Жаҳон | 14:59 / 11.09.2017
16115
5 дақиқада ўқилади

Михаил Саакашвили 5 йилга қамалиши мумкин

Фото: РИА "Новости"

Украинанинг Одесса вилояти собиқ губернатори Михаил Саакашвили давлат чегарасини ноқонуний равишда кесиб ўтгани учун беш йилга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Львов вилояти полицияси Грузия собиқ президенти ва унинг тарафдорлари томонидан давлат чегарасининг «ёриб ўтилиш» ҳолати бўйича жиноий иш қўзғатди. Бу ҳақда Украина Миллий полицияси хабар берди.

-  Бугун, 11 сентябрь куни Львов полицияси Украина-Польша давлат чегарасидаги «Шегини» ўтказиш пунктидаги ҳодисалар бўйича Судга қадар терговлар ягона реестрига Украина Жиноят кодексининг 332-моддаси («Украина давлат чегараси орқали шахсларни ноқонуний олиб ўтиш») бўйича жиноят амалга оширилгани ҳақида маълумотни киритди, - дейилади маҳкама сайтидаги хабарда.

Қайд этилишича, Одесса вилоятининг собиқ губернатори чегарани ноқонуний кесиб ўтгани учун беш йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 10 сентябрь куни Украина фуқаролигидан маҳрум этилган Михаил Саакашвили мамлакат ҳудудига ўз тарафдорлари ёрдамида кириб олганди.

Украина чегара хизматининг маълум қилишича, соат 20.00ларда бир гуруҳ тажовузкор кайфиятдаги шахслар миллий полиция ва чегара хизмати вакиллари билан муштлашув чиқариб, назорат пунктига бостириб кириб, Украина чегарасини бузган. Чегарани бузиб ўтганлар орасида депутатлар ҳам бўлган.

Михаил Саакашвилининг адвокати Маркиян Галабала эса душанба куни Украина давлат миграция хизматига келди ва мижози қўшимча ҳимояга эҳтиёжи бор шахс сифатида тан олинишини сўраб ариза берди.

"Бундай аризанинг берилиши қочқинлар ва қўшимча ҳимояга муҳтож бўлган шахслар мақоми тўғрисидаги қонун билан назарда тутилган", - дея маълум қилди Галабала NewsOne телеканали эфирида.

Адвокатнинг тушунтиришича, Саакашвили ҳимоясида бундай аризани беришга қатор сабаблар бўлган. Хусусан, Грузия собиқ президенти расмий Тбилиси томонидан таъқиб қилиниши мумкин.

Шу билан бирга, унинг кўрсатишича, Саакашвили Украина давлати томонидан фуқаролиги йўқ, бироқ мамлакатда доимий яшовчи шахс сифатида қўшимча ҳимояга эга.

Галабаланинг фейсбукдаги саҳифасида ёзишича, «ўта зарур бўлган ҳолларда, шунингдек, бошқа мажбурий вазиятларда давлат чегарасини кесиб ўтган шахсларнинг чегарадан ўтиши қоидаларни бузмайди».

Бироқ «Халқ фронти» фракциясидан халқ депутати, ИИВ раҳбари маслаҳатчиси Антон Герашченконинг хабар қилишича, Саакашвилини Польша билан чегарадан ноқонуний олиб ўтган депутатлар рўйхатини тузиб чиқди.

«Провокатор Саакашвили билан Украина чегарасини ноқонуний кесиб ўтган Украина халқ депутатлари рўйхати: Юлия Тимошенко, Сергей Власенко, Юрий Деревянко, Павел Костенко, Дмитрий Добродомов», - дея ёзди Герашченко фейсбукда.

Шунингдек, Украина хавфсизлик хизмати собиқ раҳбари Валентин Наливайченко ҳам чегарадан ноқонуний равишда ўтди, дея таъкидлаган у.

«Депутатлик дахлсизлиги жиноятга – Украина давлат чегараси орқали шахсларни ноқонуний олиб ўтилишига тегишли эмас», - дея ёзди Герашченко.

Жорий йилнинг 26 июль куни Украина ОАВ Михаил Саакашвили Украина фуқаролигидан маҳрум этилгани ҳақида хабар тарқатди. Бу ҳолат у мамлакат ҳудудида бўлмаганида юз берди. Украина президенти маъмурияти эса Саакашвили Украина фуқаролигидан, уни олиш чоғида ҳақиқий бўлмаган маълумотлар тақдим этгани учун маҳрум қилинганини маълум қилди.

Шундан сўнг Михаил Саакашвилининг ўзи баёнот билан чиқиб, Порошенконинг уни фуқароликдан маҳрум этиш бўйича қарори «Россияга энг яхши совға» бўлганини ҳақида айтди. «Президент Порошенконинг қарори – бу Россияга энг яхши совғадир», - деганди у.

Август ойи ўрталарида Саакашвили Польшадан Украинага 10 сентябрда қайтишини маълум қилганди. “Мен “Краковец” ўтказиш пункти орқали Польшадан Украинага 10 сентябрда қайтаман”, деб айтганди у.

Бундан икки кун аввал, 9 сентябрь куни эса Саакашвили Украинага 11 ёшли ўғли билан келаётгани маълум бўлганди.

Мавзуга оид