13:18 / 16.04.2023
43412

Аввалгиларга ўхшамас шов-шув, санкцияларнинг бошланиши ва конституциядан бехабар солиқчилар — ҳафта дайжести

Интернетда тарқалган видео: масаланинг ҳуқуқий жиҳатлари билан нега ҳеч ким қизиқмаяпти? Икки собиқ вазир ишдан олинди: бу коррупция билан боғлиқми? Банк сирлари энди давлат ихтиёрида: солиқчилар янги конституцияни оёқости қилаётганини ўзлари биладими? Якунланаётган ҳафтанинг асосий мавзулари – Kun.uz дайжестида.

Янги даврда Ўзбекистонда ҳеч қайси лавозим эгалари ҳокимларчалик кўп ва доимий равишда медианинг эътибор марказида турмаган бўлса керак. Улар бу борада ҳатто шоу-бизнес вакилларини ҳам ортда қолдирди дейиш мумкин. Лекин бу сафар кўтарилган шов-шувни аввалгилари билан умуман таққослаб бўлмайди.

Чоршанба куни интернетда Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновга ўхшаш одамнинг интим видеоси тарқалди. Аввалига айримлар бу ҳокимни бадном қилиш учун монтаж қилинган видео бўлиши мумкинлигини айтди, лекин ҳеч бир расмий идора “бу видео сохта” деб чиққани йўқ. Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати ҳам видео ҳақиқий ёки ҳақиқий эмаслигига муносабат билдирмади. Расмий баёнотларда “фейк”, “монтаж” ёки “сохта” деган сўзлар ишлатилмади.

Орадан икки кун ўтар-ўтмас, Андижонни роппа-роса 10 йилдан бери бошқариб келаётган Абдураҳмонов ишдан олингани, унинг ўрнига биринчи ўринбосари Дилшодбек Каримов вақтинча ҳоким бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бир неча соат ўтиб, бу маълумот рад этилди. Лекин бу хабар нафақат Telegram'даги турли-туман норасмий манбалар, балки Президент администрациясига яқинлиги айтиладиган каналлар ва ҳатто расмий манбаларда ҳам чиққанига қараганда, бу масала юқори кабинетларда ҳақиқатан ҳам муҳокама қилингани, якуний қарор эса кимлардир кутгандек бўлмаганини тахмин қилиш мумкин.

Жума ва шанба кунлари Шуҳрат Абдураҳмоновнинг матбуот хизмати у вилоятнинг қатор ҳудудларида бўлиб, янги лойиҳалар билан танишаётгани акс этган суратлар ва видеолар эълон қилди. Ҳокимлик интернетда Абдураҳмоновнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳақоратомуз постлар ёзилаётгани бўйича прокуратурага мурожаат қилган.

Бу ҳолатда прокуратура нафақат ҳақоратомуз постлар бўйича, балки видеонинг тарқалиши бўйича ҳам ҳуқуқий чоралар кўриши тўғри бўларди. Чунки айнан видео тарқалган кун – 12 апрелдан бошлаб шахс танасининг ёки жинсий аъзоларининг яланғоч ҳолдаги фото ва видеотасвирини унинг розилигисиз тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик белгиловчи қонун кучга кирди. Тўғри, видеони тарқатганларни топиб жазолаш учун ҳокимнинг аризаси керак бўлади, лекин бу ерда бошқа гап ҳам бор.

“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунга кўра, давлат хизматчиларининг нафақат хизмат пайтидаги, балки хизматдан ташқаридаги хулқ-атвори ҳам одоб-ахлоқ қоидаларига мос бўлиши керак. Одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш қонунга мувофиқ интизомий ва бошқа жавобгарликка тортиш учун асос бўлади. Яъни ҳуқуқий жиҳатдан олганда, Андижон вилояти ҳокими одоб-ахлоқ қоидаларини бузган-бузмагани бўйича суриштирув ўтказилиши керак.

Албатта, қонундаги бу норманинг ҳозирги ҳолатда ишлатилиши амримаҳол. Чунки жамоатчилик кадрлар сиёсатида ҳуқуқий меъёрлар эмас, шахснинг номенклатурага лояллиги асосий мезон эканига кўп марта гувоҳ бўлди. Сўнгги мисоллардан бири – Сурхондарё собиқ ҳокими Тўра Боболовнинг прокурорга айтган гаплари терговга аралашиш, мансаб ваколатидан четга чиқиш деб баҳоланиши мумкин бўлган шароитда бунга кўз юмилган эди. У охир-оқибат лавозимидан айрилган бўлса ҳам, бир ой ўтар-ўтмас ҳеч қаерда эълон қилинмаган ҳолда Савдо-саноат палатасининг биринчи ўринбосарига айланганди.

Бошқа давлат хизматчилари

Ҳафта давомида жамоатчилик эътиборига тушган давлат хизматчиси фақат Андижон ҳокими эмас. Тошкент вилояти маркази бўлмиш Нурафшон шаҳри ҳокими Музаффар Солиев ишдан олинган. Эътиборлиси, ўтган ҳафта рўй берган истеъфо ҳақида ҳеч қаерда расман эълон қилинмаган. Kun.uz ҳокимнинг ишдан олинганидан хабар топгач, Тошкент вилояти ҳокимлиги бу маълумотни тасдиқлади.

Биздаги маълумотга кўра, собиқ ҳоким терговга жалб этилган бўлиши мумкин. Бу – уй-жой коммунал хўжалик вазири лавозимида ишлаб келган даври билан боғлиқлиги айтиляпти. Солиев вазир лавозимида 3,5 йил ишлагач, икки йил олдин танқидлар билан ишдан олинганди.

Лавозимини йўқотган собиқ вазирлардан яна бири – Нозим Ҳусанов. У январ ойигача бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири эди. Маъмурий ўзгаришлардан кейин камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг биринчи ўринбосари бўлганди. Шу ҳафта маълум бўлишича, у ишдан олинган. Охирги пайтларда Нозим Ҳусанов бошқарган вазирликдан келаётган хабарлар бу истеъфо унинг учун яхшиликдан дарак эмаслигини кўрсатяпти.

Гап шундаки, январ ойида Бандлик вазирлигининг Миграция агентлиги устидан назорат қилувчи масъул ходими ва агентлик директори қамоққа олинганди. Манбаларга кўра, бу ҳолатлар Жанубий Кореяга ишга юборишдаги коррупцион схеманинг фош бўлиши билан боғлиқ. Бундан ташқари, бир неча кун олдин шу вазирликнинг Жиззах ва Сирдарё вилоятлари бош бошқармалари мансабдор шахслари пора билан қўлга тушди.

Пора билан ушланган яна бир давлат хизматчиси – Андижон вилояти Избоскан тумани ҳокимининг инвестиция ва савдо-саноат масалалари бўйича ўринбосари. Бу лавозимга 6 ой олдин тайинланган мансабдор, E-auksion'даги савдоларни ёпиқ шаклда ўтказган ҳолда, 8 сотих ер олиб беришни ваъда қилиб, бунинг учун 500 доллар сўраган ва бу пулни хизмат хонасида олаётган вақтида қўлга олинган. Бундан келиб чиқадики, “ер ажратиш тўлиқ электрон шаклга ўтказилиб, ҳокимликларнинг бу жараёндаги иштироки чекланди” деган гаплар ростлигига катта шубҳа бор. Яъни электрон аукционларни кўздан панада, ёпиқ шаклда ўтказиб юборса ҳам бўлаверади.

Коррупцион жиноятлар Қашқадарёда ҳам кузатилди. Бу ерда икки ҳоким ёрдамчиси ҳибсга олинди. Давлат хавфсизлик хизматининг маълум қилишича, Яккабоғ тумани ҳокимининг ёрдамчиси ўзига тегишли иккита компанияга 1,7 млрд сўмлик имтиёзли кредит ажратилишига эришиб, бу пулларни “еб юборган”. Шаҳрисабз тумани ҳокимининг ёрдамчиси эса аукционга чиқиб кетган 5 гектар ернинг 50 сотихини эгасида қолдириш эвазига 500 доллар олган.

Тошкентда эса Илмий-синов ва сифат назорати маркази атрофидаги можаро давом этяпти. Аввалроқ бу марказнинг бош бухгалтери атиги 2 ой учун нақ 468 млн сўм маош олгани маълум бўлганди. Шу ҳафта аён бўлишича, марказ бош директори Жамшид Ғаниев ҳам мўмайгина ойлик олиб келган. Унга январ ойи учун 51 млн сўм, феврал ойи учун эса 85 млн сўм иш ҳақи ҳисобланган. Бу – Ўзбекистондаги ўртача ойликдан 18 баробарга кўп. Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳолат бўйича ўрганиш ишлари кетаётганини маълум қилди.

