Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон парламентига мурожаатномасидан 15 иқтибос — тўлиқ видео
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги симпозиумлар саройида ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатасига мурожаат қилди. Қуйида президентнинг парламентга мурожаатидан 15 та энг қизиқ иқтибослар тўплаб чиқилди.
«Жуда катта марра белгилаб олганмиз»
«Жуда катта марра олганмиз. 25 йилда қилинмаган ишлар маррасини олганмиз. Бизнинг сиёсатда оёғимизга кишан бўлган битта масала бор – нореал рақамлар ортидан қувиш. Энди амалий натижадорлик, инсон манфаатлари ислоҳотларнинг бош мақсади этиб белгиланди.
Дарров бир йилда ҳамма нарсани қилиб бўлмайди. Буни билимли, илмли одамлар қилади. Олтин валюта захиралари бир йилда 1,1 млрд. долларга кўпайди. Кўпайгани давлатимиз қудратидан далолат», — деди президент.
2018 йилнинг номланиши
«Йилга ном қўйишда жуда кўп ўйладим. Чунки бу номлар фақат кўчага чиройли қилиб ёзиб қўйиш учун эмас, келгусида, албатта, қандайдир натижа бериши керак.
Мен янги — 2018 йилга юртимизда «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили», деб ном беришни таклиф этаман.
Янги фикр, ғоя, инновация бўлмаса, келажакда юта олмаймиз, ҳар бир ҳоким буни билиши керак», — деди президент.
Вилоятлар раҳбарлари нима учун бўшатилди?
«Нега мен икки вилоят ҳокимини ишдан олдим? Тошкент ва Жиззах вилоятларининг ҳокимлари — Шукрулло Бобоев ва Улуғбек Узоқов тажрибали одамлар эди. Лекин улар пахтага қўшиб ёзишни бошлашди. Пахтани бир кило бўлса ҳам, ҳисоб-китобини тоза қил, дегандим.
Мен ернинг тагида илон қимирласа биламан. Аммо энди бундай ишлаб бўлмайди. Ўзбек халқининг бошидан не-не кунлар ўтмади. Бошимизга Гдлян, Ивановлар солган кунлар керак эмас. Биз у кунлар қайтишини истамаймиз. Бизга қўшиб ёзувчилар керак эмас. Менга миллатни севадиган одам керак», — деди Ш.Мирзиёев.
Журналистика университети ташкил этилади
«Бугунги кунда юртимизда 1.500 дан зиёд оммавий ахборот воситаси фаолият кўрсатмоқда.
Ўз-ўзидан равшанки, уларнинг барчасига юқори малакали кадрлар керак. Афсуски, бундай кенг кўламли вазифани бир жойда марказлаштирган ҳолда ҳал этадиган таянч олий ўқув юрти мамлакатимизда мавжуд эмас.
Нодавлат ОАВ, интернет сайтларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат жамғармасини тузиш мақсадга мувофиқ. Шу сабабли, журналистика ва оммавий коммуникациялар университетини ташкил этамиз», — деди президент.
Йўл-патрул хизмати инспекторлари камера билан таъминланади
«Пост-патруль хизмати ходимларининг видеокамераси бўлмаса, ҳайдовчилар у билан гаплашмаслиги керак. Камера бўлмаса, у пора олиш пайида бўлади. Вилоятлар чегарасидаги постлар ҳам камайтирилади. Масалан, Хоразмдан йўлга чиққан одам Тошкентга келгунча текширувдан ўтавериб, тинкаси қурийди.
Энди ЙПХ ходими тўхтатади, камера билан гаплашади, бўйнига кичкина камера осиб қўяди, бу тамагирлик, мансабини суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олади», — деди президент.
Миллий хавфсизлик хизмати ислоҳ қилинади
«Миллий хавфсизлик хизмати 26 йил аввал ҳукумат тасдиқлаган низом асосида ишлаб келмоқда. Ҳар қандай оддий ҳаракат ҳам МХХга қарши, деб баҳолаб келинган. Ҳар қандай оддий масала ҳам миллий хавфсизликка таҳдид, деб баҳолаб келингани ушбу идора ваколатларининг асоссиз кенгайиб кетишига сабаб бўлган. МХХ фаолиятини ислоҳ қилиш вақти келди», — деди президент.
Давлат раҳбари шу муносабат билан «Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тўғрисида»ги ва «Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишни таклиф этди.
Шавкат Мирзиёевнинг энг катта армони
«Жойларда баъзи мутасаддилар тадбиркорга каламушдай ёпишиб олган. Тадбиркорларни текширавериб, ишлашига йўл қўймайди. Уларни амалда етарлича қўллаб-қувватлай олмаётганимиз — менинг энг катта армоним. Икки йил улар текширилмайди. Энди уларни текшириш билан прокуратуранинг махсус бўлими шуғулланади. Буни шахсан Президент назорат қилади», — деди Мирзиёев Олий Мажлис Сенати ва қонунчилик палатаси аъзоларига мурожаатномасида.
Ҳокимларнинг ваколати ҳақида
«Кейинги пайтда халқ депутатлари кенгашларининг ролини, халқ депутатлари ваколатлари тубдан оширилди. Сиёсий партияларнинг маҳаллий ҳокимият идораларининг шакллантириш борасида ваколатлари борасида босқичма-босқич кенгайтирилди. Депутатлик назорати эса мустаҳкамланди. Бироқ очиқ тан олиш керак, ҳокимларнинг ҳам маҳаллий кенгашларга, ҳам ижро ҳокимиятига раҳбарлик қилиши демократик принципларга мос келади, деб бўлмайди. Ҳеч қаерда бундай нарса йўқ», — деди президент.
Мирзиёев Ўзбекистон ёшлари халқаро ассоциациясини тузишни таклиф қилди
«Ёшлар ҳақида гап кетганда, мен доим бир нарсани ўйлайман. Мана, бугунги кунда қанча-қанча ёшларимиз чет элларда таълим олмоқда, меҳнат қилмоқда. Албатта, уларнинг орасида ўз йўлини топиб, бегона юртда ҳеч кимдан кам бўлмай яшаётганлари ҳам кўп. Лекин Ватан соғинчи ҳар қандай одамни ҳам қийнайди. Шунинг учун улар билан доимо алоқа ўрнатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, юртимизга қайтиш истагида бўлганларни қўллаб-қувватлаш бўйича ишларни кучайтиришимиз зарур.
Шу мақсадда Ўзбекистон ёшлари халқаро ассоциациясини тузиш ва унинг самарали фаолият юритиши учун тегишли шароит яратиб беришимиз керак», — деди президент.
Диний оқимларга берилган кишиларга қарши кураш
«Қандайдир ақидапараст, диний оқимларга берилган кимсаларнинг чиқиб келиши энди бизга ярашмайди. Биз буни билиб, билмаганга олдик. Халқ, жамият шуғулланиши керак, депутат эътибор қаратиши керак.
«Маҳалла», нозир хиёнат қилса, бизга ундай одамлар, раҳбарлар нега керак? Нега ИИВга қаттиқ қараяпман? Мана, Москвада йиғилишда қатнашишди вакилларимиз. Қачон огоҳ бўламиз — ҳар бир кўча, уйда, маҳаллада эга бўлса. Маҳалладаги имом ҳақиқий исломни тушунтира олса, адашганларни киргизишга ҳаққимиз йўқ. Худо ҳам, бандаси ҳам бизни кечирмайди», — деди президент.
Фуқаролар парламентга электрон мурожаат қилишлари мумкин бўлади
«Бир гуруҳ фуқаролар томонидан илгари сурилган ташаббусларни Олий Мажлис ёки халқ депутатлари кенгашлари кўриб чиқиши мажбурий экани қонунда белгилаб қўйилиши лозим.
Интернетда «Менинг фикрим» деган махсус веб-саҳифа ташкил этилади. Бу ақлли депутатга ёқади. Сизларга ҳам осон бўлади. Одамларимиз фикрларини, ташаббусларини электрон тарзда юборади. Фуқаролар давлат ва жамият ҳаётига дахлдор муҳим масалалар бўйича ўз фикрларини билдиришлари мумкин бўлади», — деди президент.
Бюрократия муаммолари ҳақида
«Айниқса, аҳолига хизмат кўрсатиш соҳаларида ўтириб олган амалдорлар фаолиятида отангга бор, онангга бор қабилидаги сансалорлик авжига чиққан. Бундай ҳолга энди тоқат қилиб бўлмайди. БТИ солиқчилардан ҳам порахўр бўлиб кетган. Ерни қонунсиз ким беради? БТИ ер тузувчи, энди ундай нарса йўқ, энди ҳамма масалани кунма-кун ҳал қилиб беради.
Шовотда хусусий боғча очиш учиш Тошкентга 1000 километрдан кўпроқ йўл босиб келиш керак. Бу — бюрократизм. «Хусусий боғча қиламан», деган одам охири ўзини Амударёга ташлаб юборади-ку? Шу даражага олиб келишади.
Давлат хизматлари агентлиги ҳақида
«Бу агентлик ишга тушиши билан ўша энди қишлоқ туманларидаги ҳолат ҳамма жойда — нотариал идорада навбат, паспорт бериш навбат, маҳалладан маълумотнома олиш навбат, машинага ҳам навбат — ҳамма жойда коррупцияга барҳам беради.
Энди ундай гаплар бўлмайди. Бирор киши келиб мурожаат қилса-ю, унга маълумотнома берилмадими — президент қабулхонасига келади. Тошкентдаги раҳбарни дарров ишдан олиб ташлайман. Мана, кўряпсиз янги кадрлар қўймоқдамиз, икки йилдан кейин улар зўр ишлайди. Мен уларга ишонаман».
Тадбиркорлар ҳақида
«Тадбиркорлик Ўзбекистонда нега ривожланмаяпти? Газ бор, электр бор, маҳсулот бор. Бунга ўзимиз — давлат идоралари йўл қўймаяпмиз. Ҳеч кимга керак бўлмаган тартиблар сақлаб қолинмоқда. Жойларда амалдорлар фақат ўз манфаатини ўйламоқда. Черчилл шундай деган: Баъзилар тадбиркорлар деганда соғин сигирни, фақат саноқлилар оғир аравани тортаётган меҳнаткаш отни тушунади.
Тадбиркорлик субъектларини текширишни 2 йилга тўхтатиш таклиф қилинди
Тадбиркорлар билан энди прокуратура ишлайди. Уларни эшитади, қонуний ёрдам беради, ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилади. Кимнидир назорати остида деган гаплар энди йўқ. У кўприклар куйиб кетиб бўлган. Нопок тадбиркорларга ҳам муросасиз муносабатда бўлиш лозим.
Текширишлар ўтказишга рухсат беришнинг махсус электрон ахборот тизимига ўтиш ва унинг назоратини Бош прокуратурага юклаш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, барча тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текширишни 2 йил муддатга тўхтатсак, нима дейсизлар?» —деган президент.
Тўлиқ видео (YouTube)
Мавзуга оид
20:48 / 09.10.2024
Бухоронинг янги аэропорти соатига 8 та самолётга хизмат кўрсатади
21:49 / 08.10.2024
Мирзиёев МДҲ саммитида кўптомонлама ҳамкорлик барча йўналишларда ривожланганини юқори баҳолади
19:31 / 06.10.2024
Шавкат Мирзиёев Россияга боради
16:30 / 01.10.2024