29 июнь куни Исроилнинг ички разведка хизмати Шин Бет хавфсизлик марказига ташрифи чоғида бош вазир Бинямин Нетаняҳу Эрондаги ҳарбий операцияларидан сўнг «кўплаб имкониятлар очилганини», жумладан Ғазода асирликда қолаётган гаровдагиларни уйга қайтариш имконияти ҳам юзага келганини айтди.

«Авваламбор, гаровдагиларни қутқариш. Албатта, Ғазо масаласини ҳал қилиш, Ҳамасни мағлуб этиш ҳам керак, лекин мен ҳар иккала вазифани ҳам бажарамиз деб ҳисоблайман», — дейилади Нетаняҳу девони томонидан тарқатилган баёнотда.

CNN нашрининг ёзишича, Нетаняҳунинг бу изоҳи – гаровдагиларни озод қилишни Ҳамасни тор-мор этишдан устун қўйганини очиқ айтган илк ҳолатлардан бири ҳисобланади.

Бир неча ойлар давомида Нетаняҳу Ғазодаги Ҳамасни мағлуб этишни асосий мақсад сифатида кўрсатиб келган ва «тўлиқ ғалаба» ҳақида гапирган эди. Май ойи бошида у Ҳамасни тор-мор этишни «энг олий вазифа» деб атаган, гаровдагиларни озод қилиш эса бу йўлда иккинчи даражадаги масала бўлган.

Фото: Исроил бош вазири офиси

Нетаняҳунинг якшанба куни берган изоҳларида Исроилнинг урушдаги мақсадлари ҳақида сезиларли ўзгариш мавжуд. У гаровдаги шахслар оилалари, мухолифатдаги сиёсатчилар ва Исроил жамоатчилигининг катта қисми томонидан гаровдагиларни асосий устуворликка айлантирмаганликда танқид қилиниб келмоқда.

Нетаняҳунинг баёнотига жавобан «Гаровдагилар ва йўқолганлар оилалари штаби» барча 50 нафар гаровдаги шахсни қайтариш ва Ғазодаги урушни тугатишга доир ягона, кенг кўламли келишув зарурлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, Нетаняҳу нутқининг бошқа қисмида «минтақавий миқёсдаги кенгроқ имкониятлар ҳам очилмоқда», деб айтди. ОАВларга кўра, бу Исроилнинг Форс кўрфази давлатлари билан муносабатларни нормаллаштиришга қаратилган «Иброҳим келишувлари»ни кенгайтиришга доир ҳаракатларига ишора бўлиши мумкин. АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф Иброҳим келишувларига қўшилиши мумкин бўлган давлатлар билан боғлиқ муҳим эълонлар берилиши кутилаётганини айтган эди