Ўзбекистон | 10:05 / 06.11.2022
43928
17 дақиқада ўқилади

Onix ажиотажи, вазирнинг огоҳлантириши ва мактабларга автомат тарқатиш таклифи — ҳафта дайжести

Onix'га 4 соат ичида 1 йиллик навбат ҳосил бўлди. Тошкентга “гармошкали” автобуслар қайтади. Россиядаги сафарбарликдан қочаётганларни кўрган ўзбек депутати таклиф билан чиқди. Якунланаётган ҳафтанинг шу ва бошқа воқеалари – Kun.uz дайжестида.

Onix: Етказиб бериш муддатлари 2024 йилгача чўзилиб кетди

Ҳафтанинг энг шов-шувли воқеаси – кутилганидек, Chevrolet Onix сотуви бошлангани бўлди. Биз бу мавзуга аввалги дайжестимизда ҳам тўхталган эдик. 9 минг доллардан 12 минг долларгача бўлиши ваъда қилинган автомобил охир-оқибат энг арзон комплектацияси салкам 13 700 доллардан сотувга чиқди.

UzAuto монопол статусга эгалиги шароитида, нархнинг кутилганидан баландроқ бўлгани талаб юқори бўлишига халал бера олмади. Қатор автосалонларда тирбандликлар юзага келди. Ижтимоий тармоқлар эса сатирик мемлар ва видеоларга тўлди. Балки шу сабабданми, харидорларнинг ҳаммаси ҳам камера қаршисида журналистларга интервю беришни хоҳламади. Айримлар эса янги моделни олаётганини оддий сабаб билан изоҳлади, яъни одамлар ҳозирги моделлардан зерикиб кетган: “Энди... Билмайман... Битта-яримта янги машина минайлик девдик-да...”

Компаниянинг маълум қилишича, 1 ноябрда тузилган шартномалар сони одатий кунларга қараганда салкам 30 бараварга кўп бўлган. Натижада атиги 3-4 соат ичида 1 йиллик навбат шаклланиб улгурди. Шартномага янги қўшилган бандга асосан, мижозлар белгиланган муддатдан кейин яна 45 кунгача кечикишига ҳам рози бўлишяпти. Яъни 50 фоиз пулини ҳозир тўлаганлар машинасини 2024 йилда олиши ҳам мумкин. Компания харидорларни тинчлантириб, тузилган шартномаларнинг кўпи 7 кун ичида пул тўланмагани учун бекор бўлиб кетиши, натижада 1 ҳафтадан кейин муддат қисқариши мумкинлигини маълум қилди.

Янги моделга инвестиция сифатида қараётганлар кўплигини айтиш керак – харидорларнинг 45 фоизи бирданига иккита ва ундан ортиқ Onix учун шартнома олган. Уларга биринчи буюртмасидан кейингиларининг етказиб бериш муддати қўшимча 4 ойга ошади.

Автомобилнинг энг қиммат варианти 17 минг доллардан сотиляпти. Сотувнинг биринчи кунидаги шартномаларнинг 60 фоизи айнан топ комплектация учун тузилган. Бу комплектациядаги Onix'нинг қолганларидан устунлиги – турбо двигател, автомат узатмалар қутиси, эшикни калитсиз қулфдан очиш ва Start/Stop қулайликларига эга. Лекин люки йўқ – харидорлар кўпроқ шундан норози бўляпти. Компания люк опциясини кейинги йил чиқариладиган янада қимматроқ комплектация учун асраб қўйган.

Тошкент: Ифлос ҳаво, деградация учраган жамоат транспорти ва дренаж тизими

“Тошкентнинг ҳавосида нафас олиб бўлмайди”. Нобел мукофоти совриндори Рае Квон Чунгнинг Ўзбекистон ҳақидаги илк таассуротларидан бири айнан шундай бўлди. “Тошкентга келган куним бахтимга ёмғир ёғаётган экан, ҳаво жуда тоза эди. Лекин ёмғир тингач, ҳақиқатан ҳавонинг ифлослиги, нафас олиб бўлмаслигини сездим”, – деди кореялик профессор.

Ҳа, Нобел мукофоти лауреати айтганидек, шаҳарда тозароқ ҳаво фақат ёғингарчилик кунларида бўлади. Лекин бундай кунларда шаҳар аҳолиси бошқа муаммо – тошқинлар исканжасида қолади. Жала эмас, довул эмас, шунчаки оддий ёмғир ҳам 5-6 соат ичида Тошкент кўчалари сув остида қолиши учун етарли бўляпти. Бундай ҳолат чоршанба куни ҳам такрорланди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги кўчаларга сув тошганига муносабат билдириб, кўчалар ва ариқларга одамлар ташлаётган чиқиндилар дренаж тизимини блоклаб қўяётганини маълум қилди ва аҳолидан чиқиндиларни белгиланган жойларга ташлашни илтимос қилди. Бу тўғри чақириқ албатта, лекин эътиборлиси шундаки, расмий баёнотда шаҳардаги дренаж тизими ҳалокатли аҳволда экани ҳақида бир оғиз ҳам гапирилмаган. Бу муаммони ҳал қилиш бўйича тайинли режа ҳам борга ўхшамайди. Эслатиб ўтамиз, ҳокимлик бундан 4 йил олдин айни шу масала бўйича ишчи гуруҳ тузган, ўшанда Тошкентнинг дренаж-лоток тизимига дунёнинг йирик мегаполислари тажрибаси татбиқ этилиши айтилган эди.

Нобел совриндори айтган ҳаво ифлослиги масаласига қайтсак. Экология қўмитасининг маълум қилишича, Тошкентда атмосферага зарарли ташланмаларнинг 93 фоизи автомобилларга тўғри келади. Яъни ҳаво ифлослигининг асосий сабаби – шаҳарда автомобилларнинг кўплиги. Автомобилларни камайтириш учун эса одамлар шахсий машинада эмас, кўпроқ жамоат транспортида юриши керак. Рае Квон Чунг ҳам шуни таъкидлаб, шаҳар раҳбарларини бу масалага жиддий эътибор беришга чақирди. “Агар кўпчилик шахсий машинасини ҳайдаб юраверса, вазият бундан ҳам ёмонлашади. Одамлар шаҳар ичига ўз автомобилида кирмагани маъқулроқ”, деди у.

Тошкентга кириш жойларида бепул автотураргоҳлар бўлиши, шаҳарга келаётган ҳайдовчилар автомобилини ўша ерда қолдириб, уёғига жамоат транспортига ўтириб кетиши ҳақида бир неча йилдан бери гапирилади, бу тегишли қарорларда ҳам ёзилган ва муддатлар аллақачон ўтиб кетган. Шу ҳафта муддати ўтиб кетган вазифалар сони яна биттага кўпайди: 1 ноябргача Тошкентнинг 11 та кўчасида пулли тўхташ жойлари, яъни паркоматлар пайдо бўлиши керак эди.

Тошкент шаҳрининг жамоат транспортини ошириш режаси рақамларда / Фото: «Тошкентшаҳартрансхизмат» АЖ

Автотураргоҳлар ва паркоматлар билан бирга, энг асосий масала – жамоат транспортларини кўпайтириш ҳам жуда секин кетяпти. Шу ҳафта Транспорт вазирлиги берган маълумотга кўра, ҳозир шаҳардаги автобусларнинг ярмини ташкил этувчи кичик ҳажмли автобуслардан тўлиқ воз кечилади. Шаҳарга катта ҳажмли, “гармошкали” автобуслар қайтиши кутиляпти. Вазирликнинг режасига кўра, кейинги 5 йил ичида Тошкентга 1063 та катта ва ўрта ҳажмли автобуслар сотиб олинади. Лекин шунда ҳам шаҳардаги жамоат транспортлари сони ҳатто 2001 йилдаги кўрсаткичга ҳам етмайди.

Гап шундаки, 1991 йилда Тошкент шаҳар жамоат транспортида, метродан ташқари, 2236 та автобус, 527 та трамвай, 428 та троллейбус – жами 3191 та ҳаракатланувчи таркиб бўлган. Ўтган 30 йил давомида шаҳарда аҳоли сони бир ярим бараварга кўпайган, лекин жамоат транспорти даҳшатли даражада дегдарацияга учраган: автобуслар сони икки бараварга камайган, мингга яқин трамвай ва троллейбуслар эса шунчаки йўқ қилинган.

Сенат сайтига ҳакерлар ҳужуми

Ўзбекистонда қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг энг олий органи – Сенатнинг расмий сайти киберҳужумга учради. Сайтга бузиб кирган ҳакер(лар) унда “Киберхавфсизлик марказига саломлар” деб ёзиб қолдирди.

Аввалроқ Олий аттестация комиссияси ва Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг ҳам саҳифалари бузилган, умуман, Ўзбекистонда давлат органлари сайтларининг ҳимоясига одатда юқори баҳо берилмаслигидан келиб чиқиб, Сенат сайти воқеасига кўпчилик ортиқча эътибор ҳам бермаган эди. Лекин кейинги воқеалар интригани келтириб чиқарди.

Сайт бузилганидан икки кун ўтиб, 4 ноябрда MY5 телеканали сайтга ҳужум қилганлар 14 ёшли ўсмирлар экани ҳақида маълумот берди. Репортажда 6 ўсмирдан иборат гуруҳ ўзини MarshGolden деб номлаши айтилади. Ўзини жамоат етакчиси деб таништирган йигит телеканалга берган аноним интервьюсида киберҳужумлар билан шуғулланишни 2019 йилдан бошлаганини айтган. У ўша пайтда, яъни 11 ёшлигида Kundalik.com сайтига бузиб кириб, баҳоларини тўғрилаб олганини эслаган.

“2 ноябр куни соат 11:00да давлатга сайтнинг заифлигини кўрсатиш мақсадида киберҳужумни амалга оширдик. Бизда киберхавфсизлик ривожланмаган, бу бизга энди кириб келгани учун сайтларимизда заифликлар ҳали кўп”, – дейди ёш ҳакер дея таништирилган йигит.

5 ноябр куни эса ИИВ Киберхавфсизлик маркази MY5 телеканали репортажини инкор этди. Марказ ахборотига кўра, Сенат сайтига ҳужум қилган йигит бошқа Наманганнинг Норин туманида яшайди, у 3 ноябр куни аниқланган. Киберхавфсизлик маркази лавҳасида аноним келтирилган йигит ҳам сайтнинг заифлигини кўрсатиш мақсадида уни бузганини айтади. У MY5 телеканали лавҳасида айтилган маълумотларни ёлғон деб атаган.

“MarshGolden'ни мен яратганман. Telegram-канал ҳам меники, админ ҳам менман. [...] Мен бу нарсанинг ноқонунийлигини билмагандим”, – деган норинлик йигит. Киберхавфсизлик маркази ҳакер қонунга мувофиқ жавобгарликка тортилишини маълум қилди.

Депутат мактабларга қурол тарқатишни таклиф қилди

Россиянинг Украина билан чегарадош ҳудудлари – Курск, Брянск, Белгород, Воронеж, Ростов ва Краснодарда ўқиётган ўзбекистонлик талабалар ватанга қайтиши мумкин. Уларга ўқишини Ўзбекистондаги давлат олийгоҳларига истисно тариқасида кўчиришга рухсат берилди. Украинадаги уруш давомида улар яшаётган ҳудудларга ҳам ҳаводан зарбалар бериб келиняпти.

Ҳафта давомида Россиядаги ватандошларнинг Украинадаги урушга жалб этилгани ҳақида янги хабарлар бўлмади. Охирги вақтларда жуда кўп кузатилган бундай ҳолатлар сафарбарлик расман тугагани ҳақидаги эълондан кейин ҳозирча медиамаконда кўзга ташланмаяпти. Шундай бўлса-да, қатор манбаларда мобилизация яширин тарзда давом этаётгани айтиляпти.

Иқбол Мирзо / Фото: Kun.uz

Россиядаги сафарбарликка Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати, шоир Иқбол Мирзонинг муносабати шу ҳафта кўпчиликнинг эътиборини тортди. У парламентда ҳисоб берган халқ таълими вазирига мурожаат қиларкан, сафарбарлик эълон қилинганидан кейин юз минглаб россияликлар ватанидан кетаётганини айтиб, гўёки Ўзбекистон бундан сабоқ чиқариши кераклигига ишора қилди.

“Бор-йўғи 3 фоиз мактабларимизда [ўқув-машғулотларида фойдаланиладиган] қуроллар бор. Мана шу шароитда қўлига қурол ушлаб кўрмаган болада қандай қилиб бу туйғу пайдо бўлади. Биз ўқиган пайтларда ҳамма мактабларда камида ўнтадан АКМ автоматлари бўларди ва буни қўлимизда ушлаб, завқини туйганмиз.

[...] Бу масалага жиддий қараб, назоратини йўлга қўйиш керак. Темур бобомизнинг: “Агар тинчликни истасанг, урушга тайёр тур” деган машҳур гаплари бор. Собиқ шўро ҳудудида бўлаётган воқеалар, қисман мобилизация эълон қилингач ватанини ташлаб кетаётган юз минглаб одамлар, йигитлар бугунги масаланинг жиддий эканини кўрсатяпти”,– деди Иқбол Мирзо.

