Давлат хизматчилари учун янги иш ҳақи тизими таклиф қилинди, қўпол қоидабузар ҳайдовчиларга нисбатан жазолар кучайтирилиши мумкин, Тошкентда эса 10 нафар туман ҳокимига хизмат текшируви тайинланди. Шунингдек, «Самарқанд-2028» сунъий йўлдоши космосга учирилиши, автомобил ишлаб чиқариш ҳажмининг ошгани ва бошқа маҳаллий янгиликлар билан Kun.uz дайжестида таништирамиз.

Давлат хизматчилари учун янги иш ҳақи тизими таклиф қилинди

Президентга давлат хизматчилари учун янги иш ҳақи тизимини жорий этиш бўйича таклифлар тақдим этилди.

Таклифга кўра, ўндан ортиқ устама ва мукофотлар ўрнига учта асосий рағбатлантириш тўлови жорий этилиб, иш ҳақи 11 та разряд ва 6 та поғонадан иборат ягона сетка асосида ҳисобланади.

Шунингдек, ходимларнинг иш ҳақи малакаси, меҳнат натижалари ва KPI кўрсаткичлари асосида шакллантирилиши, бонуслар эса юқори натижа ва инновацион ёндашувлар учун тўланиши назарда тутилмоқда.

Йўл безорилари автомобилидан бир йилгача маҳрум қилиниши мумкин

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йўл ҳаракати хавфсизлигига оид қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.

Ҳужжатга кўра, йўл безорилиги, ноқонуний пойга ва маст ҳолатда автомобил бошқариш каби қўпол қоидабузарликлар учун автомобилни 6 ойдан 1 йилгача вақтинча олиб қўйиш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, қўпол қоидабузарликларни такроран содир этган ҳайдовчилар муайян муддатга жаримани чегирма билан тўлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ҳам назарда тутилган.

10 нафар туман ҳокимига нисбатан хизмат текшируви тайинланди

Тошкент шаҳрида 10 нафар туман ҳокимига нисбатан хизмат текшируви тайинланди.

Тегишли фармойиш Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг тақдимномасида келтирилган ҳолатларни ўрганиш мақсадида қабул қилинган.

Хизмат текшируви натижалари бўйича тегишли хулосалар тайёрланади, зарурат бўлса, бошқа идоралар мутахассислари ҳам жараёнга жалб этилади.

Андижон ва Қашқадарёда пора олган мансабдорлар ушланди

Коррупцияга қарши кураш мавзусини давом эттирамиз. Андижон ва Қашқадарёда пора олиш билан боғлиқ икки коррупция ҳолати фош этилди.

Андижонда «Сув таъминоти» филиали раҳбари янги хонадонни оқова сув тармоғига улашда ёрдам бериш эвазига 8,5 минг доллар олган вақтида ушланди.

Қашқадарёда эса ОИВ экспертизаси хулосасини ижобий ҳал қилиб бериш учун 3 минг доллар олингани аниқланди. Ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Самарқанд-2028” сунъий йўлдоши космосга учирилади

Келинг, энди технология ва илм-фан соҳасидаги янгиликка назар ташлаймиз. 5 август куни “Самарқанд-2028” сунъий йўлдоши орбитага учирилади. Учириш Хитойнинг денгиз старт платформасидан STAR.VISION компанияси томонидан амалга оширилади.

«Ўзбеккосмос» ва STAR.VISION ҳамкорлигида яратилган йўлдошга 2028 йилги Халқаро астронавтика конгресси Самарқандда ўтказилиши муносабати билан “Самарқанд-2028” номи берилган.

Лойиҳа доирасида ўзбекистонлик мутахассислар сунъий интеллект модулини ишлаб чиққан. У орбитанинг ўзида маълумотларни қайта ишлаб, қишлоқ хўжалиги, экология ва табиий ресурсларни мониторинг қилиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Ўзбекистонда автомобил ишлаб чиқариш 26,8 мингтага ошди

Ўзбекистонда йилнинг дастлабки олти ойида 235 минг 794 та енгил автомобил ишлаб чиқарилди.

Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 26,8 мингтага кўп.

Энг кўп ишлаб чиқарилган русум Cobalt бўлиб, ярим йилда 82 минг 951 та автомобиль конвейердан чиққан.

«Ташаббусли бюджет»да саралаш босқичи бошланди

«Ташаббусли бюджет»нинг 2026 йилги иккинчи мавсумида лойиҳаларни қабул қилиш якунланди.

Маълум қилинишича, 15 июлдан 3 августгача фуқаролар томонидан 23 минг 551 та лойиҳа тақдим этилган.

Энди 4 августдан 18 августга қадар барча ташаббуслар белгиланган мезонлар асосида саралаб чиқилади.

Бухорода боши бетон тешигига кириб қолган бола қутқарилди

Бухоро шаҳрида эҳтиётсизлик оқибатида боши бетон тешигига кириб қолган кичик ёшли бола қутқарувчилар томонидан хавфсиз қутқарилди.

Ҳодиса жойига етиб келган Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари махсус асбоб-ускуналар ёрдамида болани жароҳат етказмаган ҳолда чиқариб олди.

Воқеа оқибатида болага тан жароҳати етмаган. ФВБ ота-оналарни ёш болаларни назоратсиз қолдирмасликка чақирди.