Иқтисодиёт | 11:44 / 05.01.2026
1267
3 дақиқада ўқилади

ОПЕК+ нефт қазиб олишнинг барқарор даражасини сақлаб қолади

Reuters агентлиги инсайдери сўзларига кўра, нефт экспорт қилувчи саккиз давлат, шу жумладан РФ ҳам, нефт қазиб олиш ҳажмини барқарор даражада сақлаб қолишга келишиб олди. ОПЕК+ 2026 йилнинг биринчи чорагида бу ҳажмларни ошириш бўйича паузани сақлаб қолади.

Фото: gov.kz

ОПЕК+ таркибига кирувчи нефт экспорт қилувчи саккиз давлат (Россия, Саудия Арабистони, Ироқ, БАА, Кувайт, Қозоғистон, Жазоир ва Умон) нефт қазиб олишнинг “асосан” барқарор даражасини сақлаб қолишга келишиб олди, дея Reuters агентлигига якшанба, 4 январ куни нефть алянсидаги манба шу давлатлар вакилларининг ўша кун кечроқ вақтга режалаштирилган учрашуви олдидан маълум қилди. Қайд этилишича, ОПЕК+ нефт қазиб олишни ошириш бўйича паузани 2026 йил биринчи чораги охиригача сақлаб қолади.

ОПЕК+ — Нефт экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилоти (ОПЕК) ва унинг иттифоқчилари бирлашмасининг янги учрашув чақиришига сабаб нефт нархларининг пастлиги бўлди: улар ўтган йилда 18 фоиздан кўпроққа тушиб кетган. Reuters таъкидлашича, бу 2020 йилдан бери энг кучли пасайиш бўлиб, таклиф ҳажми ортиб бориши (ортиқча таклиф) ҳақидаги хавотирлар билан изоҳланади.

Уч ой олдин айнан шу давлатлар 2025 йил ноябридан бошлаб нефт қазиб олишни кунига 137 000 баррелга оширишга келишиб олгани ОПЕК сайтида 5 октябр куни мазкур давлатлар вакилларининг видеоконференция форматидаги учрашувидан кейин эълон қилинган қўшма баёнотидан келиб чиққан эди. Давлатлар вакиллари 2024 йил январидан буён юзага келган ҳар қандай ортиқча ишлаб чиқариш ҳажмини тўлиқ қоплаш (компенсация қилиш) ниятини ҳам тасдиқлаган.

ОПЕК+ нефт қазиб олишни ошириш режалари ҳақида Reuters агентлиги манбаларга таяниб 3 октябр куни хабар берган эди. Унда ташкилотдаги асосий мамлакат — Саудия Арабистони қазиб олиш ҳажмини сезиларли оширишга эришишга уринаётгани, Россия эса бу қадамни анча камроқ миқёсда амалга оширишни таклиф қилаётгани қайд этилган.

Агентлик манбаларига кўра, Москва нефт нархларига босим тушиб кетишининг олдини олиш учун, шунингдек санкциялар сабаб ишлаб чиқаришни ошириш қийин бўлиши мумкинлиги туфайли, қазиб олишни кунига 137 000 баррелга оширишни таклиф қилган. Бироқ Саудия Арабистони нефт қазиб олишни бир неча баробар кўпроқ — мос равишда 274, 411 ёки 548 минг баррелгача оширишни истаган, чунки бу мамлакат тезда қазиб олишни кўпайтириш имкониятига эга ва бозордаги улушини оширишни хоҳлайди, деб ёзган эди Reuters.

ОПЕК+ таркибидаги саккиз давлат апрел ойидан қазиб олишни ошира бошлади: аввал бошида унча катта бўлмаган миқдорда — кунига 138 минг баррелга. Кейин май, июн ва июл ойларида — кунига 411 минг баррелга, августда — кунига 548 минг баррелга, сентябрда — кунига 547 минг баррелга.

Reuters изоҳлашича, ташкилот бозордаги улушини оширишни кўзламоқда, шунингдек нефт нархлари тушишини истаган АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан келаётган босимга ҳам жавоб беришга интиляпти.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид