Солиқ органлари савдо тушумларини шахсий картасига қабул қилиш орқали солиқдан қочаётган тадбиркорларга нисбатан «ов» бошлади. Санэпидқўмита Ўзбекистонда ҳантавирус бўйича вазият барқарорлигини маълум қилди. Тошкентдаги банкда фуқаронинг 500 минг доллар маблағи талон-торож қилинди. Энергетика вазири газ қазиб олиш ҳажмининг кескин қисқариб кетганига изоҳ берди. АҚШ билан меҳнат миграцияси бўйича янги келишувларга эришилди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
Картадан картага (P2P) пул ўтказмалари мониторинги бошланди
Солиқ органлари савдо тушумларини шахсий картасига қабул қилиш орқали солиқдан қочаётган тадбиркорларга нисбатан «ов» бошлади. Интернет фойдаланувчилари фуқароларнинг солиқ идорасига чақирилаётгани ҳақида ёзмоқда. Текширув доирасига айнан кимлар тушиши, шахснинг банк сирини ташкил этувчи маълумотларнинг олиниши учун белгиланган мезонлар очиқланмаяпти.
Солиқ қўмитаси хабарига кўра, P2P операциялар мониторинги, товарларни маркировкалаш ва бошқа чоралар орқали жорий йилда бюджетга қўшимча 30 триллион сўм тушумни таъминлаш кўзда тутилган.
Интернетда P2P орқали савдо тушумларини яширишда гумон қилинган тадбиркорга солиқ органи томонидан юборилган огоҳлантириш хати сурати ҳам тарқалди. Унда ёзилишича, фуқаро савдо тушумларини шахсий банк картасига қабул қилиш орқали солиқ базасини яширгани «солиқ органида мавжуд маълумотлар ҳамда ташқи манба маълумотлари асосида» аниқланган.
Ўзбекистонда ҳантавирус бўйича вазият барқарор – Санэпидқўмита
Ижтимоий тармоқларда дунёнинг айрим мамлакатларида ҳантавирус инфекцияси тарқалаётгани ҳақида хабарлар кенг муҳокама қилинмоқда. Шу муносабат билан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Ўзбекистондаги эпидемиологик вазият барқарор эканини маълум қилди.
Санэпидқўм раиси биринчи ўринбосари Нурмат Отабековнинг айтишича, ҳозирги вақтда мамлакатда ҳантавирус билан боғлиқ хавотирли ҳолат кузатилмаяпти.
Мутахассислар таъкидлашича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳантавирус коронавирус каби тез тарқалиш хусусиятига эга эмас ва глобал пандемияга сабаб бўлиши эҳтимоли паст.
