Депутатнинг бу сўзлари жамоатчиликда саволлар уйғотгани сабаби тушунарли: Россия ҳозирда мудофаа урушини эмас, босқинчилик урушини олиб боряпти. Босқинчилик урушида қатнашмаслик учун бошқа жойга кетаётган россияликлар эса Иқбол Мирзо айтмоқчи бўлган фикрга далил бўла олмайди.

Қўшимча сифатида айтиб ўтамиз, “Тинчликни истасанг, урушга тайёр тур” деган иқтибоснинг Амир Темурга алоқаси йўқ. Бу жумла милодий 4-асрда яшаган Рим ёзувчиси Вегетиуснинг китобида учрайди. Ундан аввалроқ эса бундай ғоя юнон ва хитой манбаларида тилга олинган.

“Агар ислоҳотларни кечиктирсак, иқтисодий ўсишни сақлаб қолиб бўлмайди” — Тимур Ишметов

Шанҳай Ҳамкорлик Саммитига атаб катта қурилишлар қилинган Самарқанд ўша саммитдан бери анжуманлар шаҳрига айланиб қолди. Шаҳарда деярли ҳар куни турли-туман конференциялар ва форумлар бўлиб ўтяпти. 3-4 ноябр кунлари навбат Ўзбекистон иқтисодий форумига келди.

Мингдан ортиқ меҳмонлар ва нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари қатнашган форумнинг аҳамиятига ортиқча баҳо беришдан тийилган ҳолда, айтиш мумкинки, бўлиб ўтган давлат суҳбатларида муҳим баёнотлар ҳам янгради. Масалан, молия вазири Тимур Ишметов Ўзбекистон иқтисодиёти қийин босқичда эканини очиқ айтди.

Фото: Молия вазирлиги

Унинг сўзларини оддийроқ қилиб тушунтирадиган бўлсак, ҳозир давлат харажатлари ҳаддан ташқари кўплиги учун бюджет дефицити анча катта, бу дефицитни ёпиш учун аввалгидек қарз олиш эса энди осон эмас, чунки ҳозир дунёда қарз нархлари ошиб кетган. Қолаверса, Ўзбекистоннинг ташқи қарзи маълум даражага етиб улгурди. Ўз-ўзидан тушунарлики, ҳозирда фақат иккита йўл қолмоқда: кераксиз харажатлардан тийилиш, яъни бюджет харажатларини қисқартириш ва кўпроқ инвесторларни жалб қилиш. Инвесторлар келиши учун эса ислоҳотлар давом этиши керак.

“Агар ислоҳотларни кечиктирсак ёки орқага сурсак, кейинги иккинчи ёки учинчи йилдан иқтисодий ўсишни сақлаб қолишнинг имконияти бўлмайди”, – деди Тимур Ишметов. У ислоҳот деганда тенг рақобат шароитини яратиш, энергетика ва бошқа тармоқларда нархларни эркинлаштиришни назарда тутди.

Электр энергияси ва табиий газ соҳасидаги муаммоларнинг ечими нархларни эркинлаштиришга бориб тақалишини форумда сўзга чиққан Жаҳон банки вице-президенти Анна Бьерда ҳам айтиб ўтди. Осиё тараққиёт банки вице-президенти Шиксин Чен эса ҳукуматни таълим ва тиббиётга кўпроқ эътибор қаратишга чақирди. Халқаро валюта жамғармаси миссияси раҳбари Рон ван Руден миллионлаб ўзбекистонликлар чет элга бориб ишлаётгани ҳақида гапириб, мамлакатнинг ичкарисида ишчи ўринлари яратиш учун кичик ва ўрта бизнесга эркинлик бериш, қўшни давлатлар билан кўпроқ интеграцияга киришиш кераклигини айтди.

Ўз навбатида, ҳукумат расмийлари ўз нутқларида 5 йилдан кейин Ўзбекистонда давлатга қарашли фақат битта банк қолиши, АЭС қуриш режасидан воз кечилмаслиги, Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик бўйича музокаралар тез орада янги босқичга чиқиши ҳақида гапиришди.

Эслатиб ўтамиз, келаётган ҳафтада Самарқандда яна бир катта саммит – Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити бўлиб ўтади. Шу муносабат билан шаҳарга кириш йўллари 10-11 ноябр кунлари ёпилади. 8-11 ноябр кунлари Самарқанд халқаро аэропортига қўнадиган самолётлар Навоий аэропортига йўналтирилади.

Умрзоқовнинг мактаблар бўйича селектори

Фото: Президент администрацияси

Президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов мактаблардаги муаммолар юзасидан йиғилиш ўтказди. Маълум бўлишича, Сурхондарёнинг Шўрчи туманида ишлаб турган мактаб ёпиб юборилган, ўқувчилар эса 5-6 км наридаги мактабга ўтказилган. Болалар узоққа боришга қийналгани учун ота-оналар уларни мактабга жўнатмасликни бошлаган, натижада ўқитувчилар собиқ мактаб директорининг уйида уй мактаби очиб, дарс бера бошлаган.

“Тошкентда, ёзда салқин, қишда иссиқ кабинетларда ўтирган амалдорлар болалари қишлоқнинг лой йўлларида ҳар куни 10 километрлаб юришига, аҳоли уйларида ўқишига рози бўлишармиди? Яна уйларда таълим бераётган ўқитувчиларга маош берилмаяпти экан. Ўқитувчининг нима айби бор бу ерда?” деди Сардор Умрзоқов.

Селекторда Шўрчи ҳокими ўринбосари ва халқ таълими бўлими мудири ишдан олинди. Туман ҳокимига ҳайфсан берилди. “Агар зудлик билан вазият ўзгармаса, ҳокимият биноси бўшатилиб, болалар шу бинода таълим олишади. Мен мутлақо жиддий айтяпман. Ҳоким уйида ташкил қилаверсин ишини”, – деди администрация раҳбари.

Йиғилишда мактабларнинг ерлари сотилиб кетгани ҳақида ҳам гапирилди. Маълум бўлишича, ўқувчи ўрни етишмай турган бир пайтда, 198 та мактабнинг ерлари ҳокимлар томонидан тадбиркорларга бериб юборилган. Бош прокуратурага ҳар битта ҳолатни ўрганиб, қонуний чоралар кўриш ва ерларни қайтариш бўйича судга даъво аризалари киритиш вазифаси юкланди.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон ва Хоразмда ўқувчиларга бепул тушлик бериш бўйича топшириқлар етарлича бажарилмаётгани ҳам танқид қилинди. Дарсликлар масаласида Финландия тажрибаси танлаб олингани, янги дарсликлар аввалига тажриба-синовдан ўтказилиши маълум қилинди.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Андижонда мактаб ўқувчиларидан ҳоким билан учрашувда газ-свет муаммоси ҳақида гапирмаслик, саволларга “шукроналик ҳисси билан” жавоб бериш талаб қилинган бўлиши мумкин. Шунга ишора қилувчи скриншот интернетда тарқалгач, вилоят ҳокимлиги бунақа топшириқ бўлганини рад этди. Халқ таълими вазирлиги ўқитувчилардан бундай топшириқ бўлган тақдирда ҳам уни асло бажармасликни сўради.

Ўзбекистонда Россия телеканалларига муқобил тарзда, бошқа давлатлар телеканаллари ҳам эфирга узатила бошлади. UzDigital TV Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятларида Буюк Британиянинг BBC, АҚШнинг CNN  ва Bloomberg, Хитойнинг CGTN ва Туркиянинг TRT Avaz каналлари кўрсатилишини маълум қилди. Шунингдек, рақамли телевидение компаниялари веб-сайтларида Fox News, CNBC, SkyNews, France 24, “Беларусь 24” ва бошқа халқаро телеканалларни кўриш мумкин.

Ўзбекистон ва Қирғизистон Андижон сув омборини биргаликда бошқариш ва икки давлат чегарасининг айрим участкалари тўғрисидаги битимларни имзолади. Ҳужжатларга Бишкекда учрашган икки мамлакат ташқи ишлар вазирлари имзо чекди. Яна бир келишувга кўра, томонлар сув хўжалиги масалалари бўйича ҳамкорликни чуқурлаштиради.

Сурхондарё вилоятининг Музработ тумани собиқ ҳокимига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Эркин Алимов ерларни аукционсиз ўзининг қариндошларига расмийлаштириб берганликда айбланяпти. Тумандаги банклар унинг қариндошларига 166 млрд сўм имтиёзли кредит ҳам берган. Ҳоким салкам 10 минг тонна дон ўғирланишида қатнашган бўлиши мумкин. Тошкент вилоятининг Пискент туманида эса прокурор ёрдамчиси 1500 доллар олаётган вақтда қўлга олинди, у жиноятчига енгилроқ жазо берилишини ваъда қилгани айтиляпти.

АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига 50 дона ҳарбий машиналар совға қилди. Polaris русумли енгил-тактик жанговар машиналарнинг умумий нархи – 2,8 млн долларга тенг. Америка томони бу совғани “Ҳамкорлар салоҳиятини ошириш” дастури доирасида тақдим этди.

Мавзуга оид