни Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот котиби ҳокимликнинг вазиятга муносабатини эълон қилди.
Мазкур муносабатни Фермерлар кенгаши бош ҳуқуқшуноси Чорихон Қодиров ёлғон, кўр-кўрона жамоатчиликни чалғитиш деб баҳолайди. Журналист Шокир Шарипов ва Чорихон Қодиров навбатдаги таҳлилда давлат ташкилотлари матбуот хизматларининг ОАВда чиқаётган танқидий материалларга кўр-кўрона ёндашувини таҳлил қилди.
Ш.Шарипов: Чорихон ака, ўтган кўрсатувда биз сиз билан бирга Бўкадаги вазиятни ёритган эдик – касаначиларнинг ерларини ноқонуний олиб қўйишаётганини. Кейин билсак, ҳокимиятнинг ўзига хос “муносабати” чиқибди...
Ч.Қодиров: Шундай. Кўрсатув чиққанидан кейин фермер хўжалиги номига ҳокимият туҳмат қилиб турибди, “белгиланган ер майдонига ўзбошимчалик билан тут кўчатлари эккан, тузилган шартнома қоидаларига амал қилмаган, ердан бошқа мақсадларда фойдаланиб келган”, деб. Бизнинг ҳимоямиздаги фермер хўжалигига туҳмат қилингани учун қараб туролмаймиз.









