Ўзбекистонда минглаб фуқаро навбатдаги молиявий пирамидага чув тушди. Бу сафар Pioneer Global Media номи остидаги платформа 6 ой ичида осон пул топиш илинжидаги фуқаролар чўнтагини қоқиб олди. Унга алданганларнинг кўпи кредит олиб ёки қарз кўтариб, пул тиккан. Одамлар кўнглига “10 та тухум, 4 та шашлик ва 3 та банан” билан кириб борган PGM уларнинг миллионлаб пулини ўзлаштира олди. Бу ҳақда Kun.uz’га хабар берган шахс 146 млн сўмидан айрилган. Афсуски, бундайларнинг аниқ сони маълум эмас.

Минглаб ўзбекистонликлар навбатдаги молиявий пирамидага алданди. Бу сафар PGM, яъни Pioneer Global Media номи остидаги платформа 6 ойда “уруғ қадаб”, “ҳосил”ни ҳам йиғиштириб олишга улгурди.

PGM нима?

Pioneer Global Media платформаси шакли ва услуби аввалгиларидан умуман фарқ қилмайдиган молиявий пирамида. Компания Лондонда жойлашгани, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш фаолияти билан шуғулланиши айтилади. Компания сертификатлари сифатида исталган одам ясаши мумкин бўлган иккита сурат келтирилган.

“2009 йилда ташкил этилган PGM ўзининг ижодий ва самарали реклама агентлиги билан машҳур бўлиб, йирик шаҳар марказларида фаолият юритади. PGM YouTube, Instagram, TikTok, Facebook, Globoplay, Messenger, Steam ва бошқалар каби йирик глобал ижтимоий дастурий таъминот ва ўйин операторлари билан реклама бўйича ҳамкорликни йўлга қўйди”, дейилади платформанинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида.

PGM 2019 йилда Ўзбекистонга рақамли тадбиркорликни ривожлантириш ва маҳаллий технологик экотизимни мустаҳкамлаш мақсадида кириб келгани маълум қилинган.

PGM’нинг онлайн ходимлари дастурни юклаб олганидан сўнг компания реклама учун ҳамкорлардан ҳақ олиши, ушбу тўловларнинг 70-80 фоизи онлайн ходимларга иш ҳақи сифатида тўланиши билдирилган. Онлайн ходимлар гўёки меҳнат депозити сифатида пул тикишлари керак. Сўнгра уларга кунлик вазифа топширилади. Вазифалар асосан қандайдир иловаларни юклаб олиш билан боғлиқ. Вазифа бажарилгач онлайн ходимга кунлик ҳақ тўланади.

Албатта, буларнинг бари ушбу платформа аслида молиявий пирамида эканини яшириб туриш учун фойдаланилган ёлғон. Асосий мақсад эса депозит қўйдириш орқали одамларни чув тушириш.