18:41 / 19.06.2020
39380
«Malibu, Trаcker ва Orlando ярим тайёр маҳсулот сифатида олиб кирилаётгани сабабли миллионлаб солиқлар давлат ғазнасига тушмаяпти» – эксперт

Жанубий Кореянинг ИНҲА университети Халқаро савдо бўйича докторанти Валижон Тўрақулов ҳамда Жанубий Кореядан Ўзбекистонга автомобилларни импорт қилиш билан шуғулланувчи “YES CAR-MOTORS” компанияси раҳбари Ойбек Қамбаров Kun.uz мухбири билан суҳбатда миллий автомобиль саноатидаги муаммолар ва уларнинг ечими ҳақида сўз юритишди.

– 9 март куни Ўзбекистондаги ягона автомобил ишлаб чиқарувчи UzAuto Motors енгил автомобилларнинг янги нархларини эълон қилганди. Нархлар машиналарнинг модификациясига қараб 3-21 фоиз атрофида оширилган эди

Шундан сўнг, ижтимоий тармоқлар норозилик оҳангидаги постларга тўлиб-тошган, ҳатто UzAuto Motors маҳсулотларини бойкот қилиш, сотиб олмаслик ҳақида чақириқлар янграганди.

Танқидларга бир қатор ташкилотлар ҳам қўшилган, жумладан, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси автомашиналар нархи ошишини кескин қоралаган, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳам йиллар давомида берилган имтиёзлар ва преференцияларга қарамасдан UzAuto Motors АЖ давлат томонидан яратилган имкониятлардан самарали фойдаланмагани, истеъмолчилар ҳуқуқлари камситиб келаётганини маълум қилганди.

Президент Шавкат Мирзиёев 13 март куни Хоразм вилояти фаоллари билан учрашувда автомобиллар нархи оширилганига ўз муносабатини билдириб, машиналар нархи оширилиши ҳозирги шароитда тўғри эмаслигини айтган эди.

Шунча эътироз ва муносабатларга қарамасдан оширилган нархлар ўзгаришсиз қолди, сизнингча, бунинг сабаби нимада бўлиши мумкин?

Валижон Тўрақулов:

Валижон Тўрақулов

– Монополиянинг қиёфаси шундай бўлади. Яъни қўпол қилиб айтганда, “Олсанг олдинг, олмасанг, бошқа машина йўқ”, дегандай гап. Бу ерда халқимизнинг менталитети ҳам рол ўйнаса керак. Бошқа халқларда бундай бўлмаслиги мумкин. Айнан бизнинг халқда четга чиқиб, ишлаб бўлса ҳам машина олиш деган орзу бор.

Монополиянинг асосий сифатларидан бири эса кўпроқ истеъмолчи билан ҳисоблашиш эмас, яъни ҳақиқий, эркин, бозор иқтисодиётидаги каби истеъмолчини биринчи ўринга қўйиш эмас, балки ўзларининг истакларини, ўзларининг фойдаларини кўпроқ биринчи ўринга қўйиш бўлади. Мана шу сабабларнинг ортидан ҳам ҳеч қандай ўзгариш бўлмади, деб ўйлайман. 

Ойбек Қамбаров:

Ойбек Қамбаров

– Ҳозир Валижон жуда яхши фикрларни айтди. Аввало, нархларнинг кўтарилишига сабаб – бу монополия. Ҳаммага аён. Бу масалани ҳатто давлат раҳбари ҳам кўтарди охирги йиғилишларнинг бирида.  

Агар жаҳон тажрибасидан келиб чиқадиган бўлсак, мен айни вақтда яшаб турган Жанубий Кореяда бешдан ортиқ маҳаллий автозавод мавжуд. Фуқароларга бозорда бешта автозаводда чиқаётган автомобилларни таклиф қилиш имконияти бор. Булар: Hyundai Motors, Kia Motors, Renault Samsung Motors, SsangYong Motor ҳамда General Motors.

Мана шундай даражадаги хилма-хил танлов бўлса ҳам Кореядаги автомобилларнинг 30 фоизини хориж автомобиллари ташкил қилади. Яъни шунча автомобил ишлаб чиқарган ҳолатда ҳам монополия жамиятдан буткул чиқариб ташланган, фуқароларга хоҳлаган машинасини, масалан, чет мамлакат автомобилларини сотиб олишга кенг йўл очиб қўйилган.

Шахсий тадқиқотларимга кўра, четдан кириб келаётган автомобилларга бож 15 фоизни ташкил қилади холос. Тасаввур қиляпсизми? Сиз агар Жанубий Кореяга четдан қиммат автомобил олиб кирадиган бўлсангиз, фақатгина 15 фоиз миқдоридаги божхона тўловини тўлайсиз.

Энди биздаги ҳолатни кўриб чиқайлик. Бизда автомобилларни биргина монопол завод – UzAuto Motors ишлаб чиқаради. Юқорида Валижон айтганидек, бу корхона монопол бўлгани учун ўзи истаган қоидалар бўйича, ўзига маъқул бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ваколатига ҳам эга. Бу гарчи ошкор қилинмаса ҳам, лекин орқа планда шунақа нарса бўлади.

Охирги бўлаётган ўзгаришлар, масалан, акциз солиғи ва утилизация бўйича ўзгаришларда бу корхонага катта имтиёзлар берилгани ҳам шундан далолат беради. Суҳбатимиз давомида бу мавзу тўғрисида ҳам гаплашамиз. Масалан, юқоридаги фикрларимни утилизация йиғими бўйича қабул қилинган ҳужжатда UzAuto Motors’га нисбатан истиснолар кўзда тутилганига боғлаб бераман. Айнан шу монополия ваколатлари, имкониятларидан келиб чиқиб тасниф қилишган нуқталари бор.

Валижон Тўрақулов:

– Ойбек аканинг бир фикрларига қўшимча қилмоқчи эдим. У киши Жанубий Кореяга хориждан кириб келаётган автомобилларга солинадиган бож 15 фоиз деб айтдилар. Аслида ундан ҳам камроқ.

Тадқиқотим мавзуси юзасидан маълумотларни қидириб, баъзи веб-сайтларга кириб кўрганимда билдимки, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлмаган давлатлар учун бож миқдори 10 фоиз экан. ЖСТга аъзо давлатлар учун 8 фоиз, эркин савдо шартномасига эга бўлганларга эса 0 фоиздан 2 фоизгача. Автомобилларнинг турлари жуда кўп, менимча, Ойбек ака 15 фоизлик бож ҳақида айтганларида асосан ўзлари импорт қиладиган премиум-классдаги автомобил турларига нисбатан қўлланадиган йиғимни назарда тутган бўлсалар керак.

Демоқчиманки, Жанубий Кореяда хориждан автомобиль олиб кириш жудаям эркин. Шунча ишлаб чиқариш қуввати мавжуд бўлса ҳам жаҳон автомобиль бозори брендларини мамлакат ҳудудига эркин ва арзон нархда олиб кириб, истеъмолчиларга тақдим этиш имконияти бор бу ерда.

– UzAuto Motors март ойида автомобиль нархларининг оширилишига 2019 йилнинг октябр ойидан бошлаб солиқларни барча билан бир хил умумий асосларда тўлай бошлагани, жумладан, қўшимча қиймат солиғини тўлай бошлаганини асосий сабаблардан бири сифатида кўрсатган. Компаниянинг бу баёноти ҳақиқатга қанчалик яқин? Яъни UzAuto Motors айтаётгандай, қўшимча қиймат солиғини завод тўлайдими ёки уни сотиб олаётган истеъмолчи тўлайдими аслида?

– Аслида, қўшилган қиймат солиғи юки бевосита ёки билвосита истеъмолчининг елкасига бориб тушади. Хусусан, қўшилган қиймат солиғи номидан келиб чиқиб айтиш мумкин ва яна ҳар бир босқичда қўшимча қиймат солиғи қўшилади-да, охирида мана шу солиқ бир бўлиб истеъмолчига етиб боради.

Бу ерда UzAuto Motors’нинг гаплари иқтисодий жиҳатдан тўғри. Қўполроқ қилиб айтсак, улар шундай демоқчи бўлган: «Шу пайтгача биз солиқлардан имтиёзларга эга эдик. Шунинг учун нархимиз, масалан, 1 миллион эди. Энди шу имтиёзларни давлат биздан олиб қўйди. Шунинг учун биз автомобиль нархини 1 млн. 200 мингга оширдик». Яъни нархлар оширилишини шунчаки, қўшимча қиймат солиғи билан боғлаб қўйишган холос. Бу бир баҳона аслида. Лекин иқтисодий жиҳатдан айтилган гаплари асосга эга.

– Бундан келиб чиқадики, компания шу пайтгача ўз маҳсулотларини маҳаллийлаштириш ёки уларнинг нархларини арзонлаштириш бўйича етарлича шароит яратмаганлиги учун давлат имтиёзларининг бекор қилиниши оқибатида нархларни ошириш орқали юзага келган вазиятдан чиқиб кетмоқчи. Яъни уларда бошқа вариант йўқ, тўғрими?

– Шундай. Яъни шу пайтгача берилган барча имтиёзлар бекор бўлди, дегани. Мана шу алам қиладиган тарафи аслида.

Ойбек Қамбаров:

– Валижон маҳаллий, ўзимизда ишлаб чиқарилаётган машиналарнинг қўшимча қиймат солиғи ҳақида гапирди. Ўзбекистонга четдан кирадиган, яъни UzAuto Motors четдан олиб кирадиган машиналар бор. Масалан, Malibu, Trаcker, Orlando ва шунга ўхшаш автомобиллар. Уларга қўшимча қиймат солиғи қўшилмайди, ахир бу машиналар четдан олиб кириляпти-ку, деган савол туғилиши табиий.

Биласиз, агар бу автомобилларни бошқа тадбиркор олиб кирадиган бўлса, қўшимча қиймат солиғи тўлайди. Яъни автомобиль таннархининг 15 фоизи миқдорида солиқ тўлайди.

Энди худди шу саволни биз UzAuto Motors’га берамиз. Улар олиб кираётган премум классдаги автомобилларга қўшимча қиймат солиғини тўлайдими? Йўқ, тўламайди. Нега тўламайди? Чунки амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра UzAuto Motors божхона расмийлаштирувида ушбу автомобилларни чегарадан автомобиль сифатида олиб ўтмайди, балки уларни ярим тайёр маҳсулот сифатида мамлакат ҳудудига олиб ўтади.

Яъни уларни божхона ҳужжатларида тўлиқ модификация қилинмаган автомобиль сифатида расмийлаштиргани учун, табиийки, бу маҳсулотларга 100 фоиз автомобиль сифатида қаралмайди. Мана шундан ҳам билишимиз мумкинки, UzAuto Motors гарчи бу машиналарни четдан бус-бутун олиб кирса-да, ғилдираклари ёки бошқа қисмларини олиб қўйиб, уни ярим тайёр маҳсулот сифатида ҳужжатлаштиради ва бу орқали давлат ғазнасига қўшимча қиймат солиғини тўлашдан қочади. Энди ўзингиз давлатдан бир йил давомида неча миллиард сўм ёки триллион сўм яширилаётганини тасаввур қилаверинг.

Суҳбатни тўлиқ шаклда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди

Top