Жаҳон | 14:29 / 26.09.2025
15224
3 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ташқи ишлар вазири ишдан олинди

АҚШ сафаридан кейин президент Тўқаев ташқи сиёсат бўйича кадрлар ротациясини амалга оширди, ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеудан ташқари АҚШдаги элчи ҳам лавозимидан озод қилинган.

Қозоғистон бош вазири ўринбосари – ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу лавозимидан озод этилди. У тегишли фармон билан Қозоғистон президентининг халқаро инвестициялар ва савдо ҳамкорлиги масалалари бўйича ёрдамчиси этиб тайинланган.

Умуман, президент Қосим-Жўмарт Тўқаев АҚШ сафаридан қайтгач, кенг кўламли кадрлар алмашинуви амалга оширган.

Канат Шарлапаев Қозоғистон президентининг иқтисодий масалалар бўйича ёрдамчиси лавозимидан, Ержан Казихан президентнинг халқаро масалалар бўйича ёрдамчиси лавозимидан, Ернар Баспаев президент маслаҳатчиси лавозимидан, Закария Кунсулу президентнинг фан ва инновациялар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимидан, Зулфия Сулейменова президент маслаҳатчиси – Қозоғистон президентининг халқаро экологик ҳамкорлик бўйича махсус вакили лавозимидан, Тамара Дуйсенова президент ёрдамчиси лавозимидан, Ержан Ашикбаев Қозоғистоннинг АҚШдаги элчиси лавозимидан, Ерлан Алимбаев Қозоғистоннинг Женевадаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги доимий вакили лавозимидан озод этилди.

Мурат Нуртлеу ўрнига Ермек Кушербаев мамлакатнинг янги ташқи ишлар вазири сифатида иш бошлаган.

Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Ермек Кушербаев

Ермек Беделбаевич Кушербаев муқаддам Қозоғистоннинг Россиядаги элчиси (2020-2023 йиллар), Шарқий Қозоғистон области акими (2023-2025) бўлиб ишлаган, 2025 йил февралидан буён республика бош вазир ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келган.

Мурат Нуртлеу 2023 йил апрелидан буён бош вазир ўринбосари – ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаётганди. У муқаддам Қозоғистоннинг Финландия ва Эстониядаги элчиси, 2019 йилдан президент Тўқаевнинг ёрдамчиси, президент администрацияси раҳбари ўринбосари, президент администрацияси раҳбари каби лавозимларда ҳам фаолият юритган.

2025 йил 4 сентябр куни Мурат Нуртлеу Хитойда бўлиб ўтган ШҲТ саммитидан қайтганидан кейин ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалганди. Хусусан, ҳукумат таъсиридаги Orda.kz нашри Нуртлеу ўз уйида қўлга олингани, унинг уйида тинтув ўтказилганини ёзганди.

Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги бу маълумотни рад этиб чиққанди. Аммо вазирлик Нуртлеунинг ишчи учрашуви ҳақида хабарида унинг эски суратидан фойдаланганди.

8 сентябр куни Мурат Нуртлеу ҳукумат уйида кўриниш бериб, ўзининг қўлга олингани ҳақидаги хабарларни рад этганди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид