Хаби Алонсо учун даҳшатли оқшом
«Реал» – «Селта» 0:2
Голлар: Сведберг, 53 (0:1). Сведберг, 90 (0:2)
«Реал»: Куртуа, Эдер Милитао (Рюдигер, 24), Каррерас, Ф. Гарсия, Раул Асенсио (Родригу, 54), Тшуамени, Арда Гулер (Г. Гарсия, 74), Беллингҳэм, Валверде, Винисиус Жуниор, Мбаппе
«Селта»: Раду, Старфелт, Алонсо, Родригес, Мориба, Роман (Белтран, 84), Мингеса (Руэда, 71), Каррейра, Сарагоса (Ҳутгла, 71), Дуран (Сведберг, 46), Иглесиас (Аспас, 88)
Огоҳлантиришлар: Беллингҳэм, 62. Ф. Гарсия, 63. Валверде, 90. Родригу, 90. Каррерас, 90 – Мориба, 83
Четлатишлар: Ф. Гарсия, 64 (иккинчи сариқ). Каррерас, 90+1 (иккинчи сариқ)
Ўйиннинг биринчи бўлимидаги энг асосий вазият – Эдер Милитаонинг жароҳати бўлди. У рақиб форварди Пабло Дуранни таъқиб қилаётиб, белидан жароҳат олди. У дарҳол газонга қулади ва ўйинни давом эттира олмайдиган бўлди.

Бу Милитао учун жорий мавсумдаги иккинчи жароҳат бўлиб, буниси олдингисидан жиддийроқ бўлиб чиқди. Худди бразилиялик футболчига қарғиш теккандек: қаторасига икки бор унинг хочсимон пайлари узилиб кетди, бир йилдан ортиқ тикланиш жараёнидан кейин сафга қайтганида эса танасининг бошқа қисмларида муаммолар юзага келмоқда.

Ҳолбуки «Реал» ҳимоясида шусиз ҳам муаммолар етарлича эди, Дани Карваҳал ва Трент ҳам сафдан чиққани туфайли ўнг қанот ҳимоясида Раул Асенсиони туширишга тўғри келганди. Ва ўйин ушбу ҳимоячи учун жуда ёмон бошланди. Аввалига Сарагоса тўпни унинг оёқлари орасидан ўтказиб, болаларча алдаб ўтди. Кейин эа Асенсио оддий вазиятда тойиб кетди ва тўпни рақибга совға қилди.
Шу куни Жуд Беллингҳэм ҳам, Арда Гулер ҳам бошланғич таркибда тушганди. Натижада «Реал» майдон марказини назорат қилди, аммо бу биринчи бўлимда етарлича хавфли вазиятлар яратилишини таъминлай олмади. 45 дақиқа давомида мезбонлар ҳужумида фақат Беллингҳэмнинг бош билан йўллаган зарбаси хато кетгани ва Гулер деярли 11 метрлик нуқтадан тўғри зарба беролмагани ёдда қолди. Шу билан бирга, «Селта» қарши ҳужумларда вазиятлар яратди. Шундай экан, ўйинни фақат бир дарвоза томон кечди дейиш қийин эди.
Умуман олганда, биринчи бўлимда голли вазиятлардан кўра, хавфли тўқнашувлар кўпроқ бўлди. Бу борадаги ғолибликни Милитаонинг ўрнига туширилган Рюдигерга бериш мумкин, эпизодлардан бирида у тўпдан анча узоқда турган Сарагосани уриб йиқитди ва бу вазият учун на жарима зарбаси, на огоҳлантириш берилди.












