Андижонча тажриба, вазифадан ташқари иш учун жиноий жавобгарлик, президент билан учрашув — 2022 йилда ўқитувчилар ҳаётида нималар рўй берди?
Якунланаётган 2022 йил турли соҳалар қатори таълимда ҳам янгиликлар, мунозарали ҳолатлар ва муҳокамаларга бой бўлди. Булар — Андижонда ўқитувчилардан узр сўратиш воқеаси, ўқитувчи-ўқувчи зиддиятлари, аттестация жараёнлари, президент мурожаатномаси ва президентнинг ўқитувчилар билан учрашуви кабилар. Ўқитувчилар ҳаётида рўй берган асосий воқеаларни жамладик.
1000 доллар маош тўғрисида фармон
Йил бошида «2022–2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги президент фармони имзоланди. Унда 2026 йилгача малакали ўқитувчи ва шифокорларнинг ойлик маоши босқичма-босқич 1000 доллар эквивалентига етказилиши белгиланган.
Андижонча тажриба
Йил бошининг энг кўп муҳокама қилинган воқеаси — «Андижонча тажриба» кўпчиликнинг эсида бўлса керак.
Феврал ойида Андижон вилояти Марҳамат туманидаги мактаблардан бирида ўқитувчилар ўқув муассасасида таълим сифати, ўқувчиларнинг олийгоҳларга кириш кўрсаткичи пастлиги учун ота-оналар олдида тик туриб узр сўрашганди.
Ҳолат кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлган, жамоатчилик фаоллари ўқитувчилар билан содир бўлган ҳолатга муносабат билдиришганди.
Шундан сўнг Марҳамат тумани ҳокими ўринбосари, туман ХТБ мудири ва мактаб директори ишдан олинган, туман ҳокимига эса ҳайфсан берилганди.
Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ҳам узрбозликка муносабат билдириб, Андижонда ҳеч бир устоз бундай ҳолатга тушишига йўл қўймаслигини билдирганди.
Ўқитувчи ўқувчини жазолаши мумкинми?
Кейинги асосий туркум мавзулар ўқитувчи ва ўқувчи муносабатлари билан боғлиқ. Биринчи ҳолатда ўқитувчи ўқувчини жазолаган ёки унга қўл кўтарган, иккинчи ҳолатда эса ўқувчи ёки унинг яқинлари ўқитувчини калтаклаган. Замонавий педагогикада ўқитувчи ўқувчига қўл кўтариши мумкин эмаслиги ва калтаксиз болага таълим бериш тўғри эканига одамлар айнан шундай ҳолатлар ижтимоий тармоқларда тарқалиб, расмий муносабатлар билдирилгач кўника бошлади. Лекин ўқувчини жазолаб ўқитиш мумкин, деб ҳисобловчилар ҳали ҳам кўпчиликни ташкил қилади.
Масалан, феврал ойида Наманганда дарс қилиб келмаган 1-синф ўқувчиларини доскага чиқариб «уят, уят» деб изза қилгани учун ўқитувчи ишдан олинишгача борган, сўнг ота-оналар ўқитувчи тажрибали эканини айтиб илтимос қилишгач, меҳнат шартномаси бекор қилинмайдиган бўлганди.
Ҳолатдан олинган хулоса шундай бўлганди: дарс қилмай келадиган, мактаб ички тартиб-қоидаларини бузадиган ўқувчиларни жазолаш мумкин эмас. Бироқ унинг ҳолатини боланинг ота-онаси иштирокида муҳокама қилиши мумкин. Агар ўқувчи ўзгармаса, у мактабнинг ички рўйхатига киритилади.
Бундан ташқари, бир неча ҳолатда ўқувчини калтаклаган педагогларга қонуний чоралар кўрилди.
Ўқувчи устозига қўл кўтарди
Афсуски, йил давомида ўқитувчига қўл кўтариш ҳолатлари ҳам етарлича бўлди. Наманган ва Улуғнордаги ҳолатлар бунга мисол. Яқинда эса Марғилон шаҳрида ўқувчининг яқинлари ўқитувчини калтаклаган ҳолат бўлди.
Ҳозир вазият ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўрганиляпти. Ҳа, ўқитувчи бўлиб ишлаш осон эмас.
Аттестация машмашалари
Ўқитувчилар учун энг қизиқ мавзулардан бири аттестация жараёнлари бўлмоқда. Сабаби ҳозир ўқитувчилар (1 БҲМ = 300 минг сўм) тўлов қилган ҳолда йилда икки марта навбатдан ташқари ҳам аттестацияга боришлари ва тоифаларини ошириб шунга яраша кўпроқ маош олишлари мумкин.
Тест кўринишида ўтказилаётган аттестацияда ўқитувчилар саволлар сифати, имтиҳон шароитлари кабиларга эътирозлар билдириб туришди. Баҳордаги аттестацияда рус тили ўқитувчиларининг эътирозлари, айниқса, кўпроқ бўлди.
Дарвоқе, ўқитувчилар шу йилдан бошлаб аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги сертификатини электрон тарзда юклаб оладиган бўлди.
1 октябр бошқача нишонланди
1 октябр — Ўқитувчилар ва мураббийлар куни бу йил одатдагидан ўзгачароқ нишонланди. Бир гуруҳ фаол ўқитувчи ва мураббийлар Самарқанд шаҳридаги тантанага таклиф этилиб, улар беш юлдузли меҳмонхоналарга жойлаштирилди.
Бу ўқитувчилар томонидан ижобий кутиб олинди.
Вазифадан ташқари ишлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик
Президент администрацияси ижро этувчи аппаратининг коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шуъба мудири Саида Мирзиёева ўқитувчиларга оид муҳим янгиликни эълон қилди.
«Ўқитувчиларга вазифасидан ташқари ишларни юклайдиганларни маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва тез орада қабул қилиниши кутиляпти», деди Мирзиёева.
Агар бу қонун қабул қилиниб, амалда ишласа, ўқитувчилар обрўси ошишига ёрдам бериши, уларни ортиқча турли юмушлардан қутқариши мумкин.
Таълим мурожаатноманинг асосий мавзуси бўлди
Энг охирги ва асосий ўқитувчилар билан боғлиқ воқеа — Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига мурожаатномаси бўлди. Бу йилги мурожаатномада асосий урғу таълимга қаратилди ва 2023 йил — «Инсонга эътибор ва сифатли таълим» йили деб эълон қилинди.
Мурожаатномада президент ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни Конституцияда алоҳида белгилаш зарурлигини қайд этди.
Президент билан учрашув
29 декабр куни Шавкат Мирзиёев бир гуруҳ ўқитувчилар билан учрашди.
Учрашувда давлат раҳбари таълим сифатини ошириш, мактаб ўқувчиларининг сифатли билим олишлари учун ўқитувчилар ўз устида ишлаши кераклиги, шароитга қараб уларнинг маоши оширилиб борилиши ҳақида тўхталиб ўтди.
“Келгуси йили таълимга оид ҳам кўплаб қарор, фармонлар чиқади. Шунингдек, мактаб ўқитувчилари учун ипотека кредитларини камайтирсак бу ҳам яхши бўлади. Бугун мен кўп саволларга жавоб олдим”, деди президент.
Бундан ташқари, президент туман ва вилоят ХТБларини тугатишни ўйлаётганини билдирди.
Маълумот учун: 2021/2022 ўқув йили ҳолатига кўра, мактабларда дарс бераётган ўқитувчилар сони ярим миллиондан кўпроқ. Уларнинг 90,1 фоизи олий маълумотли. Бир ўқитувчига 12 нафар ўқувчи тўғри келади.
Мавзуга оид
16:56 / 13.12.2024
Андижонда ҳоким ўқувчиларни армияга юборди, ИИБ бошлиғи “қизил тоифа”га ажратди. Бу тўғрими? — мутахассислар билан суҳбат
09:30 / 04.12.2024
Дунёдаги энг қиммат 10 та мактаб-интернат: уларда йиллик ўқиш нархи 100 минг доллардан ошади
14:33 / 21.11.2024
Нега ўзбек ота-оналари боласини рус синфларига беради?
11:43 / 20.11.2024