28 феврал куни Эрон жанубидаги Миноб шаҳридаги бошланғич мактабга берилган зарба – АҚШ ва Исроил Эронга ҳужум бошлаганидан бери тинч аҳоли орасида маълум бўлган энг йирик талафотдир. Ҳозирча ҳеч бир томон ушбу ҳодиса учун масъулиятни зиммасига олгани йўқ.

New York Times нашри янги эълон қилинган сунъий йўлдош тасвирлари, ижтимоий тармоқлардаги постлар ва тасдиқланган видеолар асосида далиллар мажмуасини тўплади. Унга кўра, далиллар мактаб биноси – Ислом инқилоби муҳофизлари корпусига тегишли ҳарбий-денгиз базасига қилинган ҳужумлар билан бир вақтда аниқ йўналтирилган зарба натижасида жиддий зарар кўрганини кўрсатмоқда.

АҚШ кучлари Ҳўрмуз бўғози яқинидаги ҳарбий-денгиз нишонларига ҳужум қилаётгани ҳақидаги расмий баёнотлар ушбу зарбани катта эҳтимол билан улар амалга оширганидан далолат беради, деб ёзмоқда NYT.

Болалар дарсда бўлган

Аниқ нима содир бўлганини аниқлашга қурол парчаларининг кўзга ташланмаслиги ва ташқи мухбирларнинг воқеа жойига етиб бориш имконияти йўқлиги тўсқинлик қилмоқда. Умумий қурбонлар сони ҳали мустақил равишда тасдиқланмаган. Бироқ Эрон соғлиқни сақлаш расмийлари ва давлат оммавий ахборот воситалари «Шажарайи Тоййиба» бошланғич мактабидаги зарба оқибатида камида 175 киши ҳалок бўлганини, уларнинг кўпчилиги болалар эканини маълум қилди.

Минобдаги қабристонда мактабда ҳалок бўлган болалар ва ўқитувчилар учун қабр қазилмоқда / Фото: Associated Press

Бошланғич мактаб Теҳрондан қарийб 1000 кмдан кўпроқ масофада, муҳим сув йўли бўлган Ҳўрмуз бўғози яқинидаги кичик Миноб шаҳарчасида жойлашган. Шанба куни Эронда иш ҳафтасининг бошланиши бўлгани сабабли зарба берилган вақтда болалар ва ўқитувчилар дарсда бўлишган.

Зарбалар ҳақида биринчи бўлиб маҳаллий вақт билан соат 11:30 дан бироз ўтиб ижтимоий тармоқларда хабар берилган. Ушбу постлар, шунингдек, зарбалардан кейин бир соат ичида олинган гувоҳлар фотосуратлари ва видеоларининг таҳлили мактабга ҳарбий база билан бир вақтда зарба берилганини тасдиқлашга ёрдам беради.