Ўзбекистон | 12:00 / 02.08.2025
13770
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида қуриладиган аэропорт қандай бўлади?

Янги аэропортни Тошкент шаҳридан жанубда Самарқанд билан боғловчи амалдаги автомобил йўли ва яқин келажакда қуриладиган пулли трассага яқин жойда қуриш режалаштириляпти. Янги аэропорт биринчи босқичда йилига 20 млнгача йўловчига хизмат кўрсатиш, 169 та самолётни жойлаштириш ва бир вақтнинг ўзида соатига камида 40 дан ортиқ учиш ва қўнишни таъминлаш имкониятига эга бўлади.

Янги қуриладиган аэропорт ҳозирги аэропортдан 17 км узоқликда – Тошкент шаҳридан жанубда жойлашади. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» каналига берган интервюсида транспорт вазири Илҳом Маҳкамов маълум қилди.

Лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилади. Янги аэропорт Самарқанд билан боғловчи амалдаги автомобил йўли ва яқин келажакда қуриладиган пулли трассага яқин жойда бўлиши режалаштирилган.

Uzbekistan Airports компанияси раҳбари Жавлонбек Умархўжаевнинг таъкидлашича, пойтахтнинг мавжуд аэропорти йилига 11 млн йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга.

«Ҳозирги кундаги иқтисодий ўсиш, туристлар оқимининг кўпайиши ва халқаро ишбилармонлик алоқаларининг кенгайиши ҳисобига ҳозирги Тошкент халқаро аэропорти ўсиб бораётган юкни кўтара олмаяпти. Куннинг тиғиз пайтларида тирбандликлар, автотураргоҳларга машиналарнинг сиғмаслиги кузатиляпти», — деди у.

Uzbekistan Airports раҳбарининг қўшимча қилишича, 2030 йилдан сўнг йўловчилар сони 15 млн нафардан ошиши кутиляпти. Бироқ бир вақтнинг ўзида бир нечта учиш-қўниш йўлагидан фойдаланиш имконсиз.

«Яна бир муҳим жиҳатлардан бири бу – ҳаво ҳудуди. Мавжуд аэропорт шаҳар марказига яқин жойлашгани ҳисобига учиш траекториясида манёвр қилиш масаласи 50 фоизгача чекланган. Тошкент аэропорти 2030 йилгача ўзининг барча ресурсларидан фойдаланиб бўлади», деди Жавлонбек Умархўжаев.

Янги аэропорт биринчи босқичда йилига 20 млнгача йўловчига хизмат кўрсатиш, 169 та самолётни жойлаштириш ва бир вақтнинг ўзида соатига камида 40 дан ортиқ учиш ва қўнишни таъминлаш имкониятига эга бўлади. Терминал биносидан самолётга тўғридан тўғри кириб кетиш имконини берадиган кўприкларнинг сони биринчи босқичда 14 та бўлади, лойиҳа якуни билан уларнинг миқдори 45 тага етказилади.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид