Футбол бўйича 2026 йилги Жаҳон чемпионатига қуръа ташланди. Унга кўра, Ўзбекистоннинг илк мундиалдаги биринчи рақиблари Колумбия ва Португалия бўлади. Қитъалараро саралашдан ўтиб, гуруҳимиздан жой эгаллашга Конго ДР, Ямайка ва Янги Каледония даъвогарлик қиляпти. Хўш, гуруҳимиз ҳақида дастлабки муносабатлар қандай?

Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваронинг сўзларига кўра, ЖЧга чиққандан кейин у ерда рақиб танлаш маъносиз, чунки у ерда кучсиз жамоа бўлмайди.

“Бу – жаҳон чемпионати, бу ерда қуръада ким тушишига қараб шикоят қилиб бўлмайди. Португалия ҳам, Колумбия ҳам жуда жиддий рақиблар. Футболчиларимиз учун бу беллашувлар катта ҳаяжон ва қимматли тажриба бўлади”, – деди Каннаваро.

Италиялик мутахассиснинг айтишича, унинг шогирдлари ҳар бир ўйинда бор куч билан майдонга тушади. “Мундиалда бўлаётганимиздан жуда мамнунмиз. Энди энг муҳими – тайёргарликни тўғри олиб бориш ва охиригача курашиш”, – дейди у.

ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов қуръа ҳаяжонли бўлганини айтди.

“Албатта, ЖЧ – бу биз учун биринчи тажриба. Ишонамизки, жамоамиз яхши тайёргарлик кўриб, халқимизни хурсанд қилиб, чиройли ўйинлари билан кейинги босқичларга чиқиш вазифасини уддалаймиз. ЖЧда ўйинлар бир-биридан қизиқ бўлади, осон ўйин бўлмайди, шунга яраша пухта тайёргарлик кўрамиз. Энг муҳими, мухлисларимиз билан мана шу ЖЧдан завқланиб... Бу – бутун умрга эсда қоладиган Ўзбекистоннинг биринчи жаҳон чемпионати бўлади”, – деди у.

Миллий жамоа сардори Жалолиддин Машарипов қуръадан олдин Португалия тушишини тахмин қилганини айтди.

“Қуръадан аввал Португалия тушса керак, деб ўйлагандим. Мухлислар ҳам Роналду ё Мессининг жамоаси дуч келишини хоҳлашаётганди. Португалия билан тушганимиз яхши бўлди. Бундай ташқари, Колумбия ҳам яхши жамоа. Худо хоҳласа, зўр ўйинлар ўтказамиз. Биринчи вазифамиз – гуруҳдан чиқиш ва умид қиламанки, буни уддалаймиз”,