Боғча болаларига нисбатан зўравонлик ҳолатлари узоқ йиллардан бери долзарб муаммо бўлиб қоляпти. Қониқарли ўзгариш бўлмаётганини статистик рақамлар ҳам тасдиқлайди. Хўш, расмийлар вазиятни қандай кўряпти, тизимли ечимлар кун тартибида борми?

Биз бундан икки йил аввал ҳам боғчаларда болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари, унинг сабаб ва оқибатлари ҳақида суҳбат қилган эдик. Ўшанда калтакланаётган, тан жароҳати олаётган болалар мавзуси кун тартибида бўлган. Бугун эса масала янада оғирлашган – гап нафақат жисмоний зўравонлик, балки жинсий тазйиқ, болаларнинг беэътиборлик оқибатида жабр кўриши ва ҳатто фожиали ҳолатлар ҳақида бормоқда.

Зўравонлик ҳолатлари: рақамлар нимани кўрсатяпти?

Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова таъкидлашича, 2024 йилда келиб тушган мурожаатларнинг деярли ҳар бештаси зўравонликка оид бўлган ва ушбу мурожаатларнинг 28 фоизи айнан таълим муассасаларида болаларга нисбатан содир этилган ҳолатларга тўғри келади. 2025 йилда ҳам вазият жиддийлигича қолган.

«2025 йилда бизга тергов органларидан 512 та хабарнома келган. Бу хабарномалар айнан болага нисбатан содир этилган турли ҳолатлар юзасидан. Шу ўринда айтишим керак, бизга бўлаётган мурожаатлар натижасида ўрганилган ҳар бир ҳолат бўйича биз давлат органларига сўровлар киритамиз ва бунинг натижасида 2025 йил ҳисобидан 19 та жиноят иши ва 26 та маъмурий иш қўзғатилган, айнан болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари бўйича. Бундан ташқари, 20 та жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги қарорлар бекор қилиниб, бу масалада Болалар омбудсманининг аралашуви билан терговга, терговга қадар текширувга қайтарилган ва ўрганилиб, бу бўйича тўғри қарор қабул қилинган.

Тасаввур қилинг, 20 та жиноий таъқиб бўлмасдан, ёпиқлигича қолиши мумкин бўлган ҳолатда Болалар омбудсманининг ташаббуси билан шу болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш чоралари кўрилган», дейди у.

Кадрлар масаласи: педагог бола билан ишлашга тайёрми?