Давлат хизматчиларига оид нохуш хабарлар лентасида, афсуски, судлар ҳам йўқ эмас. Маълум бўлишича, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг раиси Мансур Имомов ишдан олинган. Манбаларимизга кўра, унинг ишдан бўшатилиши мазкур суд айрим ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларига боғлиқ бўлиши мумкин. Олий суд эса Имомов Судьялар одоби кодекси талабларини бузганини истеъфога расмий сабаб деб кўрсатди.

Олий суд берган бошқа бир хабарга кўра, Хоразмдаги педофил-амалдорлар устидан апелляция суди Тошкентга кўчирилган. Хоразм вилояти адлия бошқармасининг собиқ бошлиғи ва Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлимининг собиқ раҳбари Тошкент шаҳар судида бошқатдан суд қилинади. Процесс қачон бошланиши маълум эмас. Айни пайтда, уларга жуда енгил жазо тайинлаган Хоразмдаги судяга бирор чора кўрилгани ҳақида ҳам ҳеч қандай маълумот йўқ.

Ўтказмалар бўйича банк сирлари – энди давлат ихтиёрида

Солиқ қўмитаси бир неча йиллардан бери орзу қилиб келаётган қонунсизлик рўй беришига саноқли кунлар қолди. 13 апрел куни қўмитада банклар ва тўлов ташкилотлари вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Гап – жисмоний шахслар ўртасидаги пул ўтказмалари ҳақида кетяпти.

1 майдан бошлаб, солиқ органлари картадан картага пул ўтказиш амалиётларини тўлиқ кузатиб бориш имконига эга бўлади. Ўзбекистонда муомаладаги банк карталари сони 25 миллиондан кўплиги инобатга олинса, қўмита жуда катта маълумотлар базасига эга бўлади. Бу эса миллионлаб одамларнинг банк сирига оид ҳуқуқлари қўпол ва тизимли равишда бузилиши бошланади дегани.

“Банк сири тўғрисида”ги ва “Тўлов тизимлари тўғрисида”ги қонунларга асосан, банклар ва тўлов ташкилотлари ўз мижозларининг операциялари ҳақидаги маълумотларни сир сақлаши керак. Фақатгина солиқ солиш масалаларига тааллуқли ҳолатлардагина айрим маълумотлар солиқ органларига берилиши мумкин. Ваҳоланки, жисмоний шахслар ўртасидаги пул ўтказмаларида ҳеч қанақа солиқ масаласи йўқ.

Солиқчиларнинг талаби нафақат қонунлар, балки кўпдан кўп мақталаётган янги конституцияга ҳам зид. Айнан май ойидан кучга кириши кутилаётган янги таҳрирдаги конституцияда “банк операцияларининг сир тутилиши кафолатланади” деб ёзилган. Бу гапдан кейин “қонунда белгиланган ҳолатлар бундан мустасно” деган жойи йўқ. Бундан ташқари, Конституция олий юридик кучга эга бўлиб, тўғридан тўғри амал қилиши ёзиб қўйиляпти. Қолаверса, “ҳар ким ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга”, деган норма ҳам бош қомусга киритилади.

Юқоридагилардан келиб чиқилса, солиқ органларининг талаби янги конституцияни у амалга кириб бўлиши биланоқ обрўсизлантиради. Референдум ўтгач, конституцияда билвосита тақиқланган амалиёт – солиқчилар одамларнинг банк сирларини йиғишни бошлайди. Янги қомуснинг шаънига айтилаётган мақтовларга соя соладиган бу амалиётни йўлга қўйишга қандай эришишди, дейишингиз мумкин. “Хитрлик йўллари билан”. Пул ўтказмаларига оид талаб январ ойида имзоланган фармонга ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмасдан қўшиб юборилган. Экспертизадан ўтказилганида эса, бу талаб юқорида биз айтиб ўтган ҳужжатларга зидлиги аён бўларди, эҳтимол.

Солиқ қўмитаси жисмоний шахслар ўртасидаги пул ўтказмалари солиққа тортилмаслигини ваъда қилаётган бўлса ҳам, янги тартиб қонунларга зидлиги бўйича, маълумотлар тўпланишидан мақсад нималиги бўйича изоҳ бермаяпти.

Санкциялар Ўзбекистондаги йирик компанияларга ҳам етиб кела бошлади

АҚШ Ўзбекистондаги энг йирик заводлардан бири бўлмиш “Оҳангаронцемент”га санкция киритди. Бу – миллиардер Алишер Усмоновга нисбатан санкцияларнинг кенгайтирилиши билан боғлиқ. “Оҳангаронцемент” Усмоновнинг компанияларига тегишли. Заводнинг акциядори бўлган Akkerman Cement CA компанияси, шунингдек, миллиардернинг асосий активлари жамланган USM ҳолдинги таркибидаги “Металлоинвест” ва “Мегафон” ҳам санкциялар остида қолди. Американинг қора рўйхатидан, шунингдек, Алишер Усмоновнинг икки синглиси ва жияни, жами 5 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам жой олди.

Чеклов киритилган компаниялар орасидан Ucell алоқа операторининг 51 фоиз улушига эгалик қилувчи хориж компанияси – Digital Invest ҳам жой олган. АҚШ ҳукумати, шунингдек, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган Alfa Beta Creative ва GFK Logistic Asia компанияларига ҳам санкция қўллади. Улар тақиқларни четлаб ўтган ҳолда Америка товарларини Россия мудофаа саноати эҳтиёжлари учун сотиб олишга уринганликда айбланяпти.

Санкция рўйхатига тушган жисмоний шахслар ва компанияларнинг АҚШдаги активлари блокланади. Шунингдек, АҚШ резидентларига улар билан ҳамкорлик қилиш тақиқланади. Асосийси эса, SWIFT тизимидаги чекловлар сабаб, бу компанияларнинг долларда амалиётлар қилиш имконияти чекланиб қолади. Бу, ўз навбатида, экспорт ва импорт операцияларини амалга оширишни қийинлаштириб юборади.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Зўравонликка қарши узоқ кутилган тарихий қонун имзоланди. Қонун ҳақида ўтган ҳафталигимизда тўлиқроқ маълумот бериб ўтган эдик. 12 апрелдан кучга кирган қонун асосида турмуш ўртоғига зўрлик қилиш, аёлларнинг ортидан эргашиб таъқиб қилиш, шилқимлик қилиш каби кўп учрайдиган ҳолатлар учун жавобгарлик киритилди. Бундан ташқари, жинсий жиноятлар учун жазо оғирлаштирилди, айрим “лазейка”лар ёпилди.

Ташаббусли бюджетда ғолиб чиқа олмаган, лекин 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган барча лойиҳалар учун қўшимча маблағ ажратиладиган бўлди. Натижада молиялаштириладиган ташаббуслар сони 1309 тага ошди. Эндиликда, президент топшириғига асосан, овоз йиғишга мажбурлаш ҳолатлари мажбурий меҳнатга жалб қилиш деб баҳоланади.

Мактаб, шифохона каби ижтимоий объектлардаги иситиш тизимларини бошқариш тадбиркорларга берилади. Президент қарорига кўра, тадбиркорлар тендер билан ёки тендерсиз танлаб олинади ва уларга, давлат-хусусий шерикчилик тамойили асосида, объектни иситиш харажатларини камида 20 фоизга, электр йўқотишларини 30 фоизга камайтириш мажбурияти юкланади. Бу йўналишдаги ишларни молиялаш учун Жаҳон банкидан 143 млн доллар қарз олиняпти.

Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг “инновацион тизимлари” шарофати билан, ҳайдовчилар машинасига сохта рақам тақиб, юзлаб марта қоидаларни бузиб юриши мумкин экан. Қўлга тушиб қолмаса бўлди, унинг қоидабузарликлари билан ҳеч кимнинг иши бўлмайди. Наманганда сохта рақамли Hundai Sonata ойлар давомида бемалол юриб, 152 марта радарга тушгани шундай дейишимизга асос бўлади. Бу ҳолатда автомобил рақами базада бўлмагани учун унга ҳеч қанақа жарима ёзилмай келган. Бу ҳолатлар кўчада хизмат ўтаётган ЙПХ ходими қоидабузарни тўхтатганидан кейингина маълум бўлган.

Ўтган ҳафта охирида 15 суткага қамалган ACTIVIST лойиҳаси муаллифи Ҳожиакбар Носиров апелляция шикоятини қайтариб олди. У нега бундай қарорга келгани маълум эмас. Блогер ўз видеоларидан бирида бир қатор брендларнинг йогурт маҳсулотлари таркибида кармин моддаси борлиги учун уларни истеъмол қилмаслик керак дейиши ортидан, “диний адоват қўзғатувчи материал” тарқатишда айбланиб, маъмурий қамоққа олинганди. Бир қатор фаолларга кўра, Ҳожиакбарга қўйилган айблов – кўпиртирилган, унга навбатчи модда тиркалган.

Top