Иқтисодиёт | 15:22
806
3 дақиқада ўқилади

Россия бензин ва дизел экспортига қўйилган тақиқни тўртинчи марта узайтирди

Россия автомобил бензини ва дизел ёқилғиси экспортига қўйилган тақиқни 2026 йилнинг 28 февралигача узайтирди. Ушбу тақиқ Украинанинг Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужумлари ортидан 2024 йилнинг август ойида жорий қилинганди. Шундан кейин киритилган чекловларнинг амал қилиш муддати 4 марта узайтирилди.

Фото: Shutterstock

Россия автомобил бензини ва дизел ёқилғиси экспортига қўйилган вақтинчалик тақиқни 2026 йилнинг 28 февралигача узайтирди. Бу қарор «ички ёқилғи бозорида барқарор вазиятни сақлаб қолиш» билан изоҳланган.

Мамлакатдан бензин олиб чиқиш барча экспортчилар, шу жумладан, бевосита ишлаб чиқарувчилар учун ҳам амал қилади. Дизел ёқилғиси бўйича чекловлар эса нефт маҳсулотларини бевосита ишлаб чиқарувчиларга нисбатан қўлланмайди.

Экспорт тақиқи 28 декабрдан бошлаб кучга кирди. Бунда бензин экспортига қўйилган вақтинчалик чеклов халқаро ҳукуматлараро битимлар доирасида амалга ошириладиган етказиб беришларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Россия бош вазири ўринбосари Александр Новак 2025 йил 25 декабр куни Россияда нефт маҳсулотлари бозори ҳозирда мувозанатлашганини, аввал ишлатилган захиралар эса бир йил аввалгидан ҳам юқори даражагача тикланганини маълум қилганди. Унинг таъкидлашича, август–сентябр ойларидаги талаб юқори бўлган даврда бозор «қўлда бошқариш» усулида тартибга солинган.

Уруш фонида Россиянинг бензин экспортига тақиқ киритиши

Россияда бензин экспортига тақиқ – Украина билан урушда бир қатор нефтни қайта ишлаш заводлари ҳужумга учраши ортидан 2024 йил феврал ойида киритилган. Бунда ЕОИИ мамлакатлари, Ўзбекистон ва Мўғулистонга халқаро шартномалар бўйича етказиб бериш истисно этиб белгиланган.

Дастлаб тақиқ 2024 йил 1 мартдан 31 августгача амал қилиши кўзда тутилганди, лекин дронлар ҳужумига учраган НҚЗлар яна тўлиқ қувватда ишлай бошлагач, ички бозордаги тўйиниш ортидан май ойига келиб тақиқ ечилганди.

Август ойига бориб РФ ҳукумати бензин экспортини яна тўхтатди ва тақиқ 2025 йил 28 февралгача амал қилиши белгиланди. Кейинчалик бу муддат 2025 йил 31 августгача узайтирилди. Чеклов бунгача трейдерлар ва нефт базаларига тааллуқли бўлган бўлса, энди нефт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга нисбатан ҳам татбиқ этила бошлади. Сентябр ойи охирида чекловлар 2025 йил охиригача узайтирилди.

Аввалроқ бир қатор минтақаларда ишлаб чиқаришнинг пасайиши ва бензин тақчиллиги фонида Россия ҳукумати ички ёнилғи бозорини қўллаб-қувватлаш учун бир қатор чора-тадбирларни тайёрлаётгани хабар қилинганди. Хусусан, Узоқ Шарқдаги бир нечта назорат-ўтказиш пунктлари орқали Хитой, Жанубий Корея ва Сингапурдан олиб келинган бензинга 5 фоизлик божхона тўловидан воз кечиш таклиф қилинганди.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид