18:06 / 29.03.2020
62971
Хитойлик мутахассисларнинг биринчи гуруҳи 30 март куни келиши кутиляпти

Хитойлик бир гуруҳ шифокорлар коронавирусга қарши курашда кўмаклашиш учун 30 март куни Ўзбекистонга келиши кутиляпти. Кейинроқ уларнинг сафига яна 15 нафар хитойлик тиббиёт ходими қўшилиши мумкин.

Фото: Getty Images / AFP

Бу ҳақда Kun.uz`га Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонаси маълум қилди.

«Элчихонанинг мурожаатига жавобан, Хитой Халқ Республикаси етакчи шифокорлари гуруҳи жорий йил 30 март куни ўзбек ҳамкасбларига амалий кўмак кўрсатиш учун Ўзбекистонга учиб боришга тайёр эканликларини билдиришди.

Шу билан бирга, Хитой Халқ Республикаси ҳукумати яқинда 15 кишидан иборат хитойлик шифокорларнинг яна бир гуруҳини Ўзбекистонга юбориш масаласини кўриб чиқмоқда», – дейилади элчихона ахборотида.

Маълумот учун, президент Шавкат Мирзиёев хитойлик мутахассисларни махсус рейс билан Ўзбекистонга олиб келиб, профилактика тадбирлари бўйича маслаҳат ва кўмак олиб бўйича топшириқ берган.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков турли гап-сўзларга жавобан: «хитойлик мутахассислардан хавфсираш эмас, уларнинг тажрибасидан фойдаланиш керак», деб таъкидлаганди.

«Хитой давлати ўзи ёрдам бераман деб турган пайтда, олди-қочди гапларга ишониб, ундан воз кечиш жуда катта хато бўларди», – деганди Отабеков.

Эслатиб ўтамиз, шу ҳафта Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморларнинг 11 нафари тиббиёт ходимлари экани маълум бўлди. Шундан кейин бу рақам камида биттага ортди: Наманганда ҳамшира вирусни юқтириб олди.

Республикада коронавирусга қарши курашга 100 мингга яқин тиббиёт ходимлари сафарбар этилган, соҳа вакиллари юқори маошли ишга таклиф қилинмоқда.

Шунингдек, ўнга яқин махсус карантин мажмуалари қуриляпти. Улардан биринчиси Тошкент вилоятида 4 кун ичида фойдаланишга топширилди.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